Бузилган бино эвазига ер таклиф этилди

0

ЗАФАРЖОН Шамуратовнинг бундан бир неча ой аввал Наманган шаҳридаги Ҳамроҳ кўчасига туташ ҳудудида жойлашган савдо дўкони бузилган, лекин унга етказилган зарар ва тенг қийматли ер майдони ажратиб берилмаган.

Фуқаро Наманган шаҳар адлия бўлимига мурожаат қилди. Маълум бўлишича, Наманган шаҳар ҳокимининг 2017 йил 2 август куни “Наманган шаҳар бош режасига асосан Ҳамроҳ кўчасида қайта қуриш, кенг кўламда ободонлаштириш ишларини амалга ошириш ҳақида”ги 994-сонли қарори қабул қилиниб, мазкур ҳудудларда бузиш ишлари амалга оширилган.

Бўлим томонидан мурожаат атрофлича ўрганилиб, унинг қонуний ечими изланди. Наманган шаҳар ҳокимлигига З.Шамуратовга тегишли бўлган савдо дўкони бузилиши натижасида олиб қўйилган ер майдони ўрнига шаҳар ҳудудидан 54,0 м2 ер майдони ажратиб бериш ҳамда етказилган зарар қийматини тўлаб бериш тўғрисида тақдимнома киритилди.

Киритилган тақдимнома Наманган шаҳар ҳокимлиги томонидан кўриб чиқилди. Наманган шаҳар ҳокимининг 2020 йил 18 январдаги 50-сонли қарори билан, фуқаро З.Шамуратовга тегишли бўлган бузилган бино ва иншоотлар майдонига мутаносиб бўлган ер майдони таклиф қилиш ҳамда кадастр ҳужжатларида кўрсатилган 8.219.132 сўм миқдоридаги маблағни “Янгиқўрғон қурилиш монтаж” МЧЖ томонидан тўлаб бериш белгиланди.