ТаҳлилЭронда аёллар кечирилмайди! Маҳса Амини ўлими фонидаги мулоҳазалар

Эронда аёллар кечирилмайди! Маҳса Амини ўлими фонидаги мулоҳазалар

Форс кўрфази дурдонаси, қадимий империянинг тарихий обидалари жойлашган ислом республикаси Эрон урф-одатлар ва диний анъаналарга қатъий риоя этадиган мамлакатдир. Аммо бу заминда, нафақат, диний анъаналар, балки турли ҳудудлар бўйлаб бидъат ва шафқатсизлик руҳи баб-баравар кезиб юради. Бу сўнгги йилларда маърифатпарварлар сифатида ижтимоий тармоқлар ва ОАВларда бўй кўрсатаётган жамоат фаоллари, ўз асарлари билан туб аҳолининг оғир ҳаётини, ижтимоий адолатсизликларни очиб бераётган киноижодкорлар ракурсларида яққол кўрина бошлади.

Мана, бир неча кундирки, бу мамлакат тинч эмас. Эроннинг турли шаҳарларида, пойтахт Теҳронда оммавий тартибсизликлар юз беряпти. 22 ёшли Маҳса Аминининг ўлимидан сўнг бошланган норозиликлар ҳукуматга қарши намойишларга айланди.

Теҳронга қариндошларини кўриш учун оиласи билан келган курдистонлик Маҳсани метродан чиқаётганида ахлоқ полицияси тўхтатади. Маълум бўлишича, полиция қизни ҳижобни нотўғри кийишда айблаган ва маҳкамага олиб кетган. Маҳса Амини ҳибсга олинганидан уч кун ўтиб вафот этди. Ҳозирда гувоҳлар полицияни қизни калтаклаганликда айблашяпти.

Полиция ўз навбатида бу фактлар ёлғон эканлигини, қизга шунчаки “тарбиявий соат” ўтказилгани, юрак хуружи сабаб у вафот этганини таъкидлашдан чарчамаяпти. Бу ҳақда генерал Ҳусайн Раҳимий расмий баёнот берган.

Аммо бу баёнотларга ҳеч ким ишонмаяпти. Қизнинг отаси маҳаллий ОАВларга берган интервьюсида Маҳса бутунлай соғлом бўлганини айтган. Қизнинг ўлими айни пайтда Эрон пойтахти ва шимоли-ғарбида, Курдистон вилоятида катта норозиликларга сабаб бўляпти. У ерда, маҳаллий манбаларга кўра, полиция билан тўқнашувда уч киши ҳалок бўлган, 30 дан ортиқ киши яраланган, баъзилари оғир. Ҳатто Букан шаҳрида намойишлар чоғида 10 ёшли қиз ҳалок бўлгани айтиляпти: ўқ унинг бошига теккан. Ижтимоий тармоқларга жойлаштирилган видеоларда ҳам оломон Дивандерра шаҳрида отишма овози остида қочиб кетаётгани, тошбўронлар ва бошқа кадрларда пойтахтдаги норозилик намойишлари акс этган. У ерда аёллар рўмолларини ечиб, “Диктаторга ўлим” деб ҳайқиришмоқда. Бу олий раҳнамо — Оятуллоҳ Али Хоманаийга қарши тез-тез қўлланиладиган шиор.

Осилсин! Аёлларга жазо енгиллаштирилмайди

Эрон кинофильмларини кўрганмисиз? Ижтимоий ҳаётда ва оилада аёлларнинг ўрни деярли йўқ, бордию, аёл нимадир бир гумроҳлик қилиб қўйса, унга асло шафқат қилинмайди, кечирилмайди, у ҳатто ўз ўғилларининг тошбўрони остида қолиши мумкин. Афсуски, бу бадиий тўқима эмас, ҳаётий факт. Ёшгина қизнинг ўлими мамлакат аҳлини бежиз ларзага солмади. Ижтимоий адолатсизликка қарши кескин тоқатсизлик билдириляпти. Тор ва бидъатларга тўла менталитетнинг, айниқса,  давлат тузилмаларида ва қонунларда акс этиши ўта аянчли кўринмоқда. Давлатдаги норозиликлар фонида ОАВга сизиб чиқаётган маълумотлар асосида Эронда аёллар ҳуқуқининг қайси даражада эканлигини таҳлил қилишга ҳаракат қилдик.

Эронда ўлим жазоси амал қилади. Кейинги йилларда инсон ҳуқуқлари фаоллари бу жазони бекор қилишга қарата ҳаракатлар бошлаган. Аммо бу ҳозирча ҳеч қандай натижа кўрсатгани йўқ. Мамлакатда ўлимга ҳукм қилинганларнинг катта қисми эркаклар ҳисобига тўғри келади. Бироқ охирги йилларда қатл этилган аёллар сони ортиб бормоқда. Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланадиган “Abdorrahmon Boroumand” маркази 2000 йилдан бери аёлларга нисбатан 233 та ўлим жазосини қайд этган. Марказ маълумотларига кўра, бу аёлларнинг 106 нафари қотиллик, 96 нафари эса гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятларда айбланган. Яна бир қанча аёллар зино учун ўлимга ҳукм қилинган. Қизиғи, марказ ходимларининг сўзларига кўра, ушбу ҳолатларнинг атиги 15 фоизи расман хабар қилинган, қолганлари ҳақида фаоллар сиёсий маҳбуслардан ёки расмийлар тор доирада  сиздирган маълумотларидан билишган.

Маҳаллий аҳоли менталитетида моғордай ўрнашиб қолган аёлларни кечирмаслик, аёлларга нисбатан дискриминация қонунчиликда ҳам, судда ҳам айнан такрорланади. Кўплаб ҳуқуқ ҳимоячилари Эрон суд тизими аёлларни камситади, деб ҳисоблайди. Эътибор беринг, қизлар учун жиноий жавобгарлик ёши 9 ёш, ўғил болалар учун 15 ёш қилиб белгиланган. Ва аёлларнинг гувоҳлигига ҳар доим эркакларнинг сўзларига қараганда камроқ қонуний аҳамият берилади. Камдан-кам ҳолатларда аёллар кечирилиши учун эса жабрланувчи (қурбон)нинг яқинлари аёлни кечириши керак, акс ҳолда унинг жазоси енгиллаштирилмайди, судьялар тап тортмай уни осишга ҳукм қилади. Аслида бу тартиб Эронда “кесас” номи билан машҳур бўлган исломий “қасос қонуни”да белгиланган. Демак, ҳуқуқ тартибот идоралари ҳам шу қонун мотивларидан фойдаланади.

Маълумотларга кўра, бу йил ҳам Эронда ўнлаб аёл ўлимга ҳукм қилинган ва осилган. Уларнинг аксарияти аёлларга нисбатан зўравонлик қўллаган эри ёки шеригини ўлдирганликда айбланган. Кўриб турибсизки, оиладаги зўравонлик каби енгиллаштирувчи ҳолатлар суд томонидан умуман ҳисобга олинмайди.

Суд тизимидаги адолатсизликнинг аянчли томони ҳам шуки, аёл зўрлангани, зўравонликка учрагани ортидан ўзини ҳимоя қилиб, қотилга айланган бўлиши мумкин. Даҳшатлиси, жиноятчи аёл бўлгани учунгина бу ҳолат жазони енгиллаштирмайди. Аёлни на жамият, на давлат, на қонун кечиради! Ҳатто унинг чорасиз ҳолатида ҳам. Ослода жойлашган “Eron Human Rights” нодавлат ташкилоти тадқиқотларида бу кўп марта исботланган. Масалан, эрини ўлдиришда айбланган Сюзан Резайпур олти йил қамоқда ўтиради ва жабрланувчининг яқин қариндошлари, жумладан, амакиси уни кечиришдан бош тортгач, осилади. Суд мажлисида Сюзан Резайпур қотиллик содир этилган куни эри жуда маст бўлгани ва уни шунчалик калтаклаганидан асло чидай олмаганини айтади. Аммо қотилликнинг бу важи суд томонидан инобатга олинмайди.

Худди шундай шов-шувли ишлардан бири собиқ разведка ходимини ўлдирганликда айбланган 26 ёшли Рейҳана Жабборийнинг қатл этилиши бўлган. У разведка ходими уни зўрлашга уринганини, қаттиқ қийноқларга дучор бўлганини айтади. Жабрланувчининг оиласи қизни кечирмайди. Ўзини ҳимоя қилиш учун одам ўлдиришга мажбур бўлган Рейҳана Жабборий 2014 йил октябрь ойида осиб ўлдирилади.

Айнан аёлларга нисбатан дискриминациянинг яна бир кўриниши: эр-хотин эронликлар гиёҳванд моддалар савдосида айбланиб, ушланади. 2021 йил 25 ноябрда Исфахон шаҳрида 41 ёшли Мариам Хакпур гиёҳвандлик билан шуғуллангани учун осилади. Унинг эри ҳам судланади, аммо қатл қилинмайди, қамоқ жазосига ҳукм қилинади.

Ўлим жазоси бекор қилиниши мумкинми?

Ҳозир Эрон одамларни қатл этиш сони бўйича Хитойдан кейин иккинчи ўринда туради. Журналист Жулиа Бурбон Фернандеснинг қайд этишича, хавотирли статистик маълумотлардан ташқари, Эрон жамиятида ўлим жазосини бекор қилиш учун фаол ҳаракат кузатиляпти. Бу эронлик режиссёрлар томонидан суратга олинган фильмларда ҳам ўз ифодасини топган: хусусан, Фернандес Муҳаммад Расулофнинг Эрондаги ўлим жазоси ҳақида тўртта ҳикояни акс эттирувчи “Бу ерда ёвузлик йўқ” фильмини мисол қилиб келтиради. Фильм 70-Берлин кинофестивалида “Олтин айиқ” мукофоти билан тақдирланган.

Бундан ташқари, Эрон зиёлилари ижтимоий тармоқларда ўлим жазоси ҳақидаги қонунни назарда тутувчи “Bajarmang” хештегини ишга туширишди. Ҳозирда бу кампания нафақат Эрон ичида, балки ундан ташқарида ҳам тарқаляпти.

Шунга қарамай, мамлакат қонунчилигида ўлим жазосига тоқатсизликни акс эттириш, аёллар ҳуқуқларининг озгина учқунини бўлса ҳам рўёбга чиқариш катта жасорат (қонли тўқнашувлар кузатилиши мумкин), юқори даражадаги ҳуқуқий ислоҳотларни талаб қилади. Ва ҳозирча бунга ишонч етарли эмас.

Мадҳия АВАЗОВА,
журналист

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img