ЯнгиликларМаҳаллийДавлат рўйхатидан ўтмаган ташкилот раҳбарига нисбатан маъмурий жазо қўлланилди

Давлат рўйхатидан ўтмаган ташкилот раҳбарига нисбатан маъмурий жазо қўлланилди

Мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва динлараро  бағрикенгликни мустаҳкамлаш, жамоат тартибини сақлаш энг устувор вазифалардан бири этиб белгиланган. Эътиборлиси шундаки, 120 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари истиқомат қиладиган юртимизда тинчлик ва осойишталик ҳукмрон. Аслида “Ўзбекистондаги россиялик ватандошларни мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкилоти” ҳам миллатлараро тотувлик ва дўстликни янада мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган.

Қарийб икки йилдан буён Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, В. Воҳидов кўчаси, 53-уйда фаолият юритиб келган бу нодавлат нотижорат ташкилотига В. К. раҳбарлик қилган. Бироқ у амалдаги қонунчилигимизга бўйсунмай, ҳуқуқбузарлик содир этган. Негаки, ушбу ННТ Ўзбекистон Республикасининг 1999 йил 14 апрелдаги “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги Қонуни ва Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 мартдаги қарори билан тасдиқланган “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларига риоя этмаган. Аниқроқ айтганда, у раҳбарлик қилган ташкилот адлия органларида давлат рўйхатидан ўтмаган ҳолда фаолият юритган. Албатта, бундай ҳуқуқбузарлик ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар эътиборидан четда қолмади ва В. К.га нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, қонуний баҳо бериш учун судга тақдим этилди.

Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судида В. К. га оид маъмурий иш атрофлича кўриб чиқилди. В. К. ҳуқуқбузарлик содир этганини тан олди. У “Ўзбекистондаги россиялик ватандошларни мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкилоти” таркибига кирувчи рус, қрим татарлари ва бошқирд татарлари маданият марказлари давлат рўйхатидан ўтганлигини, у раҳбарлик қилган ташкилот эса мазкур марказларни бирлаштириб, ҳашар, саёҳатлар каби тадбирларни ўтказишга ёрдам кўрсатганлигини, шунга кўра ушбу ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказиш шарт эмас, деб ҳисоблаганлигини таъкидлаб, суддан маъмурий жазодан озод қилишни сўради.

Гарчанд В. К. ҳуқуқбузарлик содир этганлигига иқрор бўлмаса-да, унинг бу қилмиши маъмурий баённома, тушунтириш хатлари, у раҳбарлик қилган ташкилотга тегишли муҳр ва штамплар, ташкилот низоми ва иш юзасидан тўпланган бошқа далиллар билан ўз тасдиғини топди.

Суд В. К. нинг шахсини, содир этган ҳуқуқбузарлигининг тавсифини, жазони оғирлаштирувчи ва енгиллаштирувчи ҳолатларни инобатга олган ҳолда унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари, яъни 8 100 000 сўм жарима жазоси тайинлади.

Дарҳақиқат, қонун барчага баробар. Агар В. К. қонун талабига қатъий риоя этиб, раҳбар сифатида “Ўзбекистондаги россиялик ватандошларни мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкилоти”ни ўз вақтида адлия органларида давлат рўйхатидан ўтказганида, маъмурий жавобгарликка тортилмаган, бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари сингари эркин фаолият юритган бўларди. Демак, қонун талабига бўйсунмаган киши турли муаммоларга дуч келади, аксинча, қонунга риоя этганлар эса асло қоқилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img