Фарзандфурушлик ватанфурушлик эмасми?

0

Она кўксига талпинган мурғак гўдакнинг

митти қўлчалари ҳавода қолди. Нега?

Ҳаётда ҳар бир нарсанинг уволи бор. Ноннинг уволи урса ёмон бўлади, дейишади. Нон-ку бир жонсиз неъмат. Уволидан  шунча қўрқамиз. Афсуски, фарзанднинг уволи ундан ҳам ёмонлигини, олий неъматдан воз кечиш Оллоҳнинг қаҳрига учраш билан баробарлигини баъзилар унутиб қўймоқда. Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди томонидан 22 ёшли қизга ҳукм ўқилди. Унга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Энг гуллаган ёшлик чоғида темир панжара ортига кирган қизнинг  қилмишини эшитиб, унга бу жазо ҳам кам… деган хулосага келишингиз мумкин.

Холида Шокирова (исм-шарифлар ўзгартирилган)нинг таржимаи ҳолини ўқиб, ундан ҳам кўпроқ таажжубланасиз. Вақтинча ишсиз, турмушга чиқмаган, аммо 3 нафар фарзанднинг онаси. Пахтачи тумани, “Қўшҳовуз” маҳалла фуқаролар йиғинида рўйхатда туради, лекин аниқ яшаш манзили йўқ, қидирув эълон қилиниб, қўлга олинган…

Фарзандфурушлик ватанфурушлик эмасми?

Одамзоднинг умри ўлчовли ва турфа синовли. Кимлардир ўтаётган умридан миннатдор бўлиб, бегоналарга ҳам қўлидан келгунча яхшилик қилишга интилса, кимлардир яхшиликни ҳатто ўз норасида гўдагига ҳам раво кўрмайди. Инсон иймон ва инсоф кўчаларидан узоқлашганда, ўз нафсининг қулига айланганида, Оллоҳнинг неъматига хиёнат қилиши, марҳаматига нолойиқ ишга қўл уриши мумкин. Фарзандфурушликнинг ватанфурушликдан нима фарқи бор? Ўз ори, ўз номусини сотгани етмаётгандек, ўз дилбандини ҳам пуллаётган аёлга қандай баҳо бериш мумкин?

Одамлар пандемия туфайли ўзини қўярга жой топа олмай саросимада, таҳликада юрган айни ёз кунларининг бирида Холида ҳали туғилганига бир ой ҳам бўлмаган мурғак қизалоғидан воз кечиб, пул топишнинг энг қабиҳ йўлини танлади. Бегуноҳ гўдакнинг уволидан қўрқмаган бу аёл Оллоҳнинг қаҳридан қочиб қутула олмади. Чақалоғини қонунга хилоф равишда навоийлик аёлга 3 миллион сўмга сотишга келишиб, келишилган пулни Навоий шаҳар, “Навоий” жоме масжиди ёнида олган вақтида вилоят ички ишлар бошқармаси ҳамда вилоят божхона бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида инкор этиб бўлмас далиллар билан қўлга олинди.

Айбдорнинг баҳонаси, гуноҳкорнинг тавбаси кўп дейишади. Судланувчи ҳам айбига тўлиқ иқрорлик билдирди, аммо бу қилмишини отасиз фарзандни тарбиялай олмаслиги билан изоҳлади. Инсон бир марта адашиши, билмасдан хато қилиши мумкин. Аммо иккинчи ва учинчи марта қилган гуноҳлари учун ҳеч кимга имтиёз, ёки шафқат йўқ. Минг афсуски, бу сотилган гўдак Холиданинг кечиб кетган биринчи ёки иккинчи фарзанди эмас, учинчиси эди… Йигирма икки ёшида учта фарзандга она бўлиб, аммо оналик қилмаган ношукур аёлга яна нима дейиш мумкин?

Она деган номга нолойиқ бу аёлнинг   турмуш тарзи қандай? Саёқ юрган қишлоқ қизи биринчи боласига хомиладор бўлганлигини билиб, ота уйидан чиқиб кетиб, Навоий шаҳридаги кўп қаватли уйларда яшаб юрган. 2017 йилнинг 29 сентябрида ўғил фарзанд туғилганида, фарзандига оналик қилишдан бош тортганидан сўнг шифокорлар Навоий шаҳридаги васийлик ва ҳомийлик органи ходимини чақирганлиги, масъул ходим болани васийлик ва ҳомийлик органига топшириш тартибини тушунтириб, керакли ҳужжатларни тайёрлагани, сўнгра у фарзандини фарзанд асраб олиш учун навбатда турган фуқароларга бериб юбориш тўғрисида ариза ёзиб берганлиги, васийлик органи ходими унинг аризасини нотариус орқали тасдиқлатиб, фарзандини навбатдаги номзодга бериш учун тўпланган ҳужжатларни судга тақдим қилиб, фарзандини қонуний тартибда кимгадир бериб юборганлиги, орадан бир йил ўтиб иккинчи фарзандни дунёга келтиргани, отасиз туғилган бу қизалоқни ҳам худди ўша васийлик ва ҳомийлик органи ходими ҳужжатларни тайёрлаб, уни ҳам қонуний тартибда кимгадир бериб юборади. Учинчи фарзанди ҳам отасиз туғилгани сабабли шифокорлар туғилганлик тўғрисида гувоҳнома талаб қилганида, оила аъзолари билан алоқаси йўқлигини айтганидан сўнг, шифокорлар Пахтачи туман ИИБ орқали чақирилган отаси унга ёлғиз она сифатида ҳужжат расмийлаштириб, Пахтачи туман ФҲДЁ органи орқали гувоҳнома олиб бергани унинг кейинги тўрт йиллик ҳаётидаги энг қора саҳифалар.

Никоҳсиз фарзанд кўриш қанчалик гуноҳ…

Никоҳсиз фарзандли бўлишнинг  ўзи кечирилмас гуноҳ.  Ҳар қандай гуноҳнинг жазоси эса оғирлиги аён. Баъзи далилларда  бундай аёллар дунёга келган фарзандини  2 йил  эмизиб боққандан сўнг, уни тошбўрон қилишга ҳукм қилинганлиги ҳақида маълумотлар бор.

Ўз фарзандини сотган аёллар эса ундан ҳам баттар жазоларга лойиқ.

Оналик нафақат инсон зотига, балки жаъмики тирик мавжудотга, жонзотларга берилган улуғ неъмат ва бахтдир. Ўз боласини балою офатлардан ҳимоя қилишга ҳатто ҳайвонлар ҳам жонини бериши ана шу неъмат меҳридан. Ўз полапонини чарх уриб асраётган қушлар, ўз боласи ёнига ҳеч кимни йўлатмайдиган энг йиртқич йўлбарсу арслонлар ҳам баъзи инсонларга сабоқ бўлса арзийди.

  Қирғинбарот уруш йилларида одамлар очликдан, ночорликдан бошини қайси тошга уришни билмасдан бир парча нон учун ҳамма нарсасини сотганлиги ҳақида жуда кўп эшитганмиз. Аммо қанчалик муҳтож бўлмасин, қанчалик зор бўлмасин, ҳатто боласининг бешигини сотишни хаёлига ҳам келтирмаган. Бола-ку бола… ҳатто унинг бешиги ҳам муқаддас саналган, азиз саналган миллат вакиллари бугун бир эмас, бир нечта болани сотиб, уволига қолаётганлигини қайси тарозида ўлчашни билмайсан киши.

Ёки авваллари қизларнинг маҳалладан кўчага чиқиши, саёқ юриши, улар ҳақида ножўя бирор гапнинг тарқалиши уят саналарди. Қизларга доғ тушса, бутун бошли қишлоқнинг ёки маҳалланинг юзи қизарарди, бу доғ ўчмас доғ ҳисобланарди. Бугун эса, номаъқул ишларга қўл уриб, шармандаю шармисор бўлган айрим қизлар ҳам баъзиларни ташвишга солмай қўйди. Миллат шаънига доғ тушираётган, ўзидан кетган бундай қизларга нафақат ота-оналарининг, балки на қишлоқ, на бир маҳалланинг гапи кор қилмай қўйди, сўзи ўтмай қолди. Энг ачинарлиси, бундай тоифалар кундан- кунга кўпайиб бормоқда. Ўнлаб масъул ташкилотлар гўёки томошабинга айланиб қолгандек. Натижасиз тадбирлар, таъсири йўқ суҳбатларнинг бари бир пул бўлиб қолди… Чунки мактаб ўқувчиларининг она бўлиши, фарзандларнинг бешафқат оналар томонидан сотиб юборилишига чора топилмас экан, бу мутасадди ташкилот вакилларининг юксак минбарлардан “янграётган” ялтироқ маърузаларида нима маъно бор???

Дугоналар тузоққа тушди…ми?

Холида яна фарзандлик бўлганлигини дугонаси Машҳура Ҳошимова эшитиб, касалхонага уни кўргани келди. У дугонасининг ўтмишдаги сирларидан- боладан воз кечиш “санъати”дан хабардор эди. Шунинг учун дугонасидан хабар олиш баҳонасида балки унинг ўзига яраша шум нияти- пухта режаси ҳам бор бўлгандир? Буниси бизга қоронғу. Машҳура бир гал касалхонага Нодира исмли таниши билан келиб, уларни бир-бирига таништириб қўйди. Нодира инсонгарчилик учун Холидадан ҳол-аҳвол сўраб турди. Суҳбатларда “адашган қиз” унга Навоий шаҳридаги турли манзилларда ижарада яшаб келаётгани, отаси унга бу шармандаликдан сўнг уйига, қишлоққа қайтиб бормаслигини айтиб кетгани сабабли касалхонадан чиққанидан сўнг борадиган жойи ва боласини боқиш учун имконияти йўқлигини, олдин туғилган 2 боласини ҳам васийлик органи орқали бошқа фуқароларга бериб юборганлигини, бу фарзандини ҳам бирорта фуқарога бериб юбориши мумкинлигини билдирди.

Бу гаплардан хабардор дугонаси Машҳура унга “агарда касалхонадан чиққанингдан сўнг борадиган жойинг бўлмаса, вақтинча Нодира опани уйида яшаб турсанг бўлади” деб айтиб қолди. Шунинг учун қўлида боласи билан борадиган жойи йўқ аросатда қолган аёл Нодирага қўнғироқ қилиб, унинг уйига боришга мажбур бўлди. Нодирахоннинг самимий, меҳрибон аёллигидан фойдаланиб, унга келгусида бу болани боқа олмаслигини, на яшашга жойи, на фарзандини овқатлантириш ва уни кийинтириш учун пули йўқлигини айтиб, қизини бирорта боқиб оладиган киши бўлса сотиб юборишини айтди.

Нодира унинг сўзларини эшитиб, унга “болани сотиш гуноҳи азим, катта жиноят” эканлигини таъкидлади. Шунда Холида унга “опа мен аввалги иккита фарзандимни ҳам сотиб юборган эдим, ҳеч нарса бўлмадику, бу фарзандимни ҳам оладиган одам чиқса 700 АҚШ долларига сотаман, менга ҳозир кийим-кечак ва телефон олишим учун пул керак” деб айтгандан сўнг Нодира унга “ўғлим оиласи билан Россияга ишлашга кетган, агарда қизингни менга берсанг, ўзим катта қилиб оламан, мен кўп пул бера олмайман, 3 миллион сўм атрофида пулим бор, шу пулни беришим мумкин” деган таклифни билдирди. Унинг мақсади бу нонкўр аёлнинг яна бир норасидадан воз кечмаслигини истаганди. Шунинг учун қўл телефонига ўзаро суҳбатни ёзиб олгани, сўнгра унинг жиноий қилмишларига чек қўйиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органига ариза билан мурожаат қилиш мақсади бўлгани сабабли унга пул таклиф қилиб, болани сотиб олмоқчи эканлигига ишонтирди. Холида фарзандини сотишга рози бўлганидан сўнг унинг жиноий қилмишларига чек қўйиш ва фуқаролик бурчини бажариш мақсадида Навоий вилояти ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилди.

Шунинг учун ҳам Холида дугонаси билан масжидга кираётган вақтида Нодира унга олдин келишилган 3 миллион сўмни бериб, чақалоқнинг қулоғига ўзи азон айттириб чиқиш учун қизалоқни олиб кетди. Учинчи боласидан ҳам жуда осонгина кечган “она” пулни олиб, дугонаси Машҳура билан бозорга кетаётганда ички ишлар ходимлари томонидан қўлга олингани билан одам савдоси жинояти саҳнаси кулминацион нуқтага етди. Онанинг кўксига талпинган мурғак гўдакнинг митти қўлчалари ҳавода қолди. Мушт бўлиб тугилган бу жажжи қўлчалар ҳозир ундан уволининг жавобини сўрай олмайди. Жаннатларнинг иси келиб турган гўдак ҳиди унга энди бегона эканлигини бу нонкўр аёл бир куни  тушунармикан.?

Фарзандфуруш аёл ўз жиноятини тан олишга, қилмишидан пушаймон эканлигига иқрор бўлишга мажбур бўлди.

Суд ҳайъати судланувчи Х.Шокированинг одам савдоси жиноятини оддий эмас, ўз фарзандини сотишдек мудҳиш жиноят сифатида қайд этди.

Агар Нодира Ҳасанова бу тўғрисида ИИБ ходимларига ўз вақтида маълум қилмаганида, фарзанднинг улуғ неъмат эканлигини билмайдиган бу ношукур банда яна бир боланинг уволига қолиши, ким билади балки яна бундай жиноятларнинг нечтасига қўл уриши мумкин эди.

Гарчи суд ҳайъати судланувчи Х.Шокированинг чин кўнгилдан пушаймонда эканлигини унинг жазосини енгиллаштирувчи ҳолат деб қараб, унга уч йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган бўлсада, аслида унинг бу қилмишини мингта пушаймонлик билан оқлаб ёки енгиллаштириб бўлмайди. Виждонига оғирлик қилмаган бу жиноятнинг доғи энди бутун умр уни таъқиб қилишини, она меҳрига зор фарзандларнинг уволи бу аёлга тинчлик бермаслигини жуда истардик. Токи она деган мўътабар номга муносиб бўлмаган бундай аёллар ўзига тўғри хулоса чиқариб олмас экан, жамиятимизнинг бундай жароҳатлари битмаслиги аниқ.

Шерзод МАМИРОВ,
жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди раиси,

                                               Маруса ҲОСИЛОВА,
“Инсон ва қонун” мухбири