Сурати ялтироқ, сийрати қалтироқ бўлиб чиқди…

213

Нукус шаҳрида яшовчи тадбиркор, “K.NAURI’ZOV ATINDAG’I MPK BAXITLI OQIW NODAVLAT TA’LIM” МЧЖ раҳбари П.Наурызов Электрон онлайн-аукционларни  ташкил этиш маркази ДУКнинг 2019 йил 6 декабрь куни ўтказилган электрон-онлайн аукционида иштирок этиб, Мажбурий ижро бюроси Қарши шаҳар бўлими томонидан аукционга чиқарилган COBALT русумли автотранспорт воситасини 67.276.000 (олтмиш етти миллион икки юз олтмиш олти минг) сўмга ютиб олган.

Тадбиркор ушбу аукционда ютиб олган автотранспорт воситасини олиш учун Қарши шаҳрига борганида COBALT русумли автотранспорт воситасининг юрган масофаси эълонда қўйилган 2106 километр эмас, балки 200.000 километрдан юқори эканлиги, автотранспорт воситасининг эълонда қўйилган расмда кўринганидан анча эски эканлиги, олдинги ойнаси синганлигини кўрган ва автотранспорт воситасини олишдан бош тортган.

Мазкур масала юзасидан  тадбиркор П.Наурызов Қарши шаҳар прокуратурасига, Мажбурий ижро бюроси Қашқадарё вилояти бошқармасига, Қашқадарё вилояти прокуратурасига бир неча бор мурожаат қилган. Лекин, барчаси П.Наурызовга Мажбурий ижро бюроси Қарши шаҳар бўлимининг ҳаракатлари қонуний эканлигини кўрсатиб, норози бўлган тақдирда тегишли тартибда судга мурожаат этиши керак эканлиги тушунтирилган.

Тадбиркорнинг мурожаати Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ҳар томонлама синчковлик билан ўрганилиб,  П. Наурызовнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш мақсадида унинг манфаатини кўзлаб, Қарши туманлараро иқтисодий судига даъво ариза киритилди.

Суд мажлисида тарафлар томонидан келтирилган далиллар ва фикр- мулоҳазалар кўриб чиқилиб, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигининг тадбиркор манфаатини кўзлаб киритган даъво аризаси қаноатлантирилди. Яъни Электрон-онлайн аукцион натижалари тўғрисидаги баённома ҳақиқий эмас, деб топилди ва тадбиркорнинг COBALT русумли автотранспорт воситаси учун тўлаган 67.276.000 (олтмиш етти миллион икки юз олтмиш олти минг) сўм пуллари қайтариладиган бўлди.

Фарҳод РОМАНОВ,
Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги масъул ходими

Изоҳ қолдиринг:

Илтимос, изоҳингизни ёзинг
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг