“Straits Times” газетасидаги манбага таянган ҳолда РИА Новостининг ёзишича, сингапурлик олимлар COVID-19ни юқтириш белгиларини қайд этишга қодир бўлган махсус тизимни ишлаб чиқдилар. Қурилма бемор тана ҳарорати, қон босими ва юрак уриш тезлиги тўғрисидаги маълумотларни тўплайди. Йиғилган кўрсаткичларга асосланган ҳолда қоронавирус юқтирган ёки юқтирилмаганлиги аниқланади.

— Биз COVID-19 билан касалланган беморлар ажратиб қўйиладиган алоҳида хоналарда бўлганларида, тиббий ходимлар беморларни тана ҳарорати ва ҳар 30 дақиқада қонда кислород билан тўйинганлик кўрсаткичларини олиш учун у ерга киришлари кераклигини кўрдик. Шунинг учун ҳам биз ўзимизга коронавирусга қарши курашда биринчи ўринда ишчиларга ёрдам бериш ва улар дуч келадиган хавфларни камайтириш мумкинми?, деб савол қўйдик, — дейди Инженерлик ишларида  материалларни тадқиқ қилиш институти ижрочи директори ва профессори Ло Сянь Цзюнь.

Қурилманинг сенсорлари полимер билан қопланган, бу материал эгилувчан ва сув ўтказмайдиган бўлиб, асосан болалар ўйинчоқларини тайёрлаш учун ишлатилади. Бундан ташқари, Bluetooth сигнал узатгич ўрнатилган бўлиб, унинг ёрдамида маълумотларни аниқ вақт тартибида смартфон иловасига юбориш мумкин бўлади. Бу янгиликни кўп марта ишлатиладиган ёки бир марта ишлатиладиган ниқобнинг ёноқлар тегиб турган жойига тикиб қўйиш мумкин. Чип ўрнатилган ниқобни ювиб, ундан такроран фойдаланиш мумкин бўлади. Бундай “ақлли ниқоб”лардан касалхоналардаги COVID-19 билан касалланган беморларни масофадан кузатиб бориш учун ҳам фойдаланиш мумкин. Мазкур ниқобларни клиник синовдан ўтказиш сентябрь ойининг охирида режалаштирилган. Лаборатория шароитида битта тизимни ишлаб чиқариш тахминан 50 сингапур доллари (тахминан 36.5 АҚШ доллари) сарфланади, бироқ ишлаб чиқариш оммавий тус олса унда битта ниқобнинг нархи 14,6 долларни ташкил қилади.

 

 

Изоҳ қолдиринг:

Илтимос, изоҳингизни ёзинг
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг