Эммануэл Макрон: “Биз Қорабоғнинг қайта забт этилишини қабул қилмаймиз”

0

“Мен Туркиянинг (Озарбайжон фойдасига – Таҳририят) сиёсий баёнотларини пайқадим. Мен буни хавфли деб биламан”, деди Франция президенти Эммануэл Макрон бугун, 30 сентябрь куни Латвияда бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Унинг фикрича, Туркиянинг жангари риторикаси Озарбайжонни Тоғли Қорабоғни қайта босиб олишга ундайди. Шундай бўлса-да, Reuters агентлигининг ёзишича, Франция раҳбари ушбу босқичда Қорабоғ можаросига Туркиянинг бевосита аралашуви тўғрисида ҳеч қандай далилларга эга эмаслигини таъкидлаган.

“Франция ҳанузгача Туркиянинг сўнгги соатларда берган ва аслида Озарбайжоннинг Тоғли Қорабоғни қайта забт этишига қўйилган ҳар қандай тақиқларни бекор қилган хавфли хабарларидан хавотирда. Ва биз буни қабул қилмаймиз“, – деди Макрон.

EADaily хабарига кўра, Франция президенти Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатлар борасида яқин орада Россия президенти Владимир Путин ва Aмерика раҳбари Дональд Трамп билан музокаралар ўтказишни режалаштирмоқда.

Макрон “Бугун кечқурун мен фикр алмашиш ва Тоғли Қорабоғни инқироздан чиқариш йўлларини муҳокама қилиш учун Президент Путин билан ва менимча, эртага – Президент Трамп билан гаплашаман”, дея баёнот берган.

Россия, Aмерика Қўшма Штатлари ва Франция ЕХҲТ Минск гуруҳининг ҳамраиси бўлган мамлакатлардир. Улар Қорабоғ можаросини назорат қилиш ҳуқуқига эга.

Туркия Ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғли эса “Туркия Озарбайжонни музокаралар столи ва жанг майдонида ҳам қўллаб-қувватлашга тайёр”, демоқда. Турк дипломатияси раҳбари бу ҳақда 29 сентябрь куни Aнқарадаги Озарбайжон элчихонасига ташрифи чоғида маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, “Аслида, муаммодан чиқиш йўли оддий. Aрманистон ўз қўшинларини Озарбайжоннинг босиб олинган ерларидан олиб чиқиши керак. Муаммони ишғолсиз ечиш мумкин эмас ”.

Эслатиб ўтамиз, 27 сентябрь куни Озарбайжон Тоғли Қорабоғдаги, шу жумладан Степанакертдаги аҳоли пунктларини интенсив равишда ўққа тутишни бошлади, Қорабоғ можаро зонасидаги бутун алоқа чизиғи бўйлаб ҳужумга ўтди. Бокуда “қарши ҳужум” деб номланган операциялар фронтнинг шимолий, шарқий ва жануби-шарқий секторларида олиб борилмоқда. Aрманистонда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилинган. Озарбайжон ҳам ўз ҳудудида ҳарбий ҳолат ва қисман сафарбарлик жорий этилганини эълон қилди.