Фарғона вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбарлигига истеъфо бердим – Муҳаммаджон Обидов

0

Муҳаммаджон Обидов матбуот котиблигидан истеъфо берди. Бу ҳақда у ўзининг Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.

Унинг айтишича, 17 сентябрдан буён пневмония касаллиги билан шифохонада дваоланмоқда. Ўпкасининг 45 фоизи шикастланган. Шу сабабли Шуҳрат Ғаниевни кузатиш, Хайрулло Бозоровни тайинлаш маросимида ҳам иштирок этолмаган.

“Ҳокимликнинг Ахборот хизматини бир кун ҳам эгасиз қолдириб бўлмайди. Қолаверса, янги ҳоким иш бошлади. Шунинг учун бугун бир қарорга келдим: Фарғона вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбарлигига истеъфо бердим. Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров билан илгари ҳам, ҳозир ҳам учрашмаганман. Шундай бўлсада касаллигимни инобатга олиб, аввал тузалиб чиқсин, ёки телефонда бир сўзлашай демасдан истеъфоимни қабул қилибдилар. Хурсанд бўлдим”, дейди Муҳаммаджон Обидов.

Муҳаммаджон Обидов фикрининг сўнггида бир йил давомида Ғаниев билан астойдил, фидойилик ва садоқат билан ишлагани ҳақида ёзаркан, Шуҳрат Ғаниев кучли шахс ва буни республика миқёсида қиладиган ишлари билан исботлашига ишонишини маълум қилган.