Фарғонадаги қалбаки пул ўз “соҳиби”ни икки кунда фош қилди

126

Халқимизда “Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан сўнг ҳам чиқади” деган пурҳикмат нақл бор. Албатта, айни нақл жуда топиб айтилган. Кундалик ҳаётимизда бунга кўп бора гувоҳ бўлганмиз.

Фарғона шаҳрида яшовчи Ғайратжон Қаҳҳоров (исм-шарифлари ўзгартирилган)нинг ноқонуний қилмиши икки кунда фош бўлди. Гап шундаки, 22 ёшли бу йигит якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмаган ҳолда фото-видео суратга олиш фаолияти билан шуғулланиб келгани етмагандек жиноятга қўл урди. Яъни зиммасидаги қарзларидан қутилиш мақсадида қалбаки пул ишлаб чиқариш фикри пайдо бўлди унда. Шу мақсадда шаҳарнинг Шифокорлар кўчасидаги ўзи истиқомат қилаётган уйнинг бўш турган хонадонларидан бирини ижарага олиб, 2019 йил 5 октябрь куни ўша ерга компьютер ва принтерни келтирди. Сўнгра ўзининг 3 дона 50.000 сўмлик пулларини қоғозга нусхаларини кўпайтирган ҳолда чиқарди. Пул шаклига келтиргач эса “ишга” киришди.

Аввалига – 2019 йил 6 октябрь куни Ғайратжон Фарғона шаҳар Қувасой кўчасида жойлашган озиқ-овқат савдо дўконидан 1 дона “Динай” номли салқин ичимликни 8.000 сўмга сотиб олди. Эвазига сотувчи Ж.Мамасидиқовга қалбаки 50.000 сўмлик пулни тақдим этиб, 42.000 сўм қайтимини олиб кетди. Қарасаки, бошланиши ёмон эмас. Шунинг учун йигитнинг “уддабурон”лиги эртаси куни ҳам давом этди. Аниқроғи, у ўртоғи Нуриддин Зарипов билан бирга шаҳарнинг А.Навоий кўчасида турган пайтда қўнғироқ қилиб, такси чақирди. Бинобарин, зум ўтмай шаҳардаги “Статус” номли такси фирмаси ҳайдовчиси У.Назаралиев буюртмага асосан етиб келди.

—  Қанча бўлди?, — сўрашди икковлон манзилга етиб боришгач.

— Тўққиз минг сўм, — деди ҳайдовчи.

Шунга кўра, Нуриддин битта 100.000 сўмлик пул узатди унга. Бироқ У.Назаралиев бу пулга майдаси, қайтими йўқлигини маълум қилди. Бу гап эса Ғ.Қаҳҳоровга жуда қўл келди. Яъни у ҳайдовчига қалбаки пулларидан бирини бериб, илгаригидек қайтимига ҳақиқий пул олди. Лекин орадан ярим соат ўтар-ўтмас ҳайдовчи унга қўнғироқ қилди.

— Пулингиз “подделка” экан, қаердасиз?

— Бўлиши мумкин эмас, — деди Ғайратжон сир бой бермай.

— Ишонмасангиз, ҳозир тушган жойингизга қайтиб келинг, ўзингизга кўрсатаман.

У.Назаралиев шундай деб йигитларни туширган ерга қайтиб борди. Аммо бу пайтда Ғ.Қаҳҳоровнинг уяли телефони аллақачон ўчирилганди. Шу боис кута-кута тоқати тоқ бўлган ҳайдовчи Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Фарғона шаҳар бўлимига ариза билан мурожаат қилди. Оқибатда, “қаҳрамон”имиз тез фурсатда қўлга тушди. У.Назаралиев тақдим этган АА7866664 серияли, дўкони сотувчиси Ж.Мамасидиқовдан бўлса АО4664401 серияли, шунингдек, ижарага олинган хонадондан 43 дона 50.000 сўмлик жами 2.150.000 сўм қалбаки пуллар далилий ашё тариқасида олинди. Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди эса айбдорни қонуний жазога маҳкум этди. Энг ачинарлиси, Ғайратжоннинг маҳалла-куй, қариндош-уруғ ва яқинлар ўртасида ота-онасининг юзини ерга қаратиб, ҳали уйланмай туриб ўзининг йигитлик шаънига доғ туширгани қолди холос.

Феруза СИДДИҚОВА,
                                                жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди судьяси

Хуршид СУЛТОНОВ,
                                                        журналист

Изоҳ қолдиринг:

Илтимос, изоҳингизни ёзинг
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг