Файзулла  ҚИЛИЧЕВ: “Бухоронинг сўнгги амири — Саид  Олимхон авлодиданман…”

0

27 йил аввалги суҳбат

ФАЙЗУЛЛА Қиличев республикамиз ҳуқуқ оламида ўзига хос мактаб яратган инсон сифатида кўпчиликнинг юрагида яшайди.  Файзулла ака билан 1993 йилларда Бош прокуратурада масъул лавозимларда ишлаётган  кезларида Навоий вилоятига қилган хизмат сафари чоғида вилоятимиз  прокурорининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган Бахтиёр Жамолов туфайли кўҳна тарихнинг янги саҳифаси ҳақида суҳбатлашишга муяссар бўлганман.

Бу суҳбат 17 йил аввал чоп этилган эди.  Ана шу тарихнинг кўпчилик билмайдиган саҳифалари ҳақида Сизни ҳам хабардор қилгимиз келди.

Файзулла ака, амир Саид Олимхон авлодидан эканлигингизни шунча йиллар ўтиб, қандай, қаердан билиб қолдингиз?

— Бухоронинг сўнгги амири Саид Олимхоннинг отаси Саид Абдулаҳадхоннинг акаси Саид Акрамхон хонадонида ўғил дунёга келганда амир хабар келтирган чопарга белидаги қиличини ечиб бериб, “Мана мендан  туҳфа бўлсин”, деган экан. Янги туғилган чақалоқнинг киндиги ана шу амир қиличи билан кесилганлиги сабабли унинг исми ҳам  Қиличхон бўлиб кетган.  Ана шу Қиличхон менинг отам.

Бир вақтлар бобом Саид Акрамхон Бухоро тахтига ўтириши керак бўлган, аммо овга чиқиб хасталанган вақтида Александр вафотидан сўнг Александр IIга тож кийдириш маросимига боролмай қолганлиги сабабли Амир Музаффархон ўғилларидан бири Саид Абдулаҳадхонни юборишга мажбур бўлган. Ҳужжатларда Аҳадхоннинг исми ўтгач,  тахтга ўтириш Саид Акрамхонга, яъни, менинг бобомга насиб этмаган.

Бобом Амирнинг сиёсий ишларини бошқарган ишончли сиёсатдон бўлган эканлар.

Амир у кишига Ғузор ҳокимлигини топширган ва Шаҳрисабз, Китоб, Шарқий Туркистонни бошқарув ваколати берилган.

Бобом Саид Акрамхон Покистонда 96 ёшида вафот этганлар.

Тарихимизни ва ота-боболарим авлодини ўрганаётиб, турли тахмину далилларга дуч келдим. Ва ниҳоят истиқлолимиз шарофати билан  ўзбекистонликлар учун ҳам чет эл дарвозалари очилди. Турли тахминлар  билан ота-боболаримиз тўғрисидаги қулоққа чалинган гаплар асосида бобом Саид Акрамхоннинг отини ёзиб, бедарак кетган шундай одамларни билиш-билмасликларини сўраб хатлар йўлладим. Бир куни ярим тунда 1992 йилнинг ноябри эди, телефонимиз жиринглаб қолди. Туркиядан, Истанбулдан экан. “Сиз Саид Файзуллахонмисиз”, деб сўраб қолди узоқдаги овоз. “Ҳа, менман”, дедим. “Биз Сизнинг қариндошингизмиз, Сиз бизнинг амакимиз экансиз, мен Саид Абдукабирман, Саид амир Олимхоннинг ўғиллари бўламан”, деди. Шундан сўнг ҳамма қариндошларимнинг дараги топилди. Яқинда чет элдаги қариндошларимни кўриб қайтдим. Амир Олимхоннинг ўғилларидан Президентимизга табрик мактуби  олиб келдим. Бу табрик хати республика газеталарида эълон қилинди.

Отам раҳматлик инглиз, француз тилларини жуда яхши билардилар.

— Отангиз амир авлодидан эканликларини билармидилар?

— Отам ҳаётдан жуда эрта кетдилар. 54 ёшларида автоҳалокат туфайли оламдан ўтдилар. Асл исмлари Мирраҳмон эканлигини, амир авлодидан эканликларини яширганлар. Ҳатто, бизга ҳам айтмаган. Замоннинг зайлига қараганлар, болаларимга ҳукуматдан жабр етмасин, деб ҳеч  ким билмагани маъқул деган, бўлсалар ажаб эмас.

Онам ҳам унча-мунча нарсадан бехабар бўлганлар. Отамни сўнгги йўлга кузатаётганимизда “тириклигида ўз исмини ҳеч ким айтмади, ҳеч бўлмаса, охирги марта ўз отини айтинглар”, деб йиғлагандилар.

Биз оилада 12 ака-укалармиз. 6 ўғил, 6  қиз.

— Илтимос, энди амир Олимхоннинг фарзандлари, яъни чет элдаги қариндошларингиз тўғрисида ҳам  гапириб берсангиз?

Амир Олимхоннинг 12 ўғли, 9 қизи ҳозир тирик. (1993 йилдаги маълумот). Улар Туркияда, Покистонда, Эронда, Германияда, Америкада соғ-саломат яшаяпти. Инглиз тили, урду ва турк тилларини яхши билишади. Деярли ҳаммаси шоир, ҳаммасининг қўли гул. Ҳатто, саксон ёшли ўғли ҳам зардўзлик билан шуғулланади. Тиккан кашталарининг бежиримлиги, нафислиги тўғрисида гапирсам ишонмайсиз. Бухоро зардўзларининг ишини кўриб, улар баъзан хафа бўлишаркан табиий эмас, деб.

Бир ўғли — Саид Кабир Олимхон ўғли стоматолог шифокор. Азимий тахаллуси билан шеърлар ҳам ёзади, бир нечта китоблари чиққан. Туркияда яшайди. Бундан ташқари, ажойиб ҳунарманд ҳам, бўш вақтида турли нарсалар ясаб сотади, ўзининг 5-10 та шахсий дўкони ҳам бор.

Азимийнинг ўғли эса турли хил кийимлар тикадиган уста. 30-35 дақиқада хоҳлаган бичимда сумками, пальто, куртками, хуллас, хоҳлаган нарсангизни тикиб бериши мумкин. Ҳар куни 3 миллион лира даромад олади. Туркия газеталаридан бирида яқинда у билан суҳбат эълон қилинган экан. Журналистнинг “Бунча пулни нима қиласан, кунига 3 миллион лира ҳазилакам гап эмас-ку?”, деган саволига у “Пулни бойлик учун йиғаётганим йўқ, бобомнинг юртига — Ўзбекистонга арзирли совға олиб бориш учун тўплаяпман”, деб жавоб берган экан. Ўқиб ғурурландим.

Амир Олимхоннинг энг кенжа қизи Шукрия ҳам Яшин тахаллусида шеърлар ёзади. Ҳозир  Америкада яшайди. Америка телерадиоэшиттиришлар компаниясида шарқ тиллари бўйича сухандон. Эллик икки ёшда. Ўғил, қизи бор. Ўғлининг исми Азиз. Истанбулга мени кўргани келишди. Улар билан дилдан суҳбатлашдим. Бу суҳбатлар, бу дийдорлашув тафсилотлари қоғозларга сиғмайди.

Амир Олимхоннинг икки аёли ҳозир Туркияда яшайди. Мен чет эл сафарим давомида юзлаб хонадонларда бўлдим, жуда кўп қариндошларимни кўрдим. Жуда кўп  ажойиб эсдалик суратлар олдим. Буларни қанчалик таърифласам барибир  камлик қилади.

— Файзулла ака! Йиллар ўтаверади, умрлар якун топиб, янги умрлар бошланаверади. Тарих эскиради, аммо ҳеч қачон ўчиб кетмайди. Уни йўқотиш, бутунлай ўчириб ташлаш қийин. Аммо уни бузиб талқин қилиш, бузиб кўрсатиш осон. Оқни қора, қорани оқ, дейишдан қўрқмайдиган қанча замонлар ўтди бошимиздан. Чунки бизнинг амир Олимхон тўғрисидаги тасаввуримиз худди мана бу сатрлар каби ҳақсиз эканлигини инкор қила олмаймиз:

Бухоро шавкатин саргардон ташлаб,

Афғонда қартайиб кўр бўлган амир.

Ўғилларин чорлаб: “ Жайҳун бўйига

Мени бир элтинглар…” деди мунтазир.

 

Ҳижратда юрган Бухоро сўнгги амирининг Ватанни соғиниб қилган илтижолари “Эргаштириб келса зора тўлқинлар  юртимдан бирон-бир нарсанинг сасин…” деган нолалари ҳам шафқат уйғотмасди юрагимизда.

Шоирнинг  яна етмаганига:

“Салтанат тизгинин шамолга ташлаб,

Қочган зотнинг юртдан не таъмаси бор?!”

 

деган таъналари худдики ўқдай. У бир шоирнинг эмас,  барчамизнинг дилимиздаги  иддаолар эди…

Сиз Амир авлодининг бир  вакили, унинг қондоши сифатида нима дейсиз бу  таъналарга?

— Бизнинг тарихимиз саҳифалари жуда узоқ йиллар тескари ўқилди. Тожу тахт, хонлар, хонликлар, салтанат тўғрисида гапиришдан олдин, улар бизга қолдирган гўзал тарихий обидалар, ҳар бир ғишти мўъжиза, гўзаллик намунаси, санъат асари саналмиш муаззам бинолар ҳақида бир ўйлайлик. Улар юртни вайрон эмас, обод қилиш ҳақида ўйлаган дейишга нима бизга халақит беради? Ишончми?

Биттагина мисол келтирай. Амир Олимхоннинг уч ўғлини — Саид Султонмурод, Саид Раҳимхон, Шоҳмурод Олимовларни қўлга олган Совет  ҳукумати амирдан бутун мол-мулкини берса ўғилларини унга қайтариб беришини айтганда, амир:

“Бу бойликлар халқ бахт-саодати учун, улар халқники, қандай қилиб сизларга беришим мумкин”, деб жавоб берган экан. Шундай қилиб амирнинг уч ўғли отаси қўлига ўта олмай истилочилар қўлида қолиб кетган экан.  Ўшанда амир жондан азиз фарзандларини қутқариб қолса, гаровга олинган жигаргўшаларини озод қилса, ўз бағрига олса бўларди-ку. Аммо у юртига, халқига хиёнат қилмади.

Ёки амир Олимхоннинг васиятномасида барча бойликларини “Озод Бухоронинг фуқароси бўлган авлодларимга қолдираман”, деб ёзилган. Демак, шундай экан, амир Олимхоннинг юртдан таъмаси эмас, умиди, юртга меҳри, муҳаббати, сўнгсиз садоқати, соғинчи бўлган… Йўқса, бутун бойлигини фақат она юрти тупроғида яшаётган авлодларига қолдирармиди?

— Отангизнинг киндиги кесилган ўша қилич ҳозир қаерда?

— Бухоро амири отам туғилганда туҳфа қилган ўша қилич Санкт-Петербургда Эрмитажда сақланаяпти. Уни дастлаб Файзулла Хўжаевга совға қилишган, кейинчалик эса Фрунзега.

— Мабодо, шу қилични олсангиз нима қилган бўлардингиз?

— Ўзбекистонимиздаги музейга топширган бўлардим, албатта.

Энди амирнинг бойликлари ҳақида ҳам бир-икки оғиз гапириб берсангиз.

— Амирнинг хазинаси беҳисоб бўлган. Битта гавҳар тожининг тошигина 27 миллиард АҚШ доллари бўлганлигини айтадиган бўлсак, бошқасини санашга ҳожат ҳам йўқ. Женевада, Парижда, Лондонда, Покистондаги банкларда олтин бойликлари бор…

Амир Олимхоннинг Ўзбекистонда қолдирган излари ҳозир қай аҳволда?

Бухородаги қатор тарихий жойлар Амирнинг қадамларини эслатиши шубҳасиз. Ситораи Мохи Хоса бувимнинг номларига қўйилган экан.  Бу жой оилавий муқаддас жой бўлган дейишади. Ҳар ким ўзига ўзи хизмат  қиладиган бу жойда фақат шахсий совғалар сақланган экан. Ишга тааллуқли бирор нарсани бу ерда учратмас экансиз.

Навоий вилоятидаги Карманада амир яшаган уй бор. Хончарвоқ дейиладиган бу жой катта санъат ва маҳорат билан қурилганлиги шундоқ кўриниб турибди. Афсуски, шундай катта меҳнат эвазига бунёд этилган  комплекс бино ҳозир ачинарли аҳволда, қаровсиз одамнинг раҳмини келтирадиган даражада харобага айланган. Уни чиройли қилиб таъмирлаб, музей қилиш мумкин эди… Афсус…

Бу ҳам майли, Карманада Қосим Шайх хонақоси ёнида амир Абдулаҳадхоннинг қабри бор. Бобом Саид Акрамхоннинг акалари яъни амир Олимхоннинг оталари ётган бу қабрни зиёрат қилишга бориб кўп афсус чекдим. Қабрнинг ниҳоятда ночор аҳволдалигидан дилим оғриди (Бу қабрнинг бугунги аҳволи тўғрисида алоҳида мақолада ўқийсиз). Бу дунёда ҳаммамиз ҳам меҳмонмиз. Бу дунёга кимлар келиб кетмаган. Изимизда эса тарих бўлиб нималар қолади. Аниқроғи, фақат яхшилик, эзгу иш умрбод қолади, деган оддий ҳақиқатни англаш гоҳида шунчалар қийинки… Бу ерда ўлмас тарихнинг ва авлодларнинг руҳи борлигини унутишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Руҳларни шод этиш эса тирикларнинг зиммасидаги қарз бўлиб қолаверади.

***

Бизнинг тасаввуримизда Бухоронинг сўнгги амири, унинг авлодлари ҳақида ҳарамлар, зиндонлар, ҳуқуқсиз, бебаҳра, тўзғиган авлодлар душмани сифатида ёд қолган, дод  ва фарёдлар қолган. Хонни фақат ёвузлик, шафқат чегарасини билмаган тошбағир, тахти олийда фақат айш сурган, халқни эзган қонхўр бир кимса сифатида лаънатлашга одатланганмиз. Тарих саҳифаларининг тили йўқ. Ҳақни ҳам, ноҳақни ҳам бирдай ўз қатида сақлайверади, сиғдираверади, сингдираверади. Йиллар эса ҳаётнинг суронли кўчаларини гоҳ тунга, гоҳ оқ тонгларга бериб, ўзи барчани имтиҳон қилаверади…

Хайриятки, юртимиз истиқлолга эришди. Озодлик уфқларининг юзига энди ҳеч ким парда торта олмайди. Тарихда шу гўзал юртни обод айлаш учун боғлар, улуғ саждагоҳлар барпо этган амир авлодларининг изтиробларини, юрту Ватан, элларини соғиниб, ҳақиқатга зор бўлиб ўтганлар дардини бугун тушуниш балким шунчалик осон эмасдир.

Аммо Бухорони инқилобчиман, деб истилочилар бойлик учун талаганда, юртни вайрон, халқни хонавайрон қилганларида амирнинг бошидан кечирган аламларини англаш  унчалик қийин эмас…

Биз Саид Олимхон излари, қувончу ғамлари ўтган юртда яшар эканмиз даврон гардиши айланиб, унинг номи яхшилик билан ёдга олинишини истаймиз…

                                                            Журналист Маруса ҲОСИЛОВА суҳбатлашди.