Энди судда жиноят ишини муҳокама қилиш фақат айбланувчиларга нисбатан ва эълон қилинган айблов бўйича олиб борилади

0

Қонунчиликдаги янгиликлар

“Жиноят ишлари бўйича суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун (ЎРҚ–664-сон, 12.01.2021 й.) Президент томонидан имзоланди.

Қонун билан Жиноят ишларини ҳам назорат тартибида кўриш инстанцияси бекор қилинди.

Суриштирувчи, терговчи, суд мажлиси котиби маълум бир ишда қатнашганидан сўнг кейинчалик уни қайта кўриб чиқиш учун суриштирувни, дастлабки терговни юритишда такроран иштирок этиши, шунингдек суд мажлиси баённомасини юритиши мумкин.

Эндиликда судда жиноят ишини муҳокама қилиш фақат айбланувчиларга нисбатан ва эълон қилинган айблов бўйича олиб борилади (илгари ҳақиқатни аниқлаш мақсадида – айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилинмаган бошқа шахсларга нисбатан олиб борилган).

Судланувчини янги айблов бўйича жиноий жавобгарликка тортиш асосларини аниқлаш эндиликда судланувчининг, унинг ҳимоячисининг, қонуний вакилининг илтимосномасига кўра ҳам амалга оширилади (илгари ушбу тартиб фақат прокурорнинг ёки жабрланувчининг, унинг вакилининг илтимосномасига кўра амалга оширилган).

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.