Депутат: «Кредит таътили»ни ҳечдан кўра кеч бўлса ҳам бериш керак

0

Фуқароларнинг норозилиқларидан кўриниб турибдики, тижорат банклари ўзига маъқул бўлган кредит таътилини жорий қилишган ва аксарият ҳолатларда кредит таътилига чиқариш амалиёти банк томонидан бир томонлама амалга оширилган. Аслида кредит таътили коронавирус пандемияси туфайли молиявий аҳволи ёмонлашган жисмоний ва юридик шахсларга мурожаати асосида берилиши кўзда тутилган бўлсада, аксарият ҳолатларда жисмоний шахслар бўйича кредит тўловлари жадвали ўзгариши ва кейинги тўловларни янги жадвал асосида тўлаш тўғрисида розилик ҳужжатлари расмийлаштирилмаган. Бу эса тўлов интизоми бузилишининг асосий сабабларидан бири бўлмоқда. Даромади бор ва ойма-ой тўлаш қобилияти бўлган шахс ҳам кредит таътили деб тўламаганлиги оқибатида, энди тўпланиб қолган қарздорликни сўндиришга қурби етмаябди.

Ҳозирча кредит таътили юзасидан саволлар кўп лекин уларга маъсуллар томонидан аниқ жавоб ҳали берилгани йўқ. Нима сабаб бўлгандаям энди вазиятни тўғирлаш учун, кредитнинг охирги тўлов муддатини берилган кредит таътили даврига узайтириш ва керак бўлса кредит таътилини 31.12.2020 гача яна жорий қилиш лозим.

Дунёдаги каби бизда ҳам коронавирус пандемияси ҳали давом этмоқда, демак ҳар қандай вазиятга тайёр бўлишимиз керак. Турли хил низоларни олдини олиш, пандемия даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини реал қўллаб-қувватлаш учун “кредит таътили”ни қонун билан мустаҳкамлаш лозим. Масалан, Россия Федерациясида кредит таътили тўғрисида Қонун (03.04.2020 йил. № 106-ФЗ) қабул қилинган ва бу қонунда кредит таътили билан фойдаланувчиларнинг мезонлари, имтиёзли давр муддатлари ва қарзнинг қайтариш тартиби аниқ қўрсатилган.

Фарҳод ЗАЙНИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатасининг депутати
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” ДП фракцияси аъзоси