Чегара постида пул ундириб келган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди

0

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, ДХХ ва Давлат божхона қўмитаси ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди.

Тадбирда Хитойдан Қозоғистон орқали мамлакатимизга импорт товарларини ташиш билан шуғулланувчи автофура ҳайдовчиларининг Тошкент вилоятида жойлашган «Яллама» чегара-божхона пости орқали ўтишлари жараёнида божхона расмийлаштирувини тезлаштиришни баҳона қилиб, улардан товламачилик йўли билан пул ундириб келган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.

Дастлабки суриштирув ҳаракатлари давомида, мазкур жиноий гуруҳ сохта ҳужжатлар ёрдамида товар-моддий бойликлар импорти билан ҳам шуғулланганлиги аниқланди.

Натижада, улардан 410 минг АҚШ доллари, турли кўринишдаги 21 дона сохта муҳр ва штамплар, компьютер техникалари ҳамда божхонага оид шубҳали ҳужжатлар ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.

Жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган, уларнинг икки нафар етакчисига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.