2017 йил давлат идоралари томонидан кўрсатиладиган давлат хизматларини мувофиқлаштириб ва назорат қилиб борувчи янги тузилма — Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилган эди.

Ўтган қисқа давр мобайнида янги ташкилот халқимизга шаффоф ва сифатли хизматларни кўрсатадиган ишончли идоралардан бирига айланиб улгурди.

Аҳолига қулай давлат хизматларини кўрсатиш, энг муҳими ушбу соҳадаги коррупциянинг олдини олиш учун Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари рўйхати янги ва долзарб хизматлар билан тўлдирилди.

Давлат хизматлари марказлари орқали 2018 йилгача бўлган даврда фақат тадбиркорлик субъектларига 37 турдаги давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, бугунги кунда аҳоли кундалик ҳаётида зарур бўлган хизматлар сони 140 тадан ошди.

Маълумот учун: бу каби марказлар тажрибаси шунингдек, Австралия (CenterLink), Канада (CitizenService), Грузия (Дома юститсии), Озарбайжон (Асан хидмет), Россия Федерацияси (Мои документы), Қозоғистон Республикаси (Центры по обслуживанию населения) каби мамлакатларда ҳам йўлга қўйилган.

Натижада давлат органларининг сунъий бюрократик тўсиқ ва ғовлари бартараф этилди, коррупцион ҳолатларнинг вужудга келиши, жараёнга инсон омилининг аралашуви қисқартирилди.

Марказлар орқали 2017 йилда тадбиркорларга 120 мингдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, хизмат турлари кенгайганлиги ҳисобига, бугунги кун ҳолатига фуқароларга ва тадбиркорларга кўрсатилган давлат хизматлари сони қарийб 19 млн. тани ташкил этди.

Амалиётда нимадир ўзгардими?

Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш йўналишида энди:

– тадбиркорлик субъектларининг ягона реестридаги барча маълумотлари билан Интернет орқали танишиш;

– бизнесни рўйхатдан ўтказиш билан бир вақтда банкларда онлайн ҳисобрақамлар очиш мумкин;

– муҳр ва штамплардан фойдаланиш талаби ҳамда устав фондига қўйилган минимал талаблар бекор қилинди;

– бизнесни экстерриториал тарзда рўйхатдан ўтказиш имкони яратилди;

– хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналарнинг устав фондига бўлган минимал талаблар камайтирилиб, 400 млн. сўм этиб белгиланди;

– хорижий иштирокчининг фақат юридик шахс бўлишига доир талаб бекор қилиниб, уларнинг улуши 30 фоиздан 15 фоизга камайтирилди.

Маълумот учун: шу кунга қадар 719 078 та тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиб, шундан 247 050 таси юридик шасхлар ва 472 028 таси якка тартибдаги тадбиркорлар ҳисобланади.

Ушбу ҳаракатлар натижаси ўлароқ Ўзбекистон тарихида биринчи бор жаҳон банкининг “Doing business-2020”, яъни «Бизнес юритиш» йиллик ҳисоботида тадбиркорликни рўйхатдан ўтказиш кўрсаткичи бўйича дунёнинг 190та давлатлари ичида 8-ўринни эгаллаб, топ-10 ликка киришга эришдик.

Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш сохасида янги тартиб жорий этилди. Унга кўра,

талаб қилинадиган ҳужжатлар 8 тадан 4 тага қисқартирилди;

бир ёки бир неча даврий босма нашрларда корхонанинг тугатилиши тўғрисида эълонлар бериш ўрнига корхона тугатилаётганлиги тўғрисидаги маълумотлар рўйхатдан ўтказувчи органнинг расмий сайтига жойлаштирилади;

Давлат солиқ хизмати органлари томонидан ўтказиладиган, тугатиладиган корхонанинг молия-хўжалик фаолиятини текширишнинг энг узоқ даврийлиги уч йилни ташкил этди (аввал 5 йилни ташкил этган);

корхонани ихтиёрий тугатишнинг умумий муддати рўйхатдан ўтказувчи орган ихтиёрий тугатиш тўғрисида хабардор қилинган кундан бошлаб олти ойдан ошмайди (аввал 9 ойдан ошмаган).

Бюрокрактик тўсиқларнинг олди олинмоқдами?

Демак, Марказларимиз давлат хизматларини кўрсатишнинг тезкорлигини таъминлаш, энг аввало ушбу соҳадаги бюрократик тўсиқ ва ғовларнинг олдини олиш учун ташкил этилган.

ДХМларнинг фаолияти натижаси қандай, деган савол туғилиш табиий.

Тўхталиб ўтамиз:

биринчидан, аҳолининг давлат органларига бир неча маротаба мурожаат қилишлари, бевосита мулоқотда бўлишлари оқибатида коррупция хавфи вужудга келиши олди олинди;

иккинчидан, муайян давлат хизматини кўрсатишга мурожаат қилиш учун бошқа бир қанча органларда тегишли ҳужжатларни йиғиш талаб этилганлиги турли бюрократик тўсиқларни келтириб чиқарган бўлса, эндиликда «бир дарча» тамойили асосида Давлат хизматлари марказларига бир маротаба мурожаат қилиш орқали барча хизматларни тўлиқ олиш имконияти яратилди;

учинчидан, давлат хизматларини кўрсатишда хизмат олувчи шахс билан давлат органи вакилининг бевосита мулоқоти инкор қилиниб, давлат хизматларини кўрсатиш сифатига инсон омили орқали таъсир кўрсатилиши олди олинди;

Маълумот учун: жисмоний ва юридик шахсларга 2018 йил давомида қарийб 5 млн (2017 йил давомида кўрсатилган хизматлардан 40 баробар кўпроқ) кўрсатилган бўлса, 2020 йилнинг шу кунига қадар ушбу кўрсаткич 3,1 млн.тани (жами 19 млн.га яқин) ташкил этиб улгурди.

Шунингдек, бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш учун маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг вазифа ва функциялари қайта кўриб чиқилди. Натижада айрим функциялари ва ваколатлари тегишли давлат бошқаруви органлари ҳудудий бўлинмаларига ўтказилди.

Жумладан:

Алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳамда умумий овқатланиш корхоналари томонидан алкоголь маҳсулотларини сотиш ҳуқуқи учун рухсат гувоҳномаси бериш туман (шаҳар) солиқ инспекцияларига;

турар жойни нотурар жой тоифасига ўтказишга рухсатнома бериш қурилиш бўлимларига;

дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг чакана савдосини амалга оширишга лицензия бериш Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг ҳудудий бўлинмаларига;

риелторлик фаолиятини олиб бориш учун лицензия бериш Давлат активларини бошқариш агентлигининг ҳудудий бўлинмаларига берилди.

Оптималлаштиришнинг самараси нимада?

Давлат хизматлари соҳасида оптималлаштириш — бу керак бўлган ҳужжатни олиш жараёнини аҳоли учун энг қулай бўлган даражагача соддалаштириш демакдир.

Агентлик ташкил этилганидан буён унинг ташаббуси билан давлат хизматларини кўрсатиш соҳасига доир 70 дан ортиқ қонун ҳужжатлари ишлаб чиқилди, 60 дан ортиқ хизматлар тўлиқ қайта кўриб чиқилиб, соддалаштирилди.

Оқибатда:

хизматларни кўрсатиш муддати қисқартирилди;

идоралараро интеграцияни йўлга қўйиш орқали мурожаат қилувчилар томонидан тақдим этиладиган ҳужжатлар сони кескин камайтирилди;

хизмат кўрсатиш жараёни соддалаштирилди;

хизмат кўрсатувчи органлар фаолиятини номарказлаштириш – яъни, хизмат кўрсатиш ваколатини юқори турувчи органдан қуйи тузилмаларга ўтказиш орқали хизматнинг тезкорлиги ва манзиллилиги таъминланди.

Маълумот учун: фуқаролар томонидан талаб этиладиган ҳужжатлар сони 164 тадан 78 тага камайтирилди, хизмат кўрсатиш учун талаб этилган жами 415 кунлик муддат 217 кунга қисқартирилди.

Мисол: 2019/2020 ўқув йилида олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ҳужжатларни қабул қилиш хизматининг жорий этилиши натижасида Марказлар орқали 117 186 нафар абитуриентлардан ҳужжатлар қабул қилинди. Бундан ташқари, фуқароларга қулай бўлиши ҳамда жазирама иссиқда сарсон бўлмасликлари учун, ҳужжат топшириш экстерриториал тарзда амалга оширилиб, барча ДХМлар 24 соат иш режимида хизмат кўрсатишди. Натижада тунги соат 20.00 дан эрталаб 09.00 га қадар жами 7 216 нафар абитуриент ҳужжат топширган.

2020/2021 ўқув йилида эса, Республикадаги 8 та Давлат хизматлари марказлари орқали 7889 та абитуриентлар рўйхатга олинди.

Махмуд АБДИЖАЛИЕВ,
Давлат хизматлари агентлиги бошқарма бошлиғи

Изоҳ қолдиринг:

Илтимос, изоҳингизни ёзинг
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг