Энг самарали фаолият юритган матбуот котиблари аниқланди

0

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгилаб берилган устувор вазифалар ижроси доирасида ахборот хизматлари раҳбарларининг фаолияти ҳар ярим йилда ўрганилиб, баҳоланиб келинмоқда.

Жорий йилнинг январь-февраль ойларида 2019 йил 3 октябрда Адлия вазирлиги томонидан 3187-рақам билан рўйхатдан ўтказилган мезонлар асосида республика даражасидаги 146 та ташкилот ва идоралар ҳамда 206 та туман ва шаҳар ҳокимликлари матбуот котибларининг 2020 йилнинг II ярим йиллигидаги фаолияти самарадорлиги ўрганилди.

Ўрганиш давомида ахборот хизмати раҳбари фаолияти унинг:

– иш ҳажми (матбуот тадбирлари, уларда оммавий ахборот воситаларининг иштироки ҳамда тадбирларни ижтимоий тармоқларда онлайн эфирлар орқали жамоатчиликка етказиш);

– иш фаолияти сифати (матбуот тадбирларига профессионал ёндашув, раҳбариятнинг иштироки, ахборотни етказиб беришда турли инструментлардан фойдаланиш);

– иш самарадорлиги (ахборотнинг қамров миқёси, соҳага оид муаммоларни биринчи манба сифатида ёритиш, танқидий материалларга муносабат билдириш даражаси ҳамда расмий веб-сайт, мессенжерлар ва ижтимоий тармоқларда ахборот бериш тезкорлиги, ташкилот фаолияти бўйича муайян воқелик муносабати билан расмий баёнот бериш, хорижий оммавий ахборот воситаларида материаллар эълон қилиш) асосий мезон қилиб олинди.

Ўтган йилнинг II ярим йиллигида матбуот котиблари фаолияти самарадорлигини баҳолаш ёндашувларида муайян ўзгаришлар киритилди.

Жумладан, жорий баҳолашда ташкилотлар:

– Марказий ташкилотлар;

– Вазирликлар;

– Давлат қўмиталари ва қўмиталар;

– Агентликлар;
– Инспекциялар;

– Марказлар;

– Акциядорлик жамиятлари ва компаниялар;

– Бошқа республика ташкилотлари;

– Уюшмалар;

– Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тарзида таснифланди.

Шунга кўра, ҳар бир ахборот хизмати раҳбарининг рейтинги ўзи тааллуқли бўлган йўналиш доирасида чиқарилди.

Таҳлилий натижаларга кўра, 2020 йил сентябрь ойига қадар Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари хулосалари асосида ахборот хизмати раҳбари лавозимига расман тасдиқланиб, фаолият юритиб келган республика даражасидаги 125 нафар матбуот котибидан 14 нафарининг иш натижалари юқори, 67 нафариники ўрта, 30 нафариники қониқарли, 17 нафарининг фаолияти паст даражада, дея баҳоланди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорига асосан барча туман ва шаҳарларда ҳам ахборот хизматлари ташкил этилганди. Бу галги рейтингда биринчи марта туман ва шаҳар ҳокимликлари (жами 206 та) фаолияти ҳам инобатга олинди. Ҳокимликлар кесимида 190 нафар матбуот котибидан 6 нафарининг фаолияти юқори, 7 нафариники ўрта,
117 нафариники қониқарли, 60 нафариники эса паст даражада, деб топилди. 16 нафар матбуот котиби мазкур лавозим вакант бўлгани ёки матбуот котиби 6 ойдан кам фаолият юритгани сабабли баҳоланмади. Ўйлаймизки, келгуси рейтингларда ҳокимликлар ўз ўрнини яхшилаш йўлидан боришади.

Марказий ташкилотлар йўналишида Марказий банк (А.Назаров);

вазирликлар йўналишида Адлия вазирлиги (С.Ўринбоева), Ички ишлар вазирлиги (Ш.Ғиёсов), Халқ таълими вазирлиги (Л.Рустамова), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Ф.Санаев);

давлат қўмиталари ва қўмиталар йўналишида Давлат солиқ қўмитаси (Е.Исмаева), Давлат божхона қўмитаси (Н.Cаломов);

агентликлар йўналишида Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги (С.Зокирова), Давлат активларини бошқариш агентлиги (М.Ибодов);

акциядорлик жамиятлари ва компаниялар йўналишида “Ҳудудгазтаъминот” АЖ (М.Маметова), “Ўзкимёсаноат” АЖ (М.Хаитова);

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари йўналишида Самарқанд вилояти ҳокимлиги (М.Мирзаев), Тошкент вилояти ҳокимлиги (Б.Қобулов) ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги (А.Содиқов);

туман ва шаҳар ҳокимликлари йўналишида Учтепа тумани ҳокимлиги (Т.Тўраев), Фориш тумани ҳокимлиги (Р.Каримов), Жиззах шаҳар ҳокимлиги (Х.Раҳимова), Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги (Ж.Носиров), Булунғур тумани ҳокимлиги (А.Жаббаров), Олмалиқ шаҳар ҳокимлиги (Д.Рўзиева) ахборот хизмати раҳбарларида 2020 йил иккинчи ярмида ахборотни замонавий, тезкор ва кенг қамровли усулда оммавий ахборот воситалари (радио/телевидение, газета, ижтимоий тармоқлар, мобил мессенжерлар ва веб-сайтлар) орқали фойдаланувчиларга инфографика, фото, аудио, видео ва матн шаклларида, муайян белгиланган вақт оралиғида етказиб бериш бўйича энг юқори кўрсаткич аниқланди.

Шу билан бирга, ушбу вазирлик, идора ҳамда ташкилотларнинг ахборот хизматлари ўз муассасасининг фаолияти ҳақидаги ахборотларни расмий веб-сайт, мобил мессенжерлар ва ижтимоий тармоқлар билан бирга, хорижий оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишида ҳам етакчилик қилди.

Айтиш керакки, ўрганиш давомида кўплаб республика ташкилотлари матбуот котиблари фаолияти йўналишларини белгиланган мезонлар асосида ташкил қилишда айрим муаммо ва камчиликларга йўл қўйган ҳолатлар ҳам аниқланди. Хусусан, олиб борилган ўрганишлар таҳлили 2020 йилнинг иккинчи ярим йиллиги мобайнида 29 нафар ахборот хизмати раҳбари томонидан ижтимоий тармоқларда онлайн эфирлар берилмаганини кўрсатган бўлса, 55 нафар ахборот хизмати раҳбари томонидан хорижий оммавий ахборот воситаларида материаллар эълон қилинмаган, 50 нафар ахборот хизмати раҳбари томонидан муайян ахборот воқелиги муносабати билан видео форматида ёки матн шаклида расмий баёнот берилмаган.

Бундан ташқари, 8 нафар ахборот хизмати раҳбари фаолияти доирасидаги соҳага оид муаммоларни ёритмаган, 23 нафар ахборот хизмати раҳбари томонидан ўтказилган тадбирлар ҳақидаги ахборотни расмий веб-сайт, мессенжерлар ва ижтимоий тармоқларда эълон қилиш ҳолати (тезкорлиги) талаб даражасида эмас.

Туман ва шаҳарлар ҳокимликларида эса ташкилий масалалардаги камчиликлар, ахборотни етказиб беришда замонавий ёндашувлардан фойдаланмаслик, қамровнинг торлиги, шунингдек, ишнинг тизимли олиб борилмаслиги каби камчиликлар яққол кўзга ташланмоқда.

Тўлиқ рўйхат билан ушбу https://aoka.uz/article/mkjw3wa0fiit-matbuot-kotiblari-faoliqti-baolandi манзилда танишишингиз мумкин.

Аввалги мақолаХўжайлида адлия бўлими аралашуви билан бола ўз уйига қайтди
Кейинги мақолаСохта парфюмерияни қандай аниқлаш мумкин?