ДХА хизматлардан онлайн фойдаланиш бўйича видеоқўлланма тайёрлади

0

Мамлакатимизга коронавирус пандемияси кириб келгач, барчамиз ҳаёт тарзи буткул ўзгарди. Барча ташкилотлар янги шароитда ишлаш йўлини ишлашга мажбур бўлишди. Давлат хизматлари марказлари ҳам бундан мустасно бўлмай, қисқа вақт ичида фаолиятини қайта кўриб чиқиб, карантин шароитида халқ хизматида бўлишга давом этди.

Давлат хизматлари марказларида одамлар оқими юқори бўлани боис, бу ерда чексиз ва назорат қилиш қийин бўлган алоқа юзага келиши табиий хол.

Албатта, биз Марказларимизда барча зарур чораларни кўрмоқдамиз. Белгиланган график асосида бинолар дезинфекция қилинмоқда, ходимлар зарурий ҳимоя воситалари билан таъминланмоқда. Киришда ҳар бир ташриф буюрувчининг ҳарорати ўлчаниб, бино ичида мажбурий ниқоб режими ўрнатилган.

Бироқ бу каби қатъий чоралар кўрилган бўлса-да, бугунги кунда Давлат хизматлари агентлиги тизимининг 57 нафар ходими COVID-19 га чалинган бўлиб, 1 нафар мутахассисимиз ушбу вирусдан вафот этган.Шунингдек, 2 нафари соғайган бўлиб, қолганлар ҳозирда даволанмоқда.

Бизнинг ишимиз осон эмас, лекин аҳоли учун жуда муҳим. Давлат хизматлари соҳасида фаолият юритишни танлаган ҳар бир ходимимиз, ўз олдига авваламбор халқ ишончини қозонишга, унга хизмат қилишни танлади демак.

Агентлик олдида турган долзарб масалалардан — бу ДХМ ва ФҲДЁ бўлимларига ташриф буюрган Сизларни ҳамда хизматда бўлган ходимларимизни мазкур вирусдан ҳимоя қилиш.

Тушуниб турибмиз, яшаш тарзимиз ўзгаргани билан давлат хизматларини олиш эҳтиёжи ҳеч қаерга даф бўлгани йўқ.

Шу боис, Сизлардан электрон хизматлардан фойдаланишни сўраймиз. Сизларга қулай бўлиши учун хизматлардан онлайн фойдаланиш видеоқўлланмаларини тайёрлаб youtube-каналимизга жойлаштиряпмиз.

Улар билан қўйидаги ҳавола орқали танишишингиз мумкин:

https://www.youtube.com/watch?v=sCnA22RUItE&list=PL2T-j53zsYyOw1B8H6JAIf0CPyJHwHHwm

Ушбу синовли кунларни фақатгина бир биримизни қўллаб-қувватлаб енгиб чиқишимиз мумкин. Ўзингиз ва яқинларингизни асранг.