Чустда Давлат хизматлари маркази очилди

0

Пандемия кўплаб фуқароларни уйда ўтиришга мажбурлаб қўйди. Бу иллат туфайли айрим ташкилотларнинг иш фаолияти вақтинча тўхтатилди. Шунга қарамай, Давлат хизматлари агентлиги ўзининг фаолиятини давом эттирмоқда.

Карантин сабаб, аҳоли томонидан қилинаётган мурожаатлар онлайн тарзда ҳал этилмоқда. Аксарият фуқаролар эса, марказга келган ҳолда хизматлардан фойдаланмоқдалар.

Шундай вазиятда марказга келган ҳар бир фуқарони очиқ юз билан кутиб олиб, уларга тез ва сифатли давлат хизматини кўрсатиш зарур. Бунда эса, ёруғ ва шинам, замонавий марказ биноси бўлиши лозим.

Чуст туман давлат хизматлари маркази аслида Наврўз байрами арафасида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган эди. Бироқ дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётган коронавирус инфекцяси сабаб очилиш тадбири кечиктирилганди.

Эски бинонинг ҳолати фуқароларга ноқулайликлар туғдираётгани сабаб карантин даврида тез ва сифатли хизмат олишларига кўмаклашиш мақсадида янги бинога кўчиб ўтилди ва аҳолига санитария гигиена талабларига қатъий риоя қилган ҳолда хизмат кўрсатиб келинмоқда.

Чуст туманининг қоқ марказида жойлашган марказда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун барча қулайликлар мавжуд. Мазкур бинода Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси, Бош вазир қабулхонаси, инвесторларга хизмат кўрсатиш учун махсус жой ҳозирланган.

Шунингдек, фуқароларга бепул ҳуқуқий маслаҳат бериш бурчаги, кутиш зали, болалар майдончаси, кафе, кутубхона, тиббиёт хонаси,
E-аукцион хонаси ҳамда ФҲДЁ бўлими инспектори учун хона мавжуд.

 

Аввалги мақолаҚарздорликни ёпиш учун ходимлар ойлигидан асоссиз ушлаб қолинган…
Кейинги мақолаGoogle Ўзбекистонга солиқ тўлашни бошлади