Дунёнинг ўйинлари кўп…

0

Кеч кузнинг совуққина бир куни эди. Қарши автобекатида Тошкентга кетадиган навбатдаги автобусни кутиб турибман. Ёнимда акам бор. Биздан сал нарида бир тўда киши уймалашиб нимадир ўйнашаётган экан.
– Нима қилишяпти? – дедим акамга.
– Қўявер, ишинг бўлмасин, – деди акам… Сўнгра “мен ҳозир келаман” деб қаергадир кетди. Менга барибир қизиқиш ғолиб келди. Акам айтганидек қўявермадим… Анави тўданинг олдига бордим. Қарасам, ангишвона ўйнашаётган экан. Учта ангишвонанинг бирига хурмонинг донагидек бир нарсани яшириб, айлантиришяпти. Ким ўша “донак”ни топса, ўртага тикилган пулни оляпти. Қарасам, жуда осон! Ангишвоначи “донак”ни яшириб, бир-икки айлантирди-да:
– Қани, ким топади? – деди.
“Донак”ли ангишвонани аниқ билиб турибман.
– Мана шунда! – дедим иккиланмай.
Ёнимдаги киши “менга буниси”, деб иккинчи ангишвонани ушлади. Яна кимдир учинчисини ушлади.
– Қани, унда пул тикинглар! – деди ангишвоначи.
Икки рақибим 10 сўмдан 20 сўм тикди. Купон пул энди алмашган, 20 сўм ҳам катта пул эди. Аста қўйимдаги пулни олдим. Дастрўмолчага ўралган пул 1000 сўм эди! Уйдан чиқаётганимда онам бир чеккага тортиб, “Болам, бу минг сўм! Уч ойлик пенсиямни йиғдим, қишга иссиқ пальтоми, куртками ол, лекин бу пулни отангга айтма, ўзи бермай қўяди”, деб берган пул эди. Шу пулдан 10 сўмини олиб тикдим ва шартта ангишвонани очиб, 20 сўмни ютиб олдим. Атрофдагилар “ўвв” деб юборди.
– Ука, сен зўр ўйнаркансан, давай, яна ўйна! – деди.
Мен яна ўйнадим. Бу сафар 15 сўм ютдим.
– Бўлди, энди ўйнамайман, – дедим. Орқага тисарилаётгандим, ёнимдаги киши “яна бир ўйна, қизиқ бўляпти”, деб енгимдан тортди. Бу сафар ростдан ҳам қизиқ бўлди. Енгимдан тортган 100 сўм тикди. Учинчи шерик 200 сўм тикаман, деди. Атрофдагиларнинг икки кўзи менда, 300 сўм тик, дейишди. “Донак”ли ангишвонани ушлаб турганимга шубҳам йўқ эди. Шартта уч юз тикдим! Ангишвоначи:
– Ука, ушлаб турганингга аминмисан, мен ҳам сенга пул тикаман, – деди қулоғимга…
– Аниқ шу, ака! Тикинг! – дедим бу меҳрибонимга…
Ангишвоначи 500 сўм тикди. Енгимни тортган яна 200 сўм қўшди. Қисқаси, онамнинг уч ойлик пенсиясининг ҳаммасини тикиб юбордим. Ғала-ғовурда буни қандай қилганимни ҳам билмай қолдим.
– Оч! – дейишди.
Ангишвонани кўтардим. Ичи бўм-бўш! Ичидаги “донак” қандай йўқолиб қолганини билмайман. Даҳшатга тушдим. Ўртадаги пулларнинг ҳаммасини “енгимдан тортган” олиб қўйди.
Узоқдан акам кўринди. Аста сирғалиб тўдадан чиқдим.
– Нима қиляпсан у ерда? Ишқилиб ўйнамадингми? – деди акам хавотир аралаш.
– Йўқ, ўйнамадим, – дедим ёлғондан.
– Бунинг ҳаммаси каззоб, ичида бегонаси йўқ, ҳаммаси бир команда, – дедим акам.
Ичимда нимадир “чирт” этиб узилгандек бўлди. “Онамнинг уч ойлик пенсияси!” Хаёлимда фақат шу гап айланади.
Автобусга чиқдик. Дераза ёнига ўтириб олиб, Қаршидан Тошкентгача унсиз йиғлаб келдим. Онамнинг уч ойлик пенсиясини қиморга тикдимми?! Изтиробимнинг чеки йўқ эди. Анави одамлар ҳақида ўйлардим: кап-катта одамлар! Улар куни бўйи менга ўхшаган лақмаларни чув тушириб, кечқурун бола-чақаси олдига қайси юз билан боради. “Енгимдан торт”гани сал кам отам қатори одам эди. Нега ўғли тенги бир норасидани алдади?
Ўша куни Қарши-Тошкент ораси жуда узайиб кетди. Етти соатлик йўл чинакам азоб бўлди. Ўзимга-ўзим сўз бердим: бундан кейин қиморга далолат қиладиган ўйинлардан нафратланаман! Зинҳор бировнинг ҳаққига хиёнат қилмайман! Онамнинг пенсия пулини ўзига қайтараман!
Лекин… бу дунё ўзи турган-битгани ангишвона ўйини эканини ҳали билмасдим. Кейинчалик англадимки, ўша кунги “енгимдан тортган” – ҳаёт экан. Дунёнинг ўйинлари кўп, “ўйна” деб енгингиздан тортаверади. Ана шунда, энг муҳими, ўзингизни асраб қолишингиздир!

 Алишер Назар

Аввалги мақола«Қурилиш» сўзи ҳаммамизда аллергия қўзғайдиган бўп қолди…
Кейинги мақолаБиринчи ёрдам дори воситалари