Давлат бошқарувини номарказлаштириш хорижий тажриба таҳлили ва тавсиялар

0

Маълумки, мамлакат тараққиётининг замонавий босқичида ўтказилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг натижадорлигига эришишда давлат бошқарувининг мутлақо янги, самарали ва сифатли тизимини яратиш, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг уйғун фаолиятини ташкил этиш муҳим ҳисобланади.

Давлат бошқаруви органларининг замонавий талабларга жавоб бермайдиган институционал асослари ва улар фаолиятининг принциплари ўтказилаётган ислоҳотларни тўлиқ рўёбга чиқаришга ҳамда қўйилган мақсадларга эришишга тўсқинлик қилади.

Хусусан, давлат функциялари ва ваколатларининг ҳаддан ташқари марказлаштирилганлиги ҳудудларни ривожлантириш дастурларини шакл-лантириш ва аҳолининг энг муҳим муаммоларини ҳал қилишда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ролининг пасайишига олиб келши мумкин.

Бу борада Президентимиз томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони 2017-2021 йилларда мамлакатни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишда муҳим қадам ҳисобланади ҳамда моҳиятига кўра Ўзбекистоннинг давлат ва жамият қурилишида янги саҳифани очиб берди.

Концепцияда давлат бошқаруви тизимини тубдан ислоҳ қилишнинг
6 та асосий йўналиши белгилаб берилган бўлиб, тўртинчи йўналиш, айнан вертикал бошқарув тизими ва ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамкорлигининг механизмларини такомиллаштиришга бағишланган.

Шуни қайд этиш лозимки, номарказлаштириш жараёнлари ҳар қандай мамлакакатда давлат бошқаруви тизимини модернизациялашга қаратилган ислоҳотларнинг ажралмас қисми эканлигини ва замонавий давлат бошқаруви институтларини ва механизмаларини жорий этиш ҳамда улар фаолиятининг самарадорлигини ошириш зарурий шартлардан бири эканлигини кузатиш мумкин.

Бу борадаги хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилган тадқиқотларда[1] келтирилган маълумотларга мурожаат қиладиган бўлсак, ҳар бир давлатнинг бошқарув органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг муносабатларини шакллантиришда ўзига хос жиҳатлар мавжудлиги намоён бўлади.

Замонавий ҳокимият тақсимотининг биринчи муҳим характеристикаси бу ижро этувчи ҳокимият ва қонун чиқарувчи ҳокимият ўртасидаги яқин ўзаро алоқаларни ташкил этишдир. Франциялик олим Ж.Л.Шабо вакиллик ва ижроия ҳокимиятининг фаолияти уларнинг бўлиниш принципига асосланган давлатларни (AҚШ), ҳамкорликка асосланган давлатларни (Буюк Британия) ёки аралаш усулга асосланган (авторитар режимлар) давлатларга бўлинишини ажратиб кўрсатган.

Умумий жабҳада, хорижий мамлакатларда маҳаллий вакиллик органларининг ижро этувчи ҳокимият органлари фаолияти устидан назорат олиб бориш, ижро ҳокимияти органи раҳбарига нисбатан ишончсизлик вотумини билдириш, маҳаллий бюджетнинг ижро этилишини назорат қилиш, қонунлар ижро этилишини текшириш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш, депутатлик сўрови юбориш каби назорат шакллари орқали ҳуқуқий тартибга солиш ҳамда амалга ошириш механизми ўрнатилган.

Мисол учун, Люксембург ва Белгия қиролликларида маҳаллий вакиллик органлари маҳаллий даражадаги барча масалалар юзасидан назорат олиб бориш билан бирга, маҳаллий сиёсатни белгилайдилар. Бундай ваколатлар сирасига маҳаллий бошқарув ижро аппарати раҳбарларини тайинлаш, полиция фаолиятини мувофиқлаштириш, сув таъминоти, ёнғин хавфсизлиги каби хизмат кўрсатиш органларининг ҳисоботларини тинглаш киради. Ушбу амалиётни Европа Иттифоқининг бошқа давлатларида, хусусан, Польшада ҳам учратиш мумкин.

Италияда провинциялар ва жамоалар кенгашлари провинция ёки жамоа уставини қабул қилади, унинг ривожланишини режалаштиради, жамоат ишлари бюджетини ёки дастурларини назорат қилади, бошқа провинциялар ёки жамоалар кенгашлари билан битимлар тузади.

АҚШда вакиллик муассасалари айрим мансабдор шахсларнинг тайинланишига рухсат беради (губернаторнинг таклифига кўра) ёки уларни мустақил равишда тайинлайди, маъмурият вакиллари ва судларга импичмент билдириш ҳуқуқига эга.

АҚШ, Англия, Франция, Германия, Нидерландия, Италия, Кипр, Португалия каби давлатларда вакиллик органлари маҳаллий бюджетни тасдиқлаши ва унинг ижроси юзасидан ҳисоботларни тинглаш амалиёти кенг йўлга қўйилган.

Европанинг кўпчилик мамлакатларида бюджетнинг ижро этилиши
ва давлат маблағлари сарфланиши устидан олиб бориладиган парламент назорати самарадорлигини ошириш учун минтақавий даражада ихтисослашган коллегиал орган ташкил этилиши кўзда тутилмоқда. Бундай органлар Австрия, Бельгия, Болгария, Венгрия, Греция, Испания, Италия, Португалия, Руминия, Франция, Россия, ГФРда таъсис этилмоқда.

Бундан ташқари, маҳаллий вакиллик органлари томонидан ўзига хос бошқа назорат шаклларининг ҳам амалга оширилиши кузатилади. Масалан, Россия Федерациясида маҳаллий вакиллик органлари ёки депутатлар “депутат текширувини ўтказиш” ваколатига эга.

Хорижий мамлакатларда инсон ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашда маҳаллий вакиллик органлари алоҳида ўринга эга. Хусусан, Европа Иттифоқи мамлакатлари амалиётида минтақавий вакиллик органлари томонидан Инсон ҳуқуқлари бўйича минтақавий вакиллар институтини таъсис этиш йўли билан инсон ҳуқуқлари таъминланиши устидан назорат амалга оширилади. Бу амалиёт, одатда, федератив давлатларда қўлланилади. Бироқ охирги пайтларда номарказлаштириш сиёсати доирасида унитар тузилишга эга бўлган кўплаб давлатлар ҳам ушбу амалиётдан кенг фойдаланмоқда. Европа Иттифоқи томонидан Вакил институтининг маҳаллий даражада жорий этилиши қуйидаги ижобий жиҳатларга эга: биринчидан, узоқ вақт ва кўп маблағ талаб қиладиган суд жараёнининг олдини олиш, суд инстанциялари ва суд бўлмаган инстанциялар сонини камайтириш имконияти, бу низо келиб чиққан тақдирда, фуқароларни бошқарув органларидан ажратиб туради; иккинчидан, адолатни, ҳуқуқий давлат тамойилларини, озчилик ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва фуқаролар эҳтиёжларига диққат-эътиборли бўлишни таъминлайди; учинчидан, бошқарув органлари фаолиятининг очиқлигини, кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш ва бошқарув самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Кутилаётган ислоҳотларнинг тўлиқ амалга оширилишини таъминлаш, ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш ва самарали ҳал этишга қодир бўлган, давлат бошқаруви тизими янада такомиллаштириш мақсадида қуйидагилар таклиф этилади:

ортиқча ва ўзига хос бўлмаган вазифа, функция ва ваколатларни бартараф этиш, такрорлаш ва параллелизмни тугатиш ҳисобига давлат бошқаруви тизимини оптималлаштириш ҳамда номарказлаштириш;

давлат бошқарувини бюрократиядан холи қилиш ва унинг сарф-харажатларини пасайтириш, бошқарув қарорлари қабул қилиш тизимининг фаолият самарадорлигини ва шаффофлигини ошириш;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларини баҳолашнинг Миллий рейтингини жорий қилиш;

давлат бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ягона ахборот маконини яратиш;

жамоатчилик ва парламент назоратининг, энг аввало, коррупция кўринишларининг олдини олишга қаратилган самарали шаклларини жорий этиш.

 

Назарали Норбаев,

Адлия вазирлиги ҳузуридаги

Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти бўлим бошлиғи

[1] http://dba.uz/wp-content/uploads/2019/02/Махмудов.pdf, А.Махмудов, Ўзбекистон Республикасида маҳаллий вакиллик органларининг назорат фаолиятини такомиллаштириш, Автореферат, 2019 й., 17-18 бетлар.