ТаҳлилДарсликларни янгилайвермай мактабларда тил дарси сифатини ошириш керак — Ёрқинжон Одилов

Дарсликларни янгилайвермай мактабларда тил дарси сифатини ошириш керак — Ёрқинжон Одилов

Инсоннинг ақлий такомилида фаннинг, руҳий камолотида маънавиятнинг иштироки муҳим. Ақлий такомилга эришган инсон ўзининг моддий оламини бекаму кўст қилиши бор гап, бироқ кам-кўстсиз бу олам маънавиятсиз бутун бўлмас. Маънавият қушнинг икки қанотига менгзалгани бош сабаби ҳам шудир. Одамийликнинг чин омили саналган маънавият одам боласини шахс сифатида шакллантиради, биологик мавжудотдан инсонлик рутбасига кўтаради. Бу рутбанинг йўргаги ахлоқий ва руҳий тарбия бўлса, бешиги тил ва адабиётдир. Бугунги глобаллашган дунёда миллат тилига миллий ўзликни асрашнинг бош шарти деб қаралаётгани ҳам шундан.

Биз билган, ўқиган адабиётларда маънавият катта тушунча экани, инсоннинг бутун ахлоқий-руҳий оламини ўзида жам этиши айтиб келинади. Бу тўғри, аммо уни аниқ тасаввур қилиш ва тушуниш учун бундай талқин ярамайди, аслида маънавиятни инсон ахлоқий-руҳий оламининг айнан ўзи, деб тушуниш мақсадга мувофиқ. Яъни маънавият киши ахлоқий-руҳий фаолиятининг маҳсули эмас, инсоннинг айни шундай фаолияти –тутумидир. Она тили эса одам боласининг бундай оламларини яратувчи, уни такомилга элтувчи имкондир.

Сўнгги йилларда олимлар, журналистлар, кенг жамоатчилик кўп тилга олган мавзулардан бири – давлат тили ва унинг амалиётга татбиқи муаммоси. Бу борада телевидение, радио ҳамда матбуотда кўп ва хўб чиқишлар қилинди ва ҳозир ҳам давом этмоқда, бироқ фойдали иш коэффициенти биз кутгандек бўлгани йўқ. Хўш, қандай таклифлар илгари сурилган, нималар тавсия қилинган? Энг аввало, давлат тилининг амалиётга татбиқи бўйича ишларни жонлантириш керак. Тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни лозим даражада ўзгартириш, давлат тили татбиқида тил мутасаддилари жидду жаҳд қилиши, иродали бўлиши зарур. ОАВда тарғибот тадбирларини кучайтириш билан бирга, муаммоларни очиқ айтиш керак. Мазкур таклифу тавсияларни биз ҳам қадрлаймиз, чунки улар ўз она тилини муқаддас билган ёниқ қалбдан чиққани аниқ. Шунинг учун бу тарз тавсияларнинг амалиётга татбиқи ўзбек тили ривожида ва давлат тилининг тўлақонли амал қилишида муҳим ҳисса бўлиб қўшилади.

Фақат “фақат” деган иштибоҳ бор. Хўш, зикр этилган чораларни кўриш, зикр этилгандек иш тутиш билан давлат тилининг таг замини том маънода мустаҳкамланадими? Вақт ўтиши билан “эски ҳаммом, эски тос” муаммоларга дуч келмаймизми? Негаки, тобора чуқурроқ глобаллашаётган дунёда “бақувват”, “ҳар нега қодир” деб билинадиган тилларда ҳам биздагидек муаммолар пайдо бўлмоқда. Бизнингча, давлат тилининг амалиётга татбиқи муаммосини бу тарзда ечиш билан бугуннинг муаммоси ҳал қилинади. Ҳечдан кўра бу ҳам яхши, бу ҳам керак, чунки болаларимизга соғлом тил қолдиришимиз лозим. Шу билан бирга, болаларимиз ҳам аждодлар тилини омон сақлаши жоиз-ку?! Тилимизнинг эллик-юз йиллар нарисини ҳам унутишга ҳаққимиз йўқ.

Аслини олганда, ўзбек тилининг давлат тили сифатида амалиётга татбиқи, кундалик ҳаётимиздаги ўрни борасидаги муаммонинг асосий сабабини тилимизнинг ўзидан излашимиз – нодуруст юмуш. Аксинча, муаммонинг туб илдизини шу тилни қўллайдиган эгасидан, ўзбек тилини ишлатаётган одамнинг лисоний тарбияси қандай кечаётганидан қидирганимиз – маъқул иш. Негаки, ҳар қандай тил ўз эгаси билан бирга яшайди, соҳиби ундан ўзи хоҳлагандек фойдаланади, унга ўзи хоҳлагандек муносабатда бўлади. Тилни бу тарз қўллаш, тилга бу тарз муносабатнинг биз ўйлагандек, биз кутгандек бўлиши тил соҳибининг маънавиятига, лисоний тутумига боғлиқ. Она тилини ич-ичидан севиш, уни ҳар хил қутқулардан қўриш, қонунан ҳимояланган расмий тилгина эмас, давлат рамзи, давлатчилик шарти сифатида қабул қила олиш учун эса кишига тил маънавияти деган малака зарур. Афсуски, узоқ вақтлардан бери ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини оширишда тил маънавияти ва тил эгаси тушунчаларига бақамти қараганимиз, ўзбек тили соҳибларида шундай зеҳниятни шакллантиришга диққат қилолганимиз йўқки, бу худди ерга ишлов бермай мўл ҳосил кутишдай гап.

Тил маънавияти тил эгасини лисоний тарбиялашдан бошланади ва бунда қуйидагилар муҳим.

Маънавиятнинг бош устуни бўлган тарбия оиладан бошланади, тил маънавияти ҳам оилада куртак отиб, гулга киради, мева беради, таълим-тарбиянинг кейинги бўғинлари уни такомилга тортади. Шу жиҳатдан, аввало, оилада тилга муносабатни тўғри йўлга қўйиб олиш керак. Ота-онанинг ўзи фарзандига тўғри тил тарбияси борасида ибрат бўлиши зарур, чунки “қуш уясида кўрганини қилади”. Оилада тил тарбияси нотўғри йўлга қўйилишининг типик намунаси бу – лисоний муҳитнинг ғайриўзбекчалиги. Оила бошларининг ғарбча тутуми, ота-онанинг қурама нутқи, муомалада ёт тилни афзал кўриши фарзандни ҳам шундай тутумни маҳкам тутишга, шундай лаҳжада чулдирашга ўргатади. Бундай муҳитда ўсган бола оламни ўта миллий андозада эмас, ўта ғарбча қолипда кўради. Энг ачинарлиси, фарзанд ўз тутумларининг ғайримиллийлигини мутлақо идрок этмай қўяди, олам ва одамга миллий нигоҳ йўқолади. Бундан таълим масканининг машаққати ортади, холос. Агар ота-она фарзандига ўзбекча тутум, ўзбекча муомала намунасини кўрсата билса, болада бундай кўникмалар шаклланади.

Донишманд шоир Фурқат ўз шеърларидан бирида бежиз “Менинг мактаб аро булдур муродим, Хатимдек чиқса имлою саводим”, демаган эди. Мактаб таълими, хусусан, она тили дарслари тил маънавиятини камол топтириши “ҳаққаст рост”. Она тили дарслари боланинг оилада шаклланган тил сезгиларини, миллий тутумларини тарбиялайди, ўз тилига ақл кўзи билан қарашни ўргатади. Бунга мактабларда тил дарси сифатини ошириш билангина эришилади. Афсуски, бугун мактаб таълимида она тили дарси сифати ва самарадорлиги таълим стандартларида белгиланганидек эмас (албатта, биз сидирғасига шундай демоқчимасмиз!). Мавриди келди деб дарсликларни янгилайверишдан тийилиб, синфхонада дарсларнинг сифатини ошириш пайида бўлиш керак. Қолаверса, таълим муассасаларида она тили ўқитувчиларининг ўзаро дарс таҳлилларига киришини жонлантириш лозим. Бир ўқитувчининг бошқа ҳамкасби дарсини кузатиши, ютуқ ва камчиликларини таҳлил қилиши муаллимнинг дарсга пухта тайёрланишига, сидқидилдан дарс ўтишига табиий мажбурият уйғотади. Агар биз тилимизни йигирма йилдан кейин қандай кўришни истасак, бугундан ўша мўлжалга мос она тили таълимини йўлга қўйишимиз жоиз. Борди-ю шундай қилинмаса, давлат томонидан кўрилган чоралар ора йўлда қолиб кетаверади. Ахир кейинги уч-тўрт йилнинг бадалида ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақомини мустаҳкамлаш, уни ривожлантириш, тил сиёсатини такомиллаштириш борасида ўндан ортиқ қонунчилик ҳужжати қабул қилингани тил муаммосининг янада долзарблашаётганини кўрсатади.

Тил маънавиятини шакллантиришда китобнинг, адабиётнинг таъсири фавқулодда муҳим. Президентимиз давлат раҳбари сифатида иш бошлагандаёқ болаларни китобга ошно қилиш, халқимизга хос китобхонлик маданиятини тиклаш йўлида ташаббус кўрсатиши тил маънавиятини камол топтиришдек юмушда ҳам қўл келади. Давлатимиз раҳбарининг: “Мен шунга аминман – китобсиз тараққиётга, юксак маънавиятга эришиб бўлмайди. Китоб ўқимаган одамнинг ҳам, миллатнинг ҳам келажаги  йўқ”  тарзида  жаранглаган панди – тил маънавиятини адабиёт орқали шакллантиришда зўр дастак. Негаки, адабиёт кишининг руҳий оламини бойитади, одамни оламга миллий нигоҳ билан қарашга ўргатади, сўз бойлигини оширади. Она тили сезгиси, тил тарбияси, лисоний малакаю кўникмаларни миллий адабиёт тарбиялайди.

Инсон айнан миллий адабиёт орқали борлиқни ўзбекча кўришни, ўзбекча тушунишни ўрганади. Турли ҳаётий-ноҳаётий тушунчаларнинг ўзбек тилида қандай ифодаланиши билан танишади. Хуллас, миллий адабиётнинг тил маънавиятини шакллантириши – бир томон, кишини ватанпарвар қилиб тарбиялаши – яна бир томон. Буюклар айтганидек, биз болаларга китоб ўқишни ўргатиб қўйсак бўлди, қолган ҳаммасини, ҳатто тил маънавиятини ҳам китобнинг ўзи ўргатади.

Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеи олий таълим даврида теран англанади. Шу маънода, Ўзбек тилини 2020–2030 йилларда ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепциясида 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб олий ўқув юртларининг таълим бошқа тилда олиб бориладиган гуруҳларида давлат тили  сабоқлари  бериб  келинмоқда. Мазкур концепцияда 2025 йилга қадар давлат мактабгача таълим тизимида ўзбек тилли гуруҳлар қамровини 72 фоизга, 2030 йилгача эса 80 фоизга, 2030 йилга қадар умумтаълим мактабларида ўзбек тили фанини ҳафтасига 84 соатдан 110 соатгача етказиш лозимлиги таъкидланган. Бу яхши, аммо ушбу дарслар сифати талаб даражасидами? Ана шу нарса – муаммо. Ҳатто 2021-2022 ўқув йилидан айрим олий ўқув юртларида давлат тили таълими билан боғлиқ дарс соатларини қисқартириш бошлангани тил маънавиятини шакллантириш ишларини секинлаштириши аниқ. Шу боис, таълимнинг бу бўғинида ҳам она тили ва давлат тили бўйича дарсларни бўшаштирмаслик, лингвистик билимларни лисоний маданиятга, лисоний маънавиятга айлантиришимиз керак.

Бугун дунёнинг аксар давлатларида тил билан боғлиқ муаммолар долзарблашган. Катта давлатларнинг катта тиллари ҳаёт суръатларининг ғоят тезлашуви билан бошқа халқлар тилларига баъзан объектив, баъзан субъектив омиллар ўлароқ таъсирини ўтказмоқда. Асосан, миллий тиллар луғати таркибида чет сўзлар кўпайиб кетиши фонида кузатиладиган бундай таъсирлар бора-бора миллий тилларнинг ички имкониятларидан фойдаланиш механизмларини ишдан чиқариши мумкин. Янги пайдо бўлган тушунча учун тайёр лексемани ўзлаштириш зинҳор тенденцияга айланмаслиги лозим. Бугун олий таълим талабалари нутқини қўя турайлик, ҳатто марказий нашрларимизда ҳам “ҳеш-тег”, “креатив”, “челленж”, “пост”, “фейк”, “платформа”, “тьютор”, “вакцинация”, “компетенция”, “тренинг”, “мессенжер”, “контент” каби олинмалар сони ортмоқда. Табиийки, тилнинг ўзи бундай ташқи таъсирларга қарши туролмайди, чунки ҳеч бир тилнинг фитратида шундай хусусият йўқ. Тилни чет сўзлар босқинидан миллий лисоний иммунитетли эгаси қўрийди. Комилликнинг бош шартларидан бўлган тил маънавияти инсонни ана шундай иммунитетга соҳиб қилади.

Хуллас, тил маънавияти давлат тили бўйича мавжуд муаммоларни бартараф қилишда ҳам, ўзбек тилининг чорак ёки ярим асрдан кейинги тақдирини тайин этишда ҳам асосий дастакдир. Бундай маънавиятни шакллантиришга тил илми ҳам, тил таълими ҳам бирдай масъул. Фан эса тил амалиётига елка тутиши лозим.

Ёрқинжон ОДИЛОВ,
ЎзФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти бўлим мудири,
филология фанлари доктори, профессор

“Янги Ўзбекистон” газетаси, 2022 йил 21 август, 170-сон.
“Тил маънавияти
ёхуд миллий лисоний иммунитет ҳосил қилишимиз зарур!” мақоласи

Манба Oyina.uz сайти.

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img