Эронлик спортчининг қатл этилиши халқаро ташкилотлар норозилигига сабаб бўлмоқда

0

Халқаро Олимпия қўмитаси Эронда қотилликда айбланган 27 ёшли курашчи Навид Афқарийнинг  қатл этилиши муносабати билан қаттиқ қайғуда эканини билдирди. Қатл  ҳақида ўтган шанба куни Эроннинг Форс вилояти бош прокурори хабар қилган эди.

Эронда соқчини ўлдириш ва норозилик намойишларида иштирок этишда айбланган курашчи Навид билан бирга унинг икки акаси ҳам ҳибсга олинган. Суд уларнинг барчасини ҳукуматга қарши гуруҳларни ташкил этиш, полициячини ўлдириш ва 2018 йил ёзида ўтган тартибсизликларда фаол иштирок этишда айбдор деб топган. Ўшанда мамлакатдаги иқтисодий вазият ёмонлашганига қарши ўтган оммавий норозиликлар қаттиққўллик билан бостирилган эди.

15 августда Эрон олий суди Навидга аввалроқ чиқарилган ўлим жазосини ўз кучида қолдирган. Ўтган ҳафтада АҚШ президенти Дональд Трамп Эрон ҳукуматини Навид Афқарийга чиқарилган ўлим жазоси ҳукмини бекор қилишга чақирганди.

Мазкур қарор бўйича Эроннинг Буюк Британиядаги элчихонаси олдида норозилик намойишлари ҳам ўтказилган. Шунингдек, дунёнинг икки йирик атлетлар уюшмаси  — Global Athlete ҳамда  World Players United — расмий Теҳронга мурожаат қилиб, ҳукмни ижро этмасликни сўраган. Афқарий қатл этилганидан кейин ушбу уюшмалар  Халқаро Олимпия қўмитасига мурожаат қилиб, Эронни ХОҚ аъзолигидан чиқаришни сўраган.

“Евроньюс” телеканининг маълум қилишича, марҳумнинг адвокати Афқарийни ҳатто ўлими олдидан яқинлари билан видолашишига ҳам имкон берилмаганини айтган.

Изоҳ қолдиринг:

Илтимос, изоҳингизни ёзинг
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг