Суд очеркиФарғонада “Турон банк”нинг 700 миллионга яқин пулларини пластик карта орқали ўғирлаган 7...

Фарғонада “Турон банк”нинг 700 миллионга яқин пулларини пластик карта орқали ўғирлаган 7 нафар шахс судланди

Замон тезлашиб, ахборот технологиялари тобора ривожланиб бориб, барчамизни шошириб қўяётгани сир эмас. Шу аснода, бу каби тезкор ўзгаришлардан ғайриқонуний ишларда фойдаланаётган одамлар ҳам йўқ эмас. Жиноят ишлари бўйича Тошлоқ туман судида 2021 йил октябрь ойида кўриб чиқилган жиноят иши бунга мисол бўла олади.

Иш ҳолатига кўра, Ёзёвон туманида яшаб келган ёш йигит Р.У. 2020 йил 19 декабрь куни соат 21-30ларда таниши Р.О. “Туронбанк” АТБнинг “My Тuron” мобил иловаси орқали “Humo” пластик картаси ҳисоб-рақамидан 9.950 сўм пулларни “Uzсard” пластик картаси ҳисоб-рақамига ўтказганида, ўтказма амалга ошиб, “Uzсard” пластик картаси ҳисоб-рақамига 9.950 сўм пуллар қабул қилинганлигини, бироқ ўтказилган 9.950 сўм пуллар “Humo” пластик картаси ҳисоб-рақамидан камаймаганлигини, шунингдек, исталган суммадан 50 рақамини айириб ташлаб, келиб чиққан суммани “Humo” пластик картаси ҳисоб-рақамидан “Uzсard” пластик картаси ҳисоб-рақамига ўтказганида ҳам шу каби ҳолат содир бўлганлигини эшитиб, ушбу ҳолатни текшириш мақсадида яшаш хонадонида “Туронбанк” АТБ Фарғона филиалидан 2019 йил 21 майда расмийлаштириб олган 8600 1129 3346 4984 рақамли “Uzсard” пластик картасини ҳамда 2019 йил 20 сентябрда расмийлаштириб олган 9860 1501 1347 4095 рақамли “Humo” пластик картасини ўзининг телефонига “смс” хабарнома хизматини ёқиб, фойдаланувида бўлган “Red Mi-7” русумли телефон аппаратига ўрнатилган “My Тuron” мобил иловасига ушбу ҳар иккала пластик карталарни бириктириб, фойдаланиш жараёнида илова орқали “Humo” пластик картаси ҳисоб-рақамида мавжуд бўлган 14.000 сўмдан 9.950 сўмини “Uzсard” пластик картаси ҳисоб-рақамига ўтказиб, ўтказмани амалга оширганидан сўнг “Humo” ва “Uzсard” пластик карталаридаги ҳисоб-рақамларни илова орқали текшириб кўрганида, “Uzсard” пластик картаси ҳисоб-рақамига 9.950 сўм пуллар қабул қилинганлигини, лекин “Humo” пластик картаси ҳисоб-рақамидан 9.950 сўм пуллар камаймаганлигини сезиб, ушбу пуллар “My Тuron” мобил иловасидаги техник хатолик сабабли “Туронбанк” АТБнинг ҳисоб-рақамидан ечиб олинаётганлигини англаб, ушбу ҳолатларни банк масъул ходимлари сезмаётганликларига ишонч ҳосил қилган. Шундан сўнг, Р.У. ва Р.О. “Туронбанк” АТБнинг ҳисоб-рақамидаги пул маблағларини биргаликда яширин равишда талон-торож қилишлари ҳақида ўзаро тил бириктирган ҳолда бир гуруҳга бирлашиб, иловада мавжуд бўлган хатоликлар ҳақида банк масъулларини огоҳлантирмасдан, “My Тuron” мобил иловасида техник хатолик келтириб чиқараётган суммаларни ўйлаб топиш ва ушбу хатоликни келтириб чиқарадиган суммаларда жуда кўп маротаба банк амалиётларини амалга оширишлари натижасида “Туронбанк” АТБ ҳисоб-рақамидан пулларни ўзларида мавжуд бўлган “Uzсard” пластик карталари ҳисоб-рақамига кўчириш орқали яширин равишда талон-торож қилиш ва тасарруф этиш жиноий режасини тузганлар ҳамда ушбу жиноий режаларига бир неча бошқа танишларини ҳам жалб қилганлар.

Дастлаб, Р.У. ва Р.О. юқоридаги усулдан фойдаланиб, 121.171.750 сўмни, орадан бир неча кун ўтгач Р.У. ўртоғи Ж.А. билан 220.000.000 сўмни, сўнг Р.У. ўртоғи И.Қ. билан 29.000.000 сўмни, сўнг Р.О. таниши С.С. билан 10.518.850 сўмни, сўнг И.Қ. ўртоғи М.Қ. билан 310.000.000 сўмни ҳамда Р.О. 8.000.000 сўм пул маблағларини яширин равишда талон-торож қилишиб, умумий ҳисобда ушбу 7 етти нафар шахслар қисқа вақт давомида 698.689.000 сўм банкнинг пулларини яширин равишда талон-торож қилиб, ўғирлик қилганлар. Тезкорлик билан олиб борилган ҳаракатлар натижасида банкнинг пулларини тўлиқ қайтарилишига эришилган, судланувчилар ҳолат аниқланиши билан барча пулларни ўз иҳтиёрлари билан топширганлар.

Суднинг ҳукми билан, судланувчиларнинг 5 нафари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3 ва 4-қисмлари билан 3 йил 6 ойдан 5 йил 6 ойгача муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Икки нафар шахсларга озодликдан маҳрусм қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланди.

Ачинарли тарафи, судланувчиларнинг 6 нафари ёш йигитлар эканлиги ва улар жиноятни жуда калтабинлик билан содир этганликларида. Банкнинг тегишли ҳисоб-рақамларидан пул маблағлари яширин равишда олинганида биров билмайди деб ишониб қолишганида. Агар ўз вақтида уларни ҳаракатлари тўхтатиб қолинмаганида қанча маблағ ўғирланиши мумкинлигини тасаввур қилиш қийин. Ҳар қандай ҳолатда ҳам суд томонидан қонун устуворлиги таъминланиб, айбдор деб топилган шахсларга нисбатан қонуний жазо тайинланди.

Аброржон Акрамов,
Фарғона вилоят судининг судьяси

 

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img