Эътироф этиш керак, Президентимиз томонидан имзоланган “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон мамлакатимизда одил судловни таъминлаш борасидаги муҳим ва дадил қадам бўлди.

Фармонда сўнгги йилларда мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилган изчил ислоҳотлар натижасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиққани, хусусан, нохақ айбланган 2300 нафарга яқин киши оқлангани қайд этилди. Оқланиб, юзи ёруғ бўлган ана шу ҳамюртларимиз орасида эса Фарғона шаҳридаги “Farg‘ona maxsus energo montaj” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Шокиржон Алихонов ҳам бор. Дастлабки тергов органи томонидан эълон қилинган айбловга кўра, Ш.Алихонов умумбелгиланган солиқларни тўлашдан қочиш мақсадида жамият ишчилари сонини сунъий равишда камайтириб кўрсатиш механизмини режалаштирган. Аниқланишича, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 28 августдаги 275-сон қарорида микрофирмалар ва кичик корхоналарнинг ходимлари сони мезонлари белгиланган. Унга биноан, ходимларининг ўртача йиллик сони 50 нафардан кўп бўлмаган микрофирмалар ва кичик корхоналар ягона солиқ тўловини амалга оширади. Шу боис жамият раҳбари, аввало, ўзининг ўринбосари З.Турдикулов таъсисчилигида “Dolina energo stroy montaj” МЧЖни ташкил этган. Сўнг ўз ишчиларидан 22 нафарини ишдан бўшатиб, “Dolina energo stroy montaj” МЧЖга ишга қабул қилган. Натижада ходимлар сони 50 нафардан камайиб, 2017 йилнинг июль ойидан бошлаб ҳар иккала жамият ягона солиқ тўловини тўлашга ўтган. Бироқ мазкур жамиятларнинг ўртача йиллик ишчилар сони 2017 йил якунида 72,5 нафар, 2018 йил 9 ойида эса 59 нафарни ташкил этган. Бинобарин, Фарғона шаҳар прокуратурасининг тегишли қарорига асосан “Farg‘ona maxsus energo montaj” МЧЖда солиқ текшируви ўтказилган. Оқибатда, Ш.Алихонов юқоридаги схема асосида жуда кўп миқдордаги жами 481.495.600 сўм солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаб, Жиноят кодексининг 184-моддасининг 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланган.

Суд жараёнида маълум бўлишича, ҳар иккала жамият ўртасидаги муносабатлар 2017 йил 4 январдаги 1/С-сонли пудрат ва 2018 йил 4 январдаги 01-01/18-сонли субпудрат фуқаролик ҳуқуқий шартномалар асосида амалга оширилган. Шундай экан, текширишда мазкур жамиятларнинг йиллик ишчилар сони ўртача 2017 йилда 72,5 нафар ва 2018 йил 9 ойида 59 нафарни ташкил этиб, “Farg‘ona maxsus energo montaj” МЧЖ айбловда кўрсатилган 481.495.600 сўм умумбелгиланган солиқни тўлаши кераклиги кўрсатилган бўлса-да, бу хулоса на илмий, на ҳуқуқий асосга эга эмас. Колаверса, Фарғона шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан “Farg‘ona maxsus energo montaj” МЧЖда 2016-2017-2018 йиллар давомида Меҳнат кодекси талабларига амал қилиниши юзасидан ўтказилган текширишда ишдан бўшатиш ва ишга қабул қилиш борасидаги буйруқларни расмийлаштиришда камчиликлар аниқланмаган. Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза маркази Андижон вилоят бўлимининг 2020 йил 21 февралдаги 21-02/206-сонли суд бухгалтерия экспертизаси хулосасига мувофик, ҳисобланган юқоридаги қўшимча солиқ ва мажбурий ажратмаларни услубий жиҳатдан асосли деб бўлмайди.

Олий суд Пленумининг 2013 йил 31 майдаги “Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаганлик учун жавобгарликка оид қонунчиликнинг судлар томонидан қўлланилиши тўғрисида”ги Қарорининг 16-бандида судлар солиқларни тўлашдан бўйин товлашга оид ҳар бир жиноят иши бўйича суриштирув ва дастлабки тергов органлари томонидан жиноят-процессуал қонунининг далиллар мақбуллигини тартибга солувчи нормаларига риоя этилганлигини синчковлик билан аниқлашлари шартлиги, бунда шуни назарда тутиш лозимки, далилларни тўплаш учун белгиланган тартибни бузган ҳолда олинган ҳужжатлар ёки бошқа маълумотлар шахсни жиноий жавобгарликка тортиш учун асос бўла олмаслиги ҳақида тушунтиришлар берилган.

Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддасида судланувчининг қилмишида жиноят таркиби бўлмаса, айбсиз деб топилиши ва реабилитация этилиши, 464-моддасида эса жиноят содир этилишига судланувчи дахлдор бўлмаса, судланувчига қўйилган айблов иш ҳолатлари батафсил текширилгандан кейин ишонарли тарзда ўз тасдиғини топмаса, суд судланувчини оқлаши белгиланган. Ана шу асосларга таянган жиноят ишлари бўйича Фарғона туман суди  ҳукми билан Шокиржон Алихоновни айбсиз деб топиб, оқлади.

Албатта, бу Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг кўламли суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг кичик бир кўриниши холос. Юқорида тилга олинган Фармонда белгиланган вазифалар келгуси йил бошидан – 2021 йил 1 январдан бошлаб руёбга чиққач, ислоҳотлар самараси янада яққолроқ – деярли хар бир жиноят иши материалларида ўз ифодасини топиши шубҳасиз.

Фармоннинг энг эътиборли жиҳатларидан бири бу – вилоят ва унга тенглаштирилган судлар негизида жиноят, фуқаролик ва иқтисодий судларнинг бирлаштирилишидир. Ёки маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни кўришни жиноят судларига ўтказилиши маъмурий назоратни янада тўлақонли таъминлашга, шу орқали жиноятчиликнинг олдини олишга ҳам хизмат қилади. Қолаверса, “Бир суд – бир инстанция” тамойили ёхуд прокурорнинг қачонки тарафлардан бирининг мурожаати бўлгандагина жиноят ишини чақириб олиши мумкинлиги ҳакида ҳам ана шундай ижобий фикрларни билдириш мумкин.

Давлатимиз раҳбарининг айни Фармонига биноан юз беражак яна бир янгилик судья сифатида мени жуда мамнун этди. Бу – вилоят судларида матбуот хизматларининг  ташкил этилишидир. Агар вилоят судида матбуот хизмати ташкил этилса, биз судьяларнинг амалдаги конунларнинг мазмун-моҳияти ва суд фаолиятидан жамоатчиликни бохабар қилиш бўйича ва бошқа ҳуқуқий тарғибот ишларимиз янада ижобий самара беради.

                                                                        Фаррух АБДУРАИМОВ,
                                 жиноят ишлари бўйича Фарғона туман суд раиси

Изоҳ қолдиринг:

Илтимос, изоҳингизни ёзинг
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг