Ер участкалари олиб қўйилган мулкдорларга етказилган зарар давлат томонидан тўлиқ қопланади

0

АОКАда бўлиб ўтган брифингда Олий суд Ахборот хизмати раҳбари Азиз Обидов Ер кодексига киритилган ўзгартиришлар билан мулкдорлар ҳуқуқлари дахлсизлигини таъминлаш борасида маълумот берди.
— «Мулкдорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунга мувофиқ ер участкасига бўлган ҳуқуқни бекор қилувчи қоидалар назарда тутилган Ер кодексининг 36-моддаси тўр¬тинчи қисми ҳамда 38-моддаси янги таҳрирда баён этилди.

Бундан кўзланган мақсад, биринчи навбатда, ер участкаси ёки унинг бир қисмини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ҳокимлар томонидан олиб қўйилишига тақиқ белгилашдан иборат.

Қонунга киритилган ўзгартиришларга кўра, туман, шаҳар, вилоят ҳокимларининг ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан ер участкасига эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқи фақатгина тўртта ҳолатда, яъни:

🔹ер участкасидан ихтиёрий воз кечилганда;

🔹ер участкаси берилган муддат тугаганда;

🔹юридик шахс тугатилганда;

🔹хизматда фойдаланиш учун ер беришга асос бўлган меҳнатга оид муносабатлар бекор бўлганда тугатилиши мумкин.

Ер эгаларининг ер участкасига ёки унинг бир қисмига эгалик қилиш ёхуд ундан фойдаланиш ҳуқуқи, шунингдек, ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини бекор қилиш суд томонидан амалга оширилади.

Мазкур қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши пировардида мулкдорлар ҳуқуқлари, уларни асоссиз равишда ўз мулкига бўлган мулк ҳуқуқидан маҳрум этишдан ҳимоя қилиш кафолати мустаҳкамланди.

Қолаверса, ер участкалари олиб қўйилиши муносабати билан мулкдорларга етказилган зарарларининг ўрни давлат томонидан тўлиқ қопланади.

Аввалги мақолаБир мактаб бор: қирқ йилда юз олим етиштирган
Кейинги мақолаЭнди сайтлар ҳам Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситаларига аъзо бўлиши мумкин