Ди Каприо ва Жефф Безос янги президентга мурожаат қилишди

0

150 нафардан ортиқ фаоллар, шу жумладан, таниқли киноактёр Леонардо ди Каприо ҳамда “Амазон” компанияси асосчиси Жефф Безос АҚШ Президенти Жо Байденга иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ муаммоларга жиддийроқ эътибор қаратиш таклифи билан мурожаат қилишди. Очиқ хат Climate Power 2020 сайтида эълон қилинган.
Мурожаат муаллифлари Байден “иқлим президенти”, “инсониятни ҳалокат ёқасидан асраб қолган давлат раҳбари” сингари номлар билан тарихда қолиши мумкинлигини қайд этишган.
«Сиз тоза электр энергияси манбалари билан ишлашни жорий қилишингиз, бу орқали қанча-қанча иш ўринлари яратишингиз, глобал ифлосланишни қисқартиришингиз, ирқий тенгсизлик, аҳоли саломатлиги билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишингиз мумкин», дейилади мурожаатномада.
Шунингдек, фаоллар Байден томонидан имзоланган АҚШнинг Иқлим ўзгаришлари бўйича Париж битимига қайтиши ҳақидаги фармонни ҳам қўллаб- қувватлашди.
Мурожаатнома остига шунингдек, Натали Портман, Зоуи Дешанель сингари актрисалар, таниқли тадбиркорлар ва сиёсатчилар ҳам имзо чекишган.
Эслатиб ўтамиз: 2021 йилнинг 20 январь куни маҳаллий вақт билан 12.00да Жо Байден Вашингтон шаҳрида, Капитолий биноси олдида президентлик қасамёдини қабул қилиб, АҚШнинг 46-президентига айланган эди.
Маросимда собиқ вице-президент Майк Пенс, собиқ президентлар: кичик Жорж Буш, Барак Обама, Билл Клинтон рафиқалари билан иштирок этишди. Леди Гага АҚШ гимнини ижро этди. Тантанали маросимда Женифер Лопес ҳамда Гарт Брукс ҳам қатнашди.
Байден давлат тепасига келиши билан олдинги раҳбар Дональд Трампнинг бир қанча қарорларини бекор қилди. Хусусан, қатор мусулмон давлатларидан АҚШга кириш бўйича чекловларни олиб ташлади. Шунингдек, янги Президент Трампнинг ташаббуси билан қурилиши бошланган Мексика билан чегарадаги девор қурилишини ҳам тўхтатмоқчи. Байден АҚШни Трампнинг ташаббуси билан чиқиб кетилган иқлим бўйича Париж шартномасига, шунингдек, Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти аъзолилига қайтармоқчи. Шу билан бирга у Эрон билан муносабатларни ҳам изга туширишга, жумладан, ядро битимини имзолаш бўйича музокараларни йўлга қўйишга ваъда берган.

150 йиллик анъанани бузган ҳолда Трамп ўз ворисининг инаугурациясида қатнашишдан воз кечиб, маросимдан бир неча соат аввал Вашингтонни тарк этган.