Давлат хизматлари марказининг инновацион биноси булунғурликлар хизматида

0

Биз тезкор замонда яшаяпмиз. Соҳага сўнгги русумдаги ахборот технологияларининг жорий этилиши муносабати билан ВАҚТ деб аталган бебаҳо неъматдан унумли фойдаланиш ҳаёт тарзимизнинг асосий мезонига айланиб бормоқда. Илгари икки-уч ҳафтада битадиган ишларнинг ҳал бўлиш муддати бугунги кунга келиб, икки-уч дақиқадан икки кунгача қисқарди. Бунинг натижасида, албатта, халқимизнинг олтинга тенг вақтини тежаш баробарида идорама-идора овора бўлишининг, узундан-узоқ навбатларда сарсон-саргардон бўлишининг олди олинди.

Бугунги кунга келиб Давлат хизматлари марказлари орқали 148 та давлат хизматлари кўрсатиш тизими йўлга қўйилди. 2020 йил 10 ойида Агентлик томонидан давлат хизматларини кўрсатиш соҳасига доир 23 га яқин қонун ҳужжатлари ишлаб чиқилди, айрим хизматлар тўлиқ қайта кўриб чиқилиб, соддалаштирилди.

Бунинг натижасида:

— хизматларни кўрсатиш муддати қисқартирилди;

— идоралараро интеграцияни йўлга қўйиш орқали мурожаат қилувчилар томонидан тақдим этиладиган ҳужжатлар сони кескин камайтирилди;

— хизмат кўрсатиш жараёни оптималлаштирилди;

— хизмат кўрсатувчи органлар фаолиятини номарказлаштириш – яъни, хизмат кўрсатиш ваколатини юқори турувчи органдан қуйи тузилмаларга ўтказиш орқали хизматнинг тезкорлигини ва манзиллилиги таъминланди.

— Маълумот ўрнида, Булунғур туман Давлат хизматлари маркази томонидан жорий йилнинг 10 ойи давомида 33862 та хизматлар кўрсатилган. 1411 та (юридик шахслар 377 та, жисмоний шахслар 1034 та) тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилди.

Шунингдек, хорижий инвестиция иштирокидаги 7 та корхоналар давлат рўйхатидан ўтказилди. Шундан 3 таси қўшма корхона, 4 таси хорижий корхоналардан иборат.

Ҳозирги вақтга қадар вилоятимиз миқёсида Давлат хизматлари марказларининг 13 та инновацион биноси фойдаланишга топширилди, 3 га яқин шундай бинолар қуриш ишлари жадал олиб борилмоқда.

Амалга оширилаётган ушбу эзгу ишлар эса, ўз навбатида, юртбошимизнинг “Халқимиз биздан рози бўлса, ишимизда барака ва унум бўлади” деган ибратли сўзлари ўз исботини топаётганидан далолатдир.

Давлат хизматлари маркази биносининг 13 чиси Булунғур туманида фойдаланишга топширилди.

Марказнинг янги биноси давлат-хусусий шериклик асосида қурилган бўлиб, энг замонавий ахборот технологиялари воситалари билан жиҳозланган. 5 қаватли бинонинг 1 чи қаватидан иборат марказга ташриф буюрувчиларга  кенг ва ёруғ, шинам хизмат залида қулай шароитларда хизмат кўрсатилади. Марказга киришингиз ҳамоноқ сизни ресепшнда хушмуомала ходимлар яхши кайфият билан кутиб олишади ва тегишли тартибда йўналтиришади. Электрон навбат тизими 5 та мониторда акс этиб туради, 20 та қабул ойнасида кўрсатиладиган хизматларда шаффофлик асосий мезон саналади.

Таъкидлаш жоизки, илгариги бинода кутиш залининг торлиги боис, мурожаатчилар ичкарига кирса, қолганлари йўлакда кутиб қолишарди. Бу эса аҳоли учун ноқулайлик туғдирарди.

Замонавий архитектура дизайни асосида жиҳозланган ушбу муҳташам марказ биносида эса фуқаролар учун барча шароитлар муҳайё этилган. Ҳатто, марказга ташриф буюрувчи мурожаатчиларнинг фарзандлари учун ҳам қулай шароит яратилган бўлиб, болалар учун махсус ўйин майдончаси ҳам ажратилган. Шунингдек, тадбиркорлар учун бош вазир қабулхонаси, инвесторлар хонаси, банк кассаси, фуқаролик паспорти ҳамда ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш хоналари ташкил этилган. Бундан ташқари, кутиш залида мўъжаз китоб жавони мавжуд бўлиб, фуқаролар бу ерда жаҳон ва ўзбек адабиётининг дурдона асарларини мутолаа қилиш имкониятига эга бўлишади.

Йил якунига қадар худди шундай замонавий кўринишдаги давлат хизматлари марказлари янги бинолари вилоятнинг Пайариқ, Оқдарё ҳамда Ургут туманларида ҳам очилиши кўзда тутилган.

Марказ ходимлари янада қулай шароитларда халқимизга чин дилдан, муносиб равишда хизмат қилишларига ишонаман. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, ҳар бир давлат хизматчиси ҳар куни ўзи эгаллаб турган лавозимига лойиқлигини исботлаши шарт.

Замонавий шароитларни ўзида мужассамлаштирган Давлат хизматлари марказининг инновацион биноси барпо этилишида“BULUNG’UR SITI” МЧЖ қурилиш жамоаси жонбозлигини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.

Мазкур замонавий бино, шак-шубҳасиз, халқимизнинг давлат идораларига бўлган ишонч ва ҳурматини юқори босқичга олиб чиқишига хизмат қиладиган масканлардан бирига айланади.