Бюрократияни кескин қисқартиришга оид Президент Фармони имзоланди

0

Мамлакатимизда сўнгги йилларда аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш, умуман аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига қулайлик ва енгилликлар яратиш бўйича тизимли ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда.

Ушбу ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Фармон билан танишар экансиз у том маънода аҳолини қийнаётган жуда кўплаб бюрократик тўсиқларни бартар этилганлигини, аҳоли ва тадбиркорларни идорама-идора сарсон бўлиб юришига чек қўйганлигини кўриш мумкин.

Фармонда аҳолига ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш ва ортиқча тартиб-тамомилларни қисқартириш бўйича қуйидаги енгилликлар яратилмоқда.

Хусусан, 2021 йил 1 июндан:

* 7 та турдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини (туғилиш, никоҳ тузилганлиги, никоҳдан ажралиш, ўлим, исм ва фамилияни ўзгартириш, оталикни белгилаш ҳамда фарзандликка олишни) қайд этиш;

* никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш;

* хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш экстерриториал тамойил асосида амалга оширилиши белгиланди.

Нотариал ҳаракатларни амалга оширишда фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувлари билан боғлиқ барча маълумотлар нотариал идоралар томонидан мустақил равишда, фуқаролардан ортиқча маълумот талаб қилмасдан, “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизими орқали олинади.

Тадбиркорлик субъекти бўлган юридик шахсларга давлат хизматларидан фойдаланиш учун белгиланган йиғим ва давлат божи тўловларини тўлашда уларнинг вакили томонидан нақд пул шаклида тўловни амалга оширишга рухсат берилди.

Хорижий тижорат ташкилотларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ваколатхона ходимини аккредитация қилишда унда одамнинг иммунитет танқислиги вируси касаллиги йўқлиги тўғрисидаги сертификатни талаб қилиш бекор қилинди.

Давлат хизматлари марказлари орқали хизматлардан фойдаланишда жисмоний ва юридик шахслар томонидан ортиқча тўланган тўловлар соддалаштирилган тартибда Давлат хизматлари агентлиги томонидан бир иш кунида қайтариб берилади. Бунда қайтариган маблағлар тегишли ташкилотдан фуқарони овора қилмасдан (иштирокисиз) ундириб олинади. Бу эса фуқароларни давлат идорасига ушбу масалада овора бўлиб боришига чек қўйди.

QR-код (матрик штрихли код) қўйиш орқали берилган ҳужжатлар бўйича уларнинг дубликатларини бериш тартиби бекор қилинди. Эндиликда ушбу ҳужжатларни Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали чекланмаган миқдорда ва бепул олиниши мумкинлиги белгиланди. Ҳозирда эса тадбиркорлик субъектлари ҳужжатининг дубликатини олиш учун ташкилотга ариза билан мурожаат қилиши, маълум бир тўловларни амалга ошириш ва кутиши лозим. Фармон билан ушбу бюрократик тўсиқларга ҳам чек қўйилди.

Давлат хизматларидан фойдаланишни енгиллаштирилди. Яъни 460 дан ортиқ қонун ҳужжатида белгиланган 18 турдаги маълумот ва ҳужжатларни аҳоли ҳамда тадбиркорлардан талаб қилиниши бекор қилинди. Ушбу ҳужжатлар ваколатли давлат органи томонидан “Электрон ҳукумат” платформаси орқали олиш тартиби жорий этилади. Булар:

Қуйидаги фактларни тасдиқловчи ҳужжатлар:

руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳисобида туриши ёки турмаслиги;

наркология бўйича диспансер ҳисобида туриши ёки турмаслиги;

судланганлик;

манзил-маълумот ахбороти;

фуқаронинг номида шахсий уй-жой мавжуд ёки мавжуд эмаслиги;

турар жойнинг майдони;

солиқ қарзи мавжуд ёки мавжуд эмаслиги;

солиқ тўловчи жисмоний шахсларнинг давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйилганлиги;

пенсия ва нафақа миқдори;

пенсия ва нафақа олувчилар рўйхатида мавжуд ёки мавжуд эмаслиги;

никоҳ қайд этилганлиги, никоҳда турмаслиги ёки никоҳдан ажралганлиги;

қуйидаги ҳужжатларни:

шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхаси;

шахснинг белгиланган шаклдаги фотосурати;

тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларининг маълумотномалари;

меҳнат дафтарчалари ва уларнинг нусхалари (фуқароларга пенсия тайинлаш жараёнида ушбу ҳужжатни “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплекси орқали олиш имконияти мавжуд бўлмаган ҳолларда сўраш бундан мустасно);

иш ҳақи ва иш стажини, олий ва ўрта махсус таълим муассасасида ўқиганликни тасдиқловчи архив маълумотномалари (фуқароларга пенсия тайинлаш жараёнида ушбу ҳужжатни “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплекси орқали олиш имконияти мавжуд бўлмаган ҳолларда сўраш бундан мустасно);

кадастр ҳужжатлари ва уларнинг нусхаларини талаб қилиш бекор қилинади.

Ушбу ҳужжатларни фуқаролардан талаб қилинишини бекор қилиниши натижасида йилига ўртача 1,5 млндан ортиқ фуқаронинг овора бўлишини олди олинади ва уларнинг 22 млрд сўмдан ортиқ маблағи тежалишига ҳамда ушбу маблағларни фуқароларнинг ўзида қолишига эришилади.

Бунда, давлат органлари ва ташкилотлари жисмоний шахсларга давлат хизматларини кўрсатишда, ишга қабул қилиш жараёнида ва бошқа маъмурий тартиб-таомилларни амалга оширишда ушбу ҳужжат ва маълумотларни мустақил равишда, шу жумладан “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали сўраб олади.

Ушбу ҳужжат ва маълумотларни давлат органлари ва ташкилотлари томонидан аҳолидан талаб қилиниши қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Фармондаги яна бир муҳим масала, бу фуқаро ва тадбиркорларнинг хоҳишига кўра почта алоқаси орқали етказиладиган 28 та давлат хизматлари рўйхати тасдиқланди;

2021 йил 1 майдан хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш учун ариза-анкетани ва давлат божи тўловини электрон тарзда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилиш йўлга қўйилади.

2021 йил 1 июндан бошлаб 16 ёшга тўлган шахсларга ID-карта беришда уларни солиқ тўловчи сифатида ва жамғариб бориладиган пенсия тизимида рўйхатдан ўтказиш бир вақтнинг ўзида амалга оширилади.

2021 йил 1 июлдан бошлаб солиқ органларида солиқ тўловчиларнинг ҳисобини юритиш жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамидан фойдаланган ҳолда амалга оширишга ўтилади. Бунда, солиқ тўловчининг идентификация рақамини бериш ва фуқарони жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйиш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш бекор қилинади. Бу ҳам аҳолини келгусида ушбу идораларга сарсон бўлиб боришининг олдини олади.

Давлат хизматлари агентлиги юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича ягона ваколатли орган этиб белгиланди (нодавлат нотижорат ташкилотлари, банклар ва кредит бюроларидан ташқари).

Ҳозирда рўйхатдан ўтказишнинг ҳуқуқий асосига эга бўлмаган давлат органлари ва ташкилотларини, юридик шахслар бирлашмалари, боғдорчилик-узумчилик ширкатлари, матлубот, ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги кооперативлари ҳамда адвокатлик тузилмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш давлат хизматлари марказлари томонидан амалга оширилиши белгиланди.

Жисмоний шахснинг ўлими қайд қилинган сўнг вафот этган шахс билан ҳужжатларни расмийлаштириш ва вазифаларни амалга оширишда Ички ишлар, Мудофаа, Ташқи ишлар, Соғлиқни сақлаш, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликларининг, Давлат солиқ қўмитасининг, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳамда Давлат хизматлари агентлигининг вазифалари аниқ белгилаб берилди.

Фармонда рақамлаштириш масаласида ҳам жуд катта вазифалар белгиланган. Хусусан, 2021 йил 1 июнга қадар давлат статистика органлари “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизимига ўзларининг электрон тизимларини интеграция қилган ҳолда ушбу маълумотларни реал вақт режимида олади ва статистик ҳисоботларни шакллантириб бориши белгиланган. Бунинг натижасида ФҲДЁ органлари томонидан давлат статистика органларига далолатнома ёзувларининг нусхаларини юбориш ва ҳисоботларни топшириш амалиёти бекор қилинади. Бу ҳам давлат органларининг ортиқча иш юкламаларини камайтиришга хизмат қилади.

Шунингдек, Фармонда 2021 йил давомида давлат хизматларини кўрсатиш тартибини соддалаштириш бўйича 30 та банддан иборат “йўл харитаси” тасдиқланган.

Рақамларга тўхталадиган бўлсак, Фармон қабул қилиниши натижасида йилига ўртача 8-9 млндан ортиқ фуқаронинг овора бўлишининг, ушбу хизматлардан фойдаланишда ва тегишли ҳужжатларини расмийлаштиришда ортиқча маблағларининг тежалишига эришилади.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур Фармон мамлакатимизда давлат хизматлари кўрсатишни соддалаштиришга ва модернизация қилишга, аҳолининг ҳаёт сифати, инвестиция иқлими, ишчанлик муҳитини яхшилашга, бизнесни ривожлантиришга хизмат қилувчи ҳамда бюрократияни кескин қисқартирувчи ҳужжат бўлди.

 

Б.АЗИЗОВ,
Адлия вазирлиги масъул ходими

Аввалги мақолаОммавий қабулларда қандай муаммоларга ечим топиляпти?
Кейинги мақолаДавлат органлари энди сўрамайдиган 18 та ҳужжат: паспорт нусхаси, 3х4 сурат ва бошқалар