Чинозда Давлат хизматлари марказининг янги биноси очилди

0

Бугун Давлат хизматлари соҳасида халқимизнинг ҳаётий талаб ва эҳтиёжларини таъминлаш, одамларимизни рози қилиш йўлида эзгу ва ҳаётбахш ғоялар амалга оширилмоқда. Давлат хизматлари марказларининг барча шароитларга эга, зарур техник жиҳоз ва воситалар билан таъминланган замонавий  бинолари олис ва чекка ҳудудларда ҳам  қад ростламоқда.

Тошкент вилоятида Давлат хизматлари марказларининг янги биноси яна биттага кўпайди. Навбатдаги манзил Чиноз тумани бўлди. Ўзига хос ландшафт архитектураси ва дизайнига эга бўлган марказнинг янги биноси туманнинг бугунги қиёфасига жуда ярашиб турибди.

Чиноз туман давлат хизматлари маркази янги биносининг очилишига бағишланган тадбирда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги директори Улуғбек Муҳаммадиев, туман ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари масъуллари, меҳнат фахрийлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Мазкур бинода яратилган шароитлар бу ерга келувчиларга сифатли хизмат кўрсатиш имконини яратади. Она ва бола хонаси, тиббиёт хонаси, буфет, мўъжазгина кутубхона, кутиш ва ўз-ўзига хизмат кўрсатиш жойлари аҳоли учун қўшимча қулайликдир.

Айни кунда туманда 135 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Маълумотларга кўра, 2020 йилда марказ томонида 29 мингга яқин давлат хизматлари  кўрсатилди. Якка тартибдаги тадбиркор сифатида 438 та, юридик шахс сифатида 269 та янги тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилди.

— Янги марказ биносининг қурилишида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди, — деди Чиноз туман Давлат хизматлари маркази директори Муроджон Иброҳимов. — Бу, ахборот тизимларини идоралараро интеграция қилинишини яхшилаб, аҳолига давлат хизматларини қулай ва ўз вақтида олиш  имконини беради. Ташриф буюрувчиларнинг навбатини тартибга солиш ва хизмат кўрсатишни баҳолаб бориш мақсадида Швециянинг “QMATIC” компаниясидан харид қилинган электрон навбат ҳамда баҳолаш тизими ўрнатилди.

Кенг ва ёруғ, шинам хоналарда аҳолига бир вақтнинг ўзида 150 га яқин тезкор, қулай, шаффоф давлат хизматлари кўрсатилади. 20 та қабул ойнаси орқали кунига 300-400 фуқарога хизмат кўрсатиш имконияти яратилган. Электрон навбат тизими эса 6 та мониторда акс этиб туради. Эски ҳайдовчилик гувоҳномасини янги намунадагисига алмаштириш хизмати  ҳам йўлга қўйилади. Бу қулайликлар марказ ходимларини жисмоний ва юридик шахсларга янада тез ва сифатли хизмат кўрсатишига имкон яратади.

— Давлат хизматларига бўлган талаб ва эҳтиёж кундан-кунга ошиб бораётгани сабабли хизмат кўрсатадиган аввалги бино тор, келувчилар учун етарли шароит яратилмаган эди, — дейди “Ҳамза” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абдураҳим Қодиров. — Айниқса, қишнинг аёзли, ёзнинг жазирама кунларида кўп қийинчиликларга дуч келинарди. Ҳозирда эса хизмат кўрсатиш залида ҳар қандай фаслда хона ҳарорати мўътадил сақлаб турилади. Олдингидек қийинчилик, сарсонгарчиликлар йўқ. Бир нечта ишимизни шу жойни ўзида бажариб кетамиз. Тўловларни қабул қилиш учун касса ташкил этилган. Марказда имконияти чекланган шахслар учун ҳам зарур шароитлар яратилган. Бундай қулайликлар ишимизни янада енгиллаштиради.

Марказ биносида Бош вазир қабулхонаси, нотариус ва адлия бўлимлари ҳам жойлашган.

ДХА Тошкент вилоят бошқармаси
Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими