Энг оммалашган илмий хатолар

0

Америкадаги машҳур журнал ўқувчилари орасида сўров ўтказиб, қандай илмий афсоналар оммалашганини аниқлади. Ва олимлардан бу афсоналарни шарҳлаб беришни сўради. Танишинг, энг машҳур илмий афсоналар:

Калласи олинган товуқ яшай олади — рост

Ҳақиқатан ҳам, товуқ калласи олингандан сўнг, бир неча дақиқа “яшайди”. У югуриши ва ҳатто учишга ҳам уриниб кўриши мумкин. Бу ҳолат товуқнинг боши кесилганда миянинг рефлексларга жавоб берувчи бошланғич қисми қолиб кетиши билан изоҳланади.

Ернинг жанубий яримшаридаги гирдоб тескари айланади — ёлғон

Ернинг айланиш тезлиги ҳатто энг кичик сув оқимига таъсир қилишга ҳам етмайди. Гирдобга ҳеч қандай глобал қонуниятлар таъсир қилмайди, балки бу гирдоб ҳосил бўлган релефга боғлиқ.

Инсон миясининг 10 фоизи ишлайди — ёлғон

Бу хато тушунча салкам бир асрдан буён мавжуд. Бахтимизга ундай эмас. Мияни магнит ёрдамида тадқиқ қилиш натижаларининг кўрсатишича, бош миянинг каттагина қисми танамизнинг ҳаракатланишида фаол қатнашади. Ҳатто ухлаётган пайтимизда ҳам миямиз ишда бўлади. Шунинг учун, бундай афсоналарга ишониб юрмасдан, каллани яхшилаб ишлатиш мақсадга мувофиқ.

Коинотда тортишиш кучи йўқ — ёлғон

Бу адашишга ҳозир оммалашиб кетган «ноль тортишиш кучи» ва «вазнсизлик ҳолати» деган жумлалар сабаб бўлганга ўхшайди. Гравитация, яъни тортишиш кучи ҳамма жойда мавжуд ва у барча одамларга бир хил таъсир қилади. Доимий равишда ўз космик кемалари билан биргаликда Ерга тушиб кетавергани сабабли, фазогирлар учун сунъий равишда вазнсизлик ҳолати ҳосил қилинади ва улар «учиб юришади».

Осмонўпар бинодан ташланган танга инсонни ўлдиради — ёлғон

Оддий танга аэродинамика нуқтаи назаридан жудаям мукаммал қурол эмас. Шамол ва ҳаво қаршилиги туфайли ҳатто Эмпире Стате биноси (380 метр)дан ташланган танга ҳам жиддий шикаст етказа олмайди. Шу боис, агар сиз бирортасини тепадан туриб жазоламоқчи бўлсангиз, тангангизга аввал битта ғишт сотиб олинг.

Товуқ шўрва билан шамоллашни даволаш мумкин — салкам рост

Фақат шўрва билан шамоллашни йўқотиш мумкин эмас, албатта. Аммо олимлар беморни мажбурлаб шўрва ичирувчиларни маъқуллайди. Маълум бўлишича, товуқ шўрвада шамоллашга қарши курашувчи моддалар мавжуд экан.

Катта ёшдагилар миясида ҳужайралар ўсиши тўхтайди — ёлғон

Гарчи инсон мияси кичик ёшда энг фаол шаклланиб, ўсса-да, ҳужайралар кўпайиши катта ёшда ҳам тўхтамайди. Тадқиқотларнинг кўрсатишича, нейронлар инсон вафот этгунига қадар ўсишда ва ўзгаришда давом этади. Шу боис, асаблар қайта тикланади ва янаям ақллироқ бўлиш имконияти ҳаммада бор.

Эснаш «юқади» — ростроқ

Тажрибадан маълумки, бир киши эснаса унинг атрофидагиларга ҳам юқади. Бу илмий нуқтаи назардан қанчалик тўғрилигини айтиш мушкул, аммо баъзи олимларнинг фикрича, ёнимиздаги одамнинг эснашини қайтариш рефлекси аввалдан мавжуд.

Ўлимдан сўнг соч ва тирноқ ўсишда давом этади — ёлғон

Вафот этган одам танасидаги барча жараёнлар бирданига тўхтайди. Шу қаторда, сочлар ва тирноқларнинг ўсиши ҳам.

Ёмғир остида югурсак, камроқ ҳўл бўламиз — математик жиҳатдан рост

Бу тахминни текшириш учун махсус ўтказилган математик ҳисоблашларнинг кўрсатишича, ҳақиқатан шундай. Ёмғирда югурсангиз, костюмингиз камроқ ҳўл бўлади. Чунки ёмғир асосан либоснинг олд томонига тушади.

Яшин бир жойга икки марта тушмайди — хавфли ёлғон

Аслида, бутунлай тескариси. Яшин ўзи «маъқул кўрган» жойларига эга. Маълумки, яшин кўпроқ баланд жойларга тушади. Шу сабабли, эндигина яшин урган дарахтнинг тагига бекиниш нотўғри. Осмонўпар биноларга йилига ўртача 25 марта яшин тушади.

Кўкнорили булочкани тановул қилиш — деярли опиум чекиш билан тенг — салкам рост

Ушбу тушунчада ҳақиқат учқунлари борлигини таъкидлаш лозим. Гарчи, кўкнорили булочка еганингизда нашавандлар тушадиган ҳолат — эйфория (ўзидан-ўзи хурсанд бўлаверишлик)ни ҳис қилмасангиз-да, наркологик муаммолар юзага келиши мумкин. Агар иккита кўкнорили булочка истеъмол қилган кишининг қони бироз ўтиб таҳлил қилинса, нашаванднинг қони уникидан тозароқ эканлиги аниқ бўлади.

Итнинг оғзи инсон оғзидан тозароқ — қиёслаш мумкин эмас

Кучуклар озодаликдан йироқ жойларга тумшуқларини тиқишини яхши кўришига қарамасдан, уларнинг оғиз бўшлиғи инсон оғзидан кўра микроблардан тозаланган, деб ҳисобланади. Оғиз бўшлиғида турли биологик кўринишларда яшовчи бактериялар шунчалик бир-биридан фарқ қиладики, уларни солиштириш мумкин эмас. Шундай экан, ит инсондан тозароқ эмас, шунчаки бошқача.

Ҳайвонлар табиий офатларни олдиндан сезадилар — ёлғонроқ

Ҳайвонларда «олтинчи сезги» мавжудлиги ҳақида ишончли далиллар йўқ. Бироқ аъло даражадаги ҳид билиш, эшитиш ва кўриш, шунингдек, инсонлардан кўра яхши ривожланган туғма инстинктлар ҳайвонларга яқинлашаётган хатарни сезиш имконини беради. Шунинг учун жониворлар бўрон ёки тсунамига ҳайратланиб қараб турмайдилар. Шу билан бирга, табиий офатлар туфайли кўплаб ҳайвонлар нобуд бўладилар. Шундай экан, уларда «олтинчи сезги» бўлган тақдирда ҳам бу алоҳида фойда келтирмайди.

Буюк Хитой девори — космосдан кўринадиган ягона инсон қўли билан яратилган объект — ёлғон

Ушбу фикрнинг турли вариантлари мавжуд, аммо уларнинг ҳаммаси бирдай ёлғон. Космонавтлар қуйи орбитадан инсон яратган кўплаб объектларни кўришлари мумкин. Масалан, Миср эҳромлари ёки ҳатто йирик аэропортларнинг учиш-қўниш йўлакчаларини. Айнан Хитой деворининг эса қаэрда эканлигини кўриш бошқа объектлардан кўра қийинроқ. Деворни ойдан кўриш мумкин эмаслиги эса аниқ.

Сақич ошқозонда 7 йилда ҳазм бўлади — катталар ёлғони

Албатта, сақични ҳазм қилиш ошқозон учун бошқа егуликлардан кўра қийинроқ, бироқ организмимиз учун мумкин бўлмаган нарсанинг ўзи йўқ. Жумладан, сақич ҳам ҳазм қилиниб, организмдан чиқариб ташланади. Бу фикр қаттиққўл катталарнинг болаларнинг енгил инжиқликларига бир чораси холос.

Фасллар алмашинуви Ернинг Қуёшдан йироқлиги ўзгариши туфайли — ёлғон

Ердан Қуёшгача бўлган масофа сайёраларнинг орбита бўйича ҳаракати туфайли ўзгариши Ердаги ҳаракатга кам таъсир кўрсатади. Ҳамма гап Ер шарининг Қуёшга нисбатан қиялик бурчаги сабабли бўлиб, бу фасллар алмашинувига таъсир қилади. Ҳаммаси оддий, бироқ ҳалиям тушунарсиз.

Аввалги мақолаКўнгиллилар COVID-19 га қарши қандай курашмоқда?
Кейинги мақолаБозорларда нарх-наво қандай? Озиқ-овқат танқислиги масаласи-чи?