Бугунги кунда суд ҳимоясини таъминлашдаги ортиқча бюрократик тўсиқлар, суд қарорларини қайта кўришнинг бир-бирини такрорловчи босқичлари мавжудлиги, инвесторлар ҳуқуқларининг суд ҳимоясида бўлиши етарли даражада ташкил этилмаганлиги суд органларининг амалдаги тузилишини замон талаблари ва халқаро стандартларга мувофиқ қайта кўриб чиқишни тақозо этган эди.

Куни кеча Президентимиз томонидан имзоланган “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонга кўра, 2021 йил 1 январдан бошлаб вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судларини ташкил этиш белгиланди.

Ҳозирги кунда ҳар бир вилоят судида 4 тадан 15 тагача судьялар фаолият юритаётганлиги ва вилоят судларида судьялар сонининг камлиги ишларнинг бир вилоятдан иккинчисига 20 мингдан ортиқ ишларнинг олиб берилишига, натижада фуқароларнинг ортиқча сарсонгарчилигига сабаб бўлган эди.

Биргина Навоий вилояти иқтисодий судининг ўзида республикамизнинг айрим вилоят иқтисодий судларида судьялар таркибида кворум бўлмаганлиги сабабли 2019 йил давомида жами 162 та бошқа иқтисодий судларга тегишли ишлар апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқилган.

Эндиликда янги ташкил этилаётган умумюрисдикция судларида
19 тадан 47 тагача судья ишлаши сабабли бундай муаммоларнинг олди олинади. Ишларни суд таркибида кворум бўлмаганлиги сабабли бошқа судларга юборилиши, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ортиқча сарсонгарчиликлари олди олинади.

Шунингдек, илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда Фармон билан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказиш ҳамда маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судларини ташкил этиш, шу муносабат билан туман (шаҳар) маъмурий судларини тугатиш белгиланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида жорий йилнинг
30 июнь куни одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида илғор тажрибалар ва халқаро стандартлар асосида суд тизимини «бир суд — бир инстанция» тамойили асосида қайта кўриб чиқиш, суд тизимида эскилик сарқити бўлган, ўз номи билан ҳам суднинг мазмун-моҳиятига тўғри келмайдиган «назорат тартибида ишларни кўриш» амалиётидан тўлиқ воз кечиш, Олий суд раиси ва Бош прокурорнинг протест келтириш ҳуқуқини бекор қилиш таклифини илгари сурган эди.

Ушбу вазифалардан келиб чиқиб Фармон билан суд ишларини назорат тартибида кўриш институтини тугатиш, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарларининг суднинг ҳал қилув қарорлари, ҳукмлари, ажримлари ҳамда қарорлари устидан назорат тартибида протест киритиш ҳуқуқини бекор қилиш, шунингдек, туманлараро, туман (шаҳар) судларининг қарорларини вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан, вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг биринчи инстанция суди сифатида чиқарган қарорларини эса Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида қайта кўриб чиқиш; апелляция тартибида кўриб чиқилган суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиш тартиби белгиланди.

Бу тартибга кўра, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан туманлараро, туман (шаҳар) судларида биринчи инстанцияда кўрилган ишлар бўйича чиқарилган қарорлар фақат апелляция тартибида кўриб чиқилади, шундан сўнггина ушбу қарорлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқилади.

Фармонда инвесторлар ҳуқуқлари ҳимоясини кафолатлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди тузилмасида инвестициявий низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш бўйича судлов таркибини тузиш, судлов таркибига инвестиция киритилган санада йигирма миллион АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда инвестицияни амалга оширган жисмоний ёки юридик шахслар ва давлат органлари ўртасида юзага келадиган инвестициявий низолар ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш ваколатини бериш белгиланди.

Эндиликда инвестициявий низолар бўйича йирик инвесторларнинг, рақобатга оид ишлар бўйича тарафларнинг хоҳишига кўра, ушбу тоифадаги ишлар бевосита Судлов таркиби томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилиши, қолган инвестициявий низолар инвесторларнинг хоҳишига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар суди томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилиши мумкин.

Илгари бундай низолар туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари томонидан биринчи инстанцияда кўрилиб келинар эди. Маълумки, туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судларида биринчи маротаба судьялик лавозимига тайинланган судьялар фаолият кўрсатади. Бу эса бундан мураккаб низоларни кўришда, уларнинг тажрибаси камлиги ёки иш ҳолатларига чуқур кираолмаганлиги натижасида кўплаб ишлар бўйича суд қарорларини бекор бўлишига, пировард натижада ишда иштирок этган инвесторларнинг ҳуқуқларини ҳимоясини таъминлашда қийинчиликларни юзага келтирар, уларнинг ортиқча сарсонгарчилигига олиб келар эди.

Мисол қилиб оладиган бўлсак, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Навоий вилоят худудий бошқармаси жавобгар якка тартибдаги тадбиркор Рамазонов Шержаҳон Иброҳим ўғли ва “Мир” оилавий корхонасига нисбатан судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, 2015 йил 6 июлдаги 01/09-сонли олди-сотди шартномаси мажбуриятлари бажарилмаганлиги сабабли тарафлар ўртасида тузилган шартномани бекор қилишни сўраган.

Биринчи инстанция судининг 2019 йил 20 декабрдаги ҳал қилув қарори билан даъво талаби қаноатлантирилган, тарафлар ўртасида тузилган олди-сотди шартномаси бекор қилинган. Ҳал қилув қарори апелляция инстанциясининг қарори билан ўзгаришсиз қолдирилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2020 йил 10 июлдаги қарори билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ва апелляция инстанциясининг қарори бекор қилиниб, даъво талабини қаноатлантириш рад этилган.

Бундан кўринадики, инвестициявий низолар ўзининг табиатига кўра мураккаб тоифадаги ишлар бўлиб ҳисобланиши сабабли, ушбу ишларни ҳал этишда кўпроқ билим ва тажриба талаб қилинади.

Мазкур Фармон нафақат суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, балки одил судлов самарадорлигини ошириш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлаш механизмларини кенгайтириш, Президентимиз таъбири билан айтганда, “суд биносига келган ҳар бир инсонни адолат борлигига ишониб чиқиб кетиши”га хизмат қилади.

Салимжон АБДУРАСУЛОВ,
Навоий вилояти иқтисодий суди судьяси

Изоҳ қолдиринг:

Илтимос, изоҳингизни ёзинг
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг