ЯнгиликларМаҳаллийДавлат фуқаролик хизматчиси ким? Унинг мажбуриятлари қандай?

Давлат фуқаролик хизматчиси ким? Унинг мажбуриятлари қандай?

Президентимиз томонидан жорий йил 8 август куни “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонун имзоланди. Давлат раҳбари таъбири билан айтганда, “ушбу Қонуннинг қабул қилиниши тарихий воқеа бўлиб, бу масала қарийб 30 йилга сурилиб келди ва унинг қабул қилиниши, албатта, 35 миллион кишининг ҳаётини осонлаштиради ва уларнинг кайфиятига бевосита таъсир қилади”.

Давлат фуқаролик хизмати ўзи нима?

Давлат фуқаролик хизмати тўғрисидаги қонун давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги муносабатларни, яъни давлат органлари ва ташкилотлари ўрта бўғин ходимларининг меҳнатини тартибга солади. Шу билан биргаликда, Ўзбекистон фуқароларининг давлат органлари ва ташкилотларида жамият манфаатларини кўзлаган ҳолда амалга оширадиган ҳақ тўланадиган касбий фаолиятидир. Илгари бундай тушунча йўқ эди, энди фуқаролик хизматининг давлат хизматининг бошқа турларидан нимаси билан фарқ қилиши аниқ бўлди. Умуман олганда, давлат хизмати фуқаролик, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, дипломатик ва ҳарбий ёки сиёсий ва носиёсий бўлиши мумкин.

Шу пайтгача Ўзбекистонда давлат хизматини ягона механизм сифатида кўриб чиқадиган бирорта ҳам ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмас эди. 2017 ва 2018 йилларда давлат хизмати тўғрисидаги қонун лойиҳалари жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Фақат 2020 йилга келиб қонун лойиҳаси сарлавҳасида “фуқаролик” сўзи пайдо бўлди. Давлат фуқаролик хизмати тўғрисидаги қонун давлат хизмати тўғрисидаги қонуннинг ўрнини боса олмайди.

Давлат хизматининг бирлиги нима учун зарур?

Биринчи навбатда, давлат хизмати самарали, ягона механизм сифатида ишлаши учун. Бунинг учун эса умумий мақсадлар ва қарашларга эга идоралараро ҳамкорликнинг ягона тизимини яратиш муҳим аҳамиятга эга. Шу боисдан, Қонун давлат органлари ва ташкилотларида фаолият юритаётган 118 мингдан ортиқ давлат хизматчисининг ҳуқуқий мақомини белгилаб берувчи нормалар асосида фаолиятни тартибга солувчи ягона ҳужжат сифатида вужудга келди. Қонунда давлат хизматчиларининг ваколатлари, ҳуқуқлари, бурчлари ва мажбурияти, давлат хизмати билан боғлиқ чекловлар, давлат хизматида коррупция, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш чоралари ҳамда давлат хизматчиларининг ахлоқий хулқ-атвори қоидалари белгиланган.

Давлат фуқаролик хизматчиси ким? 

У ўз фаолиятини давлат фуқаролик хизмати лавозимларида амалга оширувчи Ўзбекистон фуқароси. Қонунга кўра, у манфаатлар тўқнашувидан қочиши, холис бўлишга мажбурдир; ўз мансаб мавқеидан шахсий ва бошқа ғайриқонуний мақсадларда фойдаланмаслик, шунингдек ўз мансаб фаолиятига, давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари ва фуқаролари фаолиятига ноқонуний таъсир кўрсатишга йўл қўймаслик, қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда ва тартибда даромадлари ва мол-мулки тўғрисидаги декларацияни тақдим этиши зарурдир.

Қонунга кўра, ўзаро яқин қариндошликда ёки қуда томондан қариндош бўлган шахслар билан (ота-оналар, ака-укалар, опа-сингиллар, ўғиллар, қизлар, эр-хотинлар, шунингдек эр-хотинларнинг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари ва фарзандлари) айнан битта давлат органида бирга хизмат қилиши мумкин эмас. Агар уларнинг бирга хизмат қилиши улардан бирининг иккинчисига бевосита бўйсунишига ёки унинг назорати остида бўладиган давлат фуқаролик хизмати лавозимини эгаллаши мумкин эмас. (Бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно).

Бундан ташқари, акциядорлик жамиятларининг эркин муомалада бўлган акцияларига қонунчиликда белгиланган талаблар доирасида эгалик қилиш ҳолларидан ташқари, педагогик, илмий ва ижодий фаолиятдан ташқари бошқа ҳақ тўланадиган фаолият, тадбиркорлик билан шуғулланмаслик, тадбиркорлик фаолияти субъектларини ташкил этишга, уларнинг муассиси (иштирокчиси) бўлишга, тадбиркорлик фаолияти субъектида ташкилий-бошқарув, маъмурий-хўжалик вазифаларини бажаришга йўл қўйилмайди.

Шунингдек, қонун нормаларида ўзи хизмат қилаётган давлат органи назорати остидаги ёки у билан алоқалар ва манфаатларга эга бўлган ташкилотлардаги улушларни, пайларни ва акцияларни бевосита ёки вакиллар орқали олишга, ўз хизмат ваколатларини жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатларини кўзлаб бажариш ёки бажармаслик эвазига улардан бирон-бир мукофот, фойда ёки совғалар олишга, чет давлат фуқаролигини олишга, ўзининг ваколатларини сиёсий партияларнинг, бошқа жамоат бирлашмаларининг ва улар органларининг манфаатларини кўзлаб амалга оширишга ҳақли эмаслиги алоҳида белгиланган.

Муҳим томони шундаки, давлат фуқаролик хизматчилари Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида ҳисобварақлар очишга ва уларга эга бўлишга, кўчмас мулкка ва бошқа мол-мулкка эгалик қилишга ҳақли ҳисобланмайди. Фақат бу тартиб чет давлатда таълим олиш, стажировка ўташ ва тиббий хизматлардан фойдаланиш мақсадида очилган ҳисобварақлар, шунингдек давлат фуқаролик хизматига киришдан олдин олинган ва ошкор қилинган мол-мулкларга татбиқ этилмайди.

Жаҳон тажрибасида бу жараён мавжудми?

Қонунни ишлаб чиқиш жараёнида хориж тажрибаси ва халқаро экспертларнинг фикр-мулоҳазаларига таянилган бўлиб, хусусан, АҚШ, Япония, Буюк Британия, Франция каби 10 дан ортиқ ривожланган мамлакатлар, МДҲ давлатлари ва бошқаларнинг тажрибалари ўрганилган.

Жумладан, Франция мисолида олиб қаралса, ушбу мамлакатда барча давлат хизматчилари икки катта туркумга бўлинади. Булардан биринчисини давлат маъмурияти, шунингдек маҳаллий ҳамжамоалар ва оммавий муассасаларнинг фуқаролик хизматчилари (шу жумладан ўқитувчилар ва шифокорлар) ташкил этса, иккинчи гуруҳ таркибига ҳарбий хизматчилар, судлар ва парламент ходимлари киради.

АҚШда эса давлат ҳизматини “ҳукумат ҳизмати” ва “фуқаролик ҳизмати” каби туркумларга бўлиш амалиёти йўлга қўйилган. Буюк Британияда барча мансабдор шахслар икки асосий туркумга: ҳукумат истеъфога кетиши билан алмашадиган сиёсатчилар ҳамда бошқа маъмурий органлардан мустақил бўлган Фуқаролик хизмати комиссияси томонидан доимий ишга ёлланадиган касбий маъмурларга бўлинади.

Давлат фуқаролик хизматига кириш қандай амалга оширилади?

Бу танлов асосида номзодни давлат фуқаролик хизмати лавозимига тайинлаш орқали амалга оширилади. Давлат фуқаролик хизматига давлат тилини биладиган, давлат фуқаролик хизмати лавозимларини эгаллаш учун тегишли малака талабларига ва бошқа талабларга жавоб берадиган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қабул қилинади. Чет эл мутахассислари ва экспертлари давлат фуқаролик хизмати лавозимларини қонунчиликда белгиланган тартибда эгаллаши мумкин. Чет эл мутахассислари ва экспертларининг хизматни ўташ тартиби ҳамда шартлари тегишли шартнома асосида белгиланади.

Давлат фуқаролик хизматига кираётган шахс билан меҳнат шартномаси меҳнат қонунчилиги асосида муайян ёки номуайян муддатга ёзма шаклда тузилади. Давлат фуқаролик хизматчисига махсус ваколатли давлат органи томонидан белгиланган шаклдаги хизмат гувоҳномаси берилади. Хизмат гувоҳномаси давлат фуқаролик хизматчиси тўғрисидаги маълумотларни тасдиқлайдиган идентификацияловчи карта кўринишида ҳам берилиши мумкин.

Хусусан, Қонун давлат фуқаролик хизмати тизимининг бирлиги ва барқарорлиги, қонунийлик, адолат, халққа хизмат қилиш, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг жамият ва фуқаролар олдидаги жавобгарлиги, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги, очиқлик ва шаффофлик, холислик, давлат хизматчиларининг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимояси сингари бир қатор давлат фуқаролик хизматининг асосий тамойилларини ҳам белгилайди. Демак, ушбу қонун “Инсон қадри учун”, “Давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган юксак тамойиллар халқимиз ҳаётида ўз ифодасини топаётганинг ёрқин намунасидир.

                       Мақсуд ҚУРБАНОВ,
Самарқанд вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img