Ҳудудлар тоифаси қайта кўриб чиқилади: Карантин чоралари кучайтирилиши мумкин

138

Шавкат Мирзиёев раислигида бугун инвестиция масалалари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда давлат раҳбари  коронавирус пандемияси, карантин чораларига бепарволик билан қаралаётганига алоҳида тўхталди.

“Кейинги кунларда коронавирус билан касалланганлар сони республикамизда ҳам кўпайганлиги қайд этилмоқда.

Айтиш керакки, аксарият ҳудуд ва корхона раҳбарлари, фуқароларимиз карантин чораларининг юмшатилганини “касаллик тугади” деб, нотўғри қабул қилмоқдалар.

Бугунгача чет элдан олиб келинган фуқароларимиз сони 47 мингтани ташкил этмоқда. Афсуски, уларнинг, айниқса кейинги икки ҳафта давомида кириб келганларнинг аксариятида коронавирус аниқланган.

Беморларнинг қарийб 50 фоизини ҳам хориждан келган фуқаролар ташкил этади.

Кейинги 10 кунда 3,5 минг одам ҳаво йўллари, 7 мингга яқин ватандошимиз чегара постлари орқали юртимизга кириб келиши кутиляпти. Бунга қўшимча яна 100 минг нафардан ортиғи Ўзбекистонга қайтиш истагини билдириб, навбат кутмоқда.

Фуқароларимиз қайтиб келаётган давлатлар ҳамда қўшни мамлакатлардаги вазиятнинг оғирлигини ҳисобга олиб, хотиржамликка берилиш мумкин эмас.

Бугунги кунда 40 та туман (шаҳар) “қизил”, 45 таси “сариқ” ҳудуд сифатида қолмоқда. Энг ташвишлиси, ўтган 10 кунда аҳоли ўртасида касалланганлар сони ҳам ошиб бормоқда. Жумладан, Навоийда 57 та, Самарқандда 73 та, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида 114 та шундай ҳолат аниқланган.

Айниқса, бозорлар, савдо комплекслари, банкларда ижтимоий масофага амал қилмаслик, кўча-кўйда тиббий ниқоб тақмаслик, бемалол ва хотиржам бўлиб, уйларда турли тадбирлар ўтказиш ҳолатлари кўпаймоқда.

Бундай салбий ҳолатлар касалликни аниқлаш, олдини олиш ва даволаш учун қилаётган барча ҳаракатларимиз, бюджетдан олинаётган триллионлаб харажатларимиз натижадорлигини йўққа чиқариши мумкин”, деди Президент.

Республика комиссиясига вилоят ҳокимлари билан бирга бир кун муддатда эпидемиологик вазият ёмонлашган ҳудудларнинг тоифасини қайта кўриб чиқиш ҳамда карантин чораларини кучайтириш бўйича таклиф киритиш вазифаси топширилди.

Президент тошириғи билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги “қизил” ва “сариқ” ҳудудларда кунлик тест олиш сонини оширади. Бунда тиббиёт муассасалари, бозорлар, банклар ва аҳоли кўп жойларда назорат тестлар олиш кўпайтирилади.

Изоҳ қолдиринг:

Илтимос, изоҳингизни ёзинг
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг