Cудланувчи оқланиб, қамоқдан озод қилинди

0

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2020 йил 29 декабрь кунги Олий Мажлисга мурожаатномасида мамлакатимизда кечаётган кенг кўламли суд-ҳуқуқ ислоҳотлари хусусида тўхталиб, “Судлар мустақиллиги таъминланиши натижасида жорий йилнинг ўзида 719 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди” дея алоҳида таъкидлади.

Ана шу оқланган юртдошларимиз орасида Қўқон шаҳрида яшовчи Азизжон Ибрагимов ҳам бор.

Гап шундаки, 2020 йил 12 август куни Қўқон шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси жиноят қидирув бўлими ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилади. Мазкур тадбир мобайнида, яъни шу куни соат 2230ларда Азизжон Ибрагимов 5 та конвалютадаги 70 дона – кўп миқдордаги “Лирика 300 мг” кучли таъсир қилувчи моддасини махсус харидорга қонунга хилоф равишда 2.200.000 сўмга сотган вақтида ушланган. Шундан кейин унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 2511-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилади. Сўнгра айни иш жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди томонидан кўриб чиқилади. Оқибатда суднинг 2020 йил 16 ноябрдаги ҳукмига мувофиқ, Азизжон Ибрагимов кодекснинг юқоридаги моддаси билан айбдор деб топилиб, кодекснинг 57-моддаси қўлланган ҳолда 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинади.

Аммо А.Ибрагимов жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судига ёзган апелляция шикоятида ўз ҳаракатларида жиноят таркиби йўқлиги боис оқлов ҳукми чиқаришни сўраган.

Апелляция суди мажлисида аён бўлдики, биринчи инстанция суди Азизжонни кодекснинг 2511-моддаси 3-қисми билан айбдор деб топиб, хатоликка йўл қўйган. Чунки, Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 21 июлда қабул қилиниб, 2020 йил 22 октябрь куни кучга кирган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунига асосан Жиноят кодексининг 2511-моддасида дори препаратлари, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни ўтказиш мақсадида қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёҳуд жўнатиш, шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда ўтказганлик учун, кодекснинг 1863-моддасида сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, шунингдек дори воситаларини дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этганлик учун жиноий жавобгарлик, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1651-моддаси 1-қисмида сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, шунингдек дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни Сақлаш Вазирлиги ҳузуридаги фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ҳамда стандартлаштириш давлат Маркази”нинг расмий веб сайтида эълон қилинган дори воситаларининг давлат реестрига “Лирика 300 мг” дори воситаси киритилган. Бироқ А.Ибрагимов муқаддам сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, шунингдек дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилмаган. Бундай ҳолатда шахсни Жиноят кодексининг 2511-моддаси 3-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топиб, жавобгарликка тортиб бўлмайди. Ана шу асосларга таянган жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди ўзининг 2020 йил 24 декабрдаги ажрими билан жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судининг 2020 йил 16 ноябрдаги ҳукмини бекор қилиб, Азизжон Ибрагимовни айбсиз деб топди ҳамда оқлади. Шу муносабат билан у дарҳол суд залидан озод қилинди. Лекин Азизжоннинг ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1651-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжудлиги сабабли, жавобгарликка тортиш масаласини ҳал қилиш учун иш материаллари ва ашёвий далиллар Қўқон шаҳар прокуратурасига юборилди.

Бундан ташқари, суд ажримида А.Ибрагимовга реаблитация қилиниши муносабати билан ўзига етказилган мулкий, маънавий ва бошқа зиён оқибатларини ЖПКнинг 304-313-моддаларида назарда тутилган тартибда бартараф қилиш ҳуқуқи ҳам тушунтирилди. Энди Азизжон кириб келаётган Янги 2021 йилни қўшалоқ байрам сифатида нишонлайди.

Кези келганда шуни  эътироф этиш лозимки, мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси ва раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли суд-ҳуқуқ ислоҳотлари инсонпарварлик тамойилларига асосланган демократик ҳуқуқий давлат барпо этишга хизмат қилмоқда. А.Ибрагимов сингари ҳуқуқи поймол этилган юртдошларимизнинг оқланаётгани эса бунинг яққол далилидир.

 

Фарҳоджон ҒАНИЕВ,
жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди раисининг ўринбосари

Хуршид СУЛТОНОВ,
журналист