ЯнгиликларҲуқуқДавлат органлари қандай тартибда рўйхатдан ўтказилади?

Давлат органлари қандай тартибда рўйхатдан ўтказилади?

Юртимизда юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасида ягона амалиётини йўлга қўйиш, барча юридик шахслар ҳақидаги маълумотларни ягона маълумот базасига бирлаштириш, тадбиркорлик субъекти бўлмаган юридик шахсларни қонунчиликка мувофиқ фаолият кўрсатишини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 28 август куни Вазирлар Маҳкамасининг 542-сон қарори билан “Давлат органлари ва муассасаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва давлат органларини тугатиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти” тасдиқланди.

Ушбу маъмурий регламент билан қонунчилик ҳужжатларида ҳуқуқий тартибга солинмаган муҳим жараёнлар тартибга солинди.

Эндиликда, Ўзбекистан Республикасидаги давлат органлари ва муассасалари юридик шахс сифатида давлат хизматлари марказларида давлат рўйхатидан ўтказилади (ва тугатилади).

Бунда, давлат органлари ва муассасаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тегишли давлат ташкилотини ташкил этиш ҳақидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатда ёхуд ваколатли давлат органларининг тегишли ҳужжатида (қарор, буйруқ ва б.) назарда тутилган муддатларда, агар бундай муддат назарда тутилмаган бўлса, қарор қабул қилинган кундан бошлаб 10 кун ичида давлат хизматлари марказларига мурожаат қилиш орқали амалга оширилади.

Бунинг учун манфаатдор шахс (ариза берувчи) сўровнома тўлдиради ҳамда сўровномага давлат органлари ва муассасаларини ташкил этиш ҳақидаги норматив-ҳуқуқий хужжатни ёки ваколатли давлат органларининг тегишли ҳужжатини (қарор, буйруқ ва бошқа) ҳамда ташкилотнинг тасдиқланган уставини илова қилади.

Давлат органлари ва муассасаларини ташкил этиш тўғрисидаги низом ёки устав норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан тасдиқланиши белгиланган бўлса, низом ёки уставни илова қилиш талаб этилмайди.

Ушбу турдаги мурожаатлар ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилганда 2 иш куни давомида кўриб чиқилиб, давлат рўйхатдан ўтказилади.

Рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан давлат рўйхатидан ўтказилган ташкилот электрон тизим орқали автоматик тарзда давлат солиқ хизмати ва статистика органларида давлат ҳисобига қўйилади ва бу ҳадида давлат активларини бошқариш органларига хабарнома юборилади.

Давлат органлари ва муассасаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ҳадидаги гувоҳнома QR-код (матрик штрихли код) қўйилган ҳолда автоматик шакллантирилади.

Агарда давлат органлари ва муассасалари қайта ташкил этилганда (қўшиб юбориш, қўшиб олиш, бўлиш, ажратиб чиқариш, ўзгартириш) тегишли давлат органи ўн кун муддатда рўйхатдан ўтказувчи органни бу ҳақда хабардор килишлари шарт. Бунда, рўйхатдан ўтказувчи органга фақат ўзгартириш учун асос бўлган ҳужжат тақдим этилади.

Шунингдек, давлат органлари ва муассасалари раҳбарлари давлат органлари ва муассасаларинининг почта манзили ва раҳбари ўзгарган ҳам бу ҳақида рўйхатдан ўтказувчи органни ўн кундан кечиктирмай ўзининг элктрон тизимдаги шахсий кабинета орқали хабардор қилиши шарт. Рўйхатдан ўтказувчи орган давлат ташкилотининг почта манзили ва раҳбари ўзгарганлиги ҳақида хабарнома олган вақтдан бошлаб бир иш куни давомида Тадбиркорлик субъектлари бўлмаган айрим юридик шахсларнинг давлат реестрига тегишли ёзувни киритади ва бу тўғрисида давлат солик хизмати ва статистика органларини хабардор қилади.

Ариза берувчилар рўйхатдан ўтказувчи органга тақдим этилган маълумотларнинг тўғрилиги, аниқлиги ёки бузиб кўрсатилганлиги, шунингдек, таъсис ҳужжатларининг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқлиги учун жавобгар ҳисобланади.

Бунёд АЗИЗОВ,
Адлия вазирлиги
Маъмурий тартиб-таомилларни ривожлантириш
ва мониторингини юритиш бошқармаси бошлиғи

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img