Дунё дарвозалари беркитилди! Тирикликнинг талаби шу! Уйда қоламиз!

0

Ҳаёт биз ўйлаганчалик силлиқ ва осон эмаслигини, дунё биз ўйлаганчалик фақат гўзалликдан, яхшиликдан иборат эмаслигини, ҳаётнинг кутилмаган имтиҳонлари, зарбалари борлигини, дунёни оний лаҳзаларда  ағдар-тўнтар қиладиган ҳолатлар, кўзга кўринмас кучлар борлигини бугунги синовлар яна бир бор эслатди. “Бутун дунё дарвозалари беркитилсин!”. Бундай фармон, бундай ҳукм ҳали тарихда ўқилмаган.

Еру осмонни бирдек қамал қилган бу пандемия кунларида биздан кўп нарса талаб қилингани йўқ. Уйда қолиш… Ўз қадрдон уйимизда қолиш.  Аммо шу оддий ишни ҳам бажаришдан бош тортаётган одамлар ёнимизда яшаётганидан афсусдамиз. Бу ўзбошимчалик, бу интизомсизлик оқибатида нафақат яқинларимиз, балки бегоналарнинг ҳаётини хавфга, хатарга қўйганимизни англаш учун доно бўлиш шарт эмас эди. Афсуски… Касалликни юқтираётганлар сони ортаётганлигидан хавотирдамиз.

Тўғри, баҳорнинг йигирма лаҳзасини уйда ўтказиш осон эмас. Аммо  бугун тирикликнинг талаби шу!

Мен онлайн ишлаш билан бирга Мавлоно Жалолиддин Румийнинг китобларини, ҳикматларини ўқиш билан овунаяпман. Ҳеч қайси даҳога ўхшамаган шеърият даҳоси, фалсафа даҳосининг ижодидан шунча йиллар бебаҳра қолганимдан афсусдаман. Румий ҳазратларининг шундай сатрлари борки, уларни ўқиб, бугунги оғир синовлар даврида кўнглингизга таскин ва тасалли топасиз.

Мана Ҳазратнинг бир ҳикматига эътибор беринг:

“Чумолиларнинг ғимирлашини биладиган, сасини ҳам эшитадиган Аллоҳ қалбларимизнинг астойдил фарёдини эшитмайдими? Албатта эшитади!”.

Бугун бутун дунё тавба тазарруда. Бу беҳуда эмас албатта. Чунки бегуноҳ одамларнинг ҳаётини ўғирлагани,  не-не муқаддас  жойларни вайрон қилгани, норасида гўдакларни қонга белагани,  инсоннинг инсониятга қилган тажовузлари, қурол ва наркотик савдолари бозорини қиздириб, беҳисоб бойликлар тўплаган жаллодларнинг қора қилмишлари қайсидир нуқтада кесишди. Аллоҳнинг қаҳрига учради. Бизнинг юртимиз ҳам бу синовларни бошидан кечирмоқда.

Ер шарини қўлсиз, оёқсиз қолдириб, бир лаҳзага эмас, ойлар мобайнида титратиб турган бу тилсиз ОФАТдан қандай қутулиш ва ўзимизни  қандай асраш мумкин?

Бугунги синовли лаҳзаларда яна бир нарсани англадим. Халқимизни дард бирлаштиряпти, айрилиқлар, соғинишлар бирлаштираяпти. Меҳр-оқибат, одамийлик томиримизда қон бўлиб оқаяпти. Бир-бирини суяш, энг сўнгги нонини ёрдамга муҳтожлардан аямаслик қадриятларимиз асоси эканлигини ҳаёт яна бир карра кўрсатиб турибди. Бу халқимизнинг маънавий юксаклигидан далолатдир.

Юртимиз раҳбари бу борада кўрсатаётган ғамхўрликнинг чегараси йўқ. Халқимизга қайта-қайта мурожаат қилиб,  касалликни юқтирмасликнинг энг мақбул йўли уйда қолиш, ўзини асрашдан иборат оддийгина талаб эканлигини таъкидлаётганларга жавобимиз бўлиши керак. Ахир бирорта одам эътибордан четда бўлмайди деган сўзлар шунчаки сўз эмас. 34 миллион халқнинг ҳаётини ўйлаш осон  иш эмас.  Демак, биздаги ишонч ва умид ҳеч қачон ўлмайди.

Бугунги куннинг яна бир муҳим шарти ва қоидаси бор. Хатони кечирмасанг, ўзинг хато қиласан! Дарҳақиқат, шундай. Карантин қоидаларини бузган фуқаролар учун жарималар миқдори белгиланди. Бир қатор қонунларимизга ўзгартишлар киритилди. Албатта, ким учун, халқ учун, биз учун. Бизнинг омонлигимиз, соғлигимиз учун. Қонун-қоидаларни бузаётган, бугунги оғир кунлардан ҳам манфаат кўриш илинжида юрган  айрим кимсаларнинг ҳақиқий юзи ҳам кўриниб қолди.Уларнинг ҳам  қонун олдида имтиҳони бор.

Президентимизнинг куни кечаги мурожаатларини эшитиб, юрагимдан бу мурожаат менга ва ҳар бир фуқарога қилинган мурожаат эканлигини ҳис этдим. Бу шунчаки умумий ундовлар эмас, балки ҳар биримизнинг қалбимизга кириб борадиган, акс- садо берадиган Юрт отасининг юракдаги хитоби эканлигини англадим.

 Давлатимиз раҳбарининг “Халқимиз ўз тарихида қандай оғир табиий офатларни кўрган бўлмасин, Қодир Оллоҳнинг марҳамати билан, ўзининг куч-қудрати, вазминлиги ва донишмандлиги орқали уларнинг барчасини енгиб ўтади”, деган сўзлари бизга катта тасаллидир.

Биз  ҳам бунга ишонамиз. Бу кунларни енгамиз!

          Бу кунлар ўтади…

Бу кунлар ўтади!

Ҳали баҳорнинг хушбўй ифоридан

Яйрайди диллар.

Бу кунлар ўтади!

Ҳали юракдан чекинар ҳадиклар,

Қўрқув, оғулар.

Бу кунлар ўтади!

Қолган кўнгилларни  топамиз яна.

Унутилган дўстдан сўраймиз узр.

Бу кунлар ўтади!

Ҳали гул тутамиз бир-биримизга,

Соғинчлар қанотга айланар яна!

Бу кунлар ўтади!

Кўздаги ёшларни артамиз, жим… шод.

Дунёни   қутқарган меҳрлар  ҳаққи…

Бу кунлар ўтади!

Йўқотилган йиллар ортга қайтмайди,

Аммо

Биз албатта

Ўзни топамиз яна.

Ва Сизни топамиз

Азизлар…

Бу кунлар ўтади...

Маруса ҲОСИЛОВА,
журналист

 

Аввалги мақолаҲудудларда қатнов ҳолати қандай? (+фотожамланма)
Кейинги мақолаЯпониядаги BBT Университети қойилмақом усулда битирув маросими ўтказди (+фото)