Тоза ҳаво танқислашяптими?

0

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти  Ер аҳолисининг ўнтадан тўққизтаси ҳавоси ўта ифлосланган ҳудудларда яшашини кўрсатувчи тадқиқот натижаларини чоп этди.

“Ҳавонинг ифлосланиши иқтисодиётдаги вазият ва одамлар яшаш сифатига таҳдид қилувчи куч билан ўсишда давом этмоқда. Бу соғлиқни сақлаш учун фавқулодда вазиятдир”, — дейилади ЖССТ ҳисоботида.

 БМТ нинг маълумотига кўра, 2012 йилда 7 миллион одам ҳавонинг ифлосланиши оқибатида вужудга келадиган турли касалликлар туфайли вафот этган бўлса, 2018 йили эса, 4 миллиондан ортиқ одам бевақт ҳаётдан кўз юмган. Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, ифлосланган ҳаво одатда нафас, юрак, қон-томир, иммун тизимига салбий таъсир кўрсатади. Шунингдек, йилдан йилга қиш кириши билан Марказий Осиё давлатларида ҳаводаги зарарли моддалар миқдори ортиб бораётгани ҳам  шу каби касалликларнинг авж олишига олиб келмокда.

Шунингдек, “Lancet” журналида эълон қилинган тадқиқотга кўра, атроф-муҳитнинг ифлосланиши урушдагидан 15 баробар кўп одамнинг умрига зомин бўлади. 2015 йилда ҳаво ифлослангани оқибатида турли касалликка чалиниб вафот этган инсонларнинг сони тўққиз миллионга етган. Бу дунё бўйича ўлим ҳолатининг 16 фоизи демакдир.

Бундан ташқари, олимлар экологик муаммолардан энг кўп азият чекувчилар  аҳолининг қашшоқ қатламлари эканини аниқлашди. Ҳисоб-китоблар ҳаво ифлослиги оқибатида рўй бераётган ўлимларнинг, тахминан, 92 фоизи аҳолисининг даромади ниҳоятда паст даражада бўлган қашшоқ давлатлар ҳисобига тўғри келишини кўрсатди.