Фирибгар адвокат

0

Маълумки, адвокатура ҳайъати ва бюролари ҳамюртларимиз энг кўп мурожаат қиладиган идоралардан биридир. Негаки адвокатлар тергов-суриштирув ва суд жараёнларида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиши билан эл орасида обрў-эътибор қозонишган. Аммо шоли курмаксиз бўлмайди, деганларидек уларнинг ичида ҳам қонунга итоатсизлик қиладиган, аниқроғи, жиноятга ҳам қўл урадиганлари йўқ эмас.

Пойтахтимиздаги адвокатлик ҳайъатларидан бирининг адвокати лавозимида ишлаган Фурқат Дадажонов (исм-шарифлари ўзгартирилган) ҳам 60 ёшдан ошиб, набиралар қуршовида умргузаронлик қиладиган пайтида – 2019 йилда фирибгарлик ва пора беришга далолат қилиш жиноятларини содир этади ва унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши тегишли қонун нормаларига биноан айблилик масаласи ҳал қилинмаган ҳолда ҳаракатдан тугатилади. Бироқ у бундан ўзига тегишли ҳулоса чиқармайди. Аксинча, такроран худди шундай жиноятга қўл уради. Аниқроғи, ўз мижозининг бошига тушган ташвишдан “унумли” фойдаланиб қолмоқчи бўлади.

Гап шундаки, Ф.Дадажонов 2020 йил 16 февраль куни “Буюк ипак йўли” метро бекати ёнидаги болалар майдончаси олдида фуқаро Малика Кошкинбаева билан учрашади. Негаки Маклика опа ундан ўғли Нурсултон Асқаровга нисбатан Юқоричирчиқ тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан қўзғатилган жиноят ишида иштирок этиб, фарзандини ҳимоя қилишини сўрайди. Бинобарин, Фурқат Дадажонов ўзининг адвокатлик гонарари сифатида М.Кошкинбаевадан 600 АҚШ доллари олади. Лекин ушбу маблағни адвокатлик ҳайъати ҳисоб рақамига кирим қилмай, жиноят ишида ҳимоячиси сифатида иштирок этишни бошлайди. Тергов якунлангач, адвокат жиноят ишлари бўйича Юқоричирчиқ туман судининг айни иш бўйича ўтказилган суд мажлисларида ҳам қатнаша бошлайди. Шунда унинг хаёлига ўзига манфаат келтирадиган бир фикр келади.

— Агар Ўзбекистон Республикаси Ёшлар Иттифоқидан ўғлингизга кафолат хати олсак, иш осон битади. Мен иттифоқ марказий кенгаши ходимлари билан гаплашиб бераман. Аммо улар текинга кафиллик беришмайди, — дея ўзини ҳожатбарор қилиб кўрсатади Фурқатжон ака.

— Қанча беришим керак?, — дангал гапга ўтади Малика опа.

— Кўп эмас, икки юз доллар берсангиз бўлди, — дейди у бамайлихотир.

Шу боис ўғри йигитнинг онаси унга 2020 йилнинг март ойида 100 АҚШ доллари, май ойида эса яна 100 АҚШ доллари (Марказий банкнинг 2020 йил 26 майдаги маълумотномасига кўра, 200 АҚШ долларининг сўмга нисбатан қиймати 2.027.860 сўмга тенг бўлган)ни беради. Бироқ адвокат жаноблари қуюқ ваъдасини унутиб, хорижий валютани ўз эҳтиёлари йўлида сарфлаб юборади. Суднинг 2020 йил 19 майдаги ҳукмига биноан эса Н.Асқаров Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбдор деб топилиб, 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига маҳкум этилади.

Шундан сўнг Ф.Дадажонов яна эски “ҳунари”ни бошлайди. Яъни Малика Кошкинбаевага ўғлига тайинланган жазони апелляция судлов ҳайъати судьяларини “рози қилиш” орқали бошқа жазо турига алмаштириб беришини айтади.

— Судьяларни рози қилиш қанчага тушади?, — дея киноя билан сўрайди судланувчининг онаси.

Чунки дастлабки ваъдасининг устидан чиқмагани боис аёлнинг адвокатга нисбатан ишончи йўқолганди. Лекин Фурқатжон ака пинагини ҳам бузмай, юқори инстанция судьяларига 1500 АҚШ долларини бериш лозимлигини тушунтиради. Қолаверса, суд ҳукмидан норози бўлиб, Н.Асқаровнинг номидан жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судига апелляция шикоятини киритади.

Буни қарангки, у берилган апелляция шикояти бўйича суд мажлиси тайинланганидан хабар топган заҳотиёқ М.Кошкинбаевани учрашувга чорлайди. Пировардида 2020 йилнинг 23 июнь куни Тошкент вилояти маъмурий судининг биноси ёнида кўришиб, бояқиш онадан яна 1500 АҚШ доллари (Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2020 йил 26 июндаги маълумотномасига кўра, 1500 АҚШ долларининг сўмга нисбатан қиймати 15.259.140 сўмга тенг бўлган)ни санаб олади. Сўнгра аввалгидек пулларни ҳамёнига уради. Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди бўлса биринчи босқич судининг ҳукмини ўзгаришсиз, апелляция шикояти қаноатлантирилмасдан қолдиради.  Аммо “уддабурон” адвокат шунда ҳам айбини тан олмай, Ўзбекистон Республикаси Олий судига мурожаат қилиб, ишни ҳал қилиш мумкинлигини айтади. Шундагина Малика опа алданганини англаб етади. Бинобарин, фирибгар қонуний чора кўрилишини сўраб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилади. Оқибатда Ф.Дадажоновга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б,в” банди ва 28,211-моддаси 2-қисми “а” банди билан иккинчи жиноят иши қўзғатилади.

Яқинда – шу йилнинг 2 февраль куни жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг мазкур иш бўйича ҳукми эълон қилинди. Эътибор беринг-а, суддаги кўрсатмасида судланувчи агар Нурсултонни озодликка чиқаришга эришолмаса, 1500 АҚШ долларини қайтаришга келишганликларини, фақатгина коронавирус касаллигига чалиниб, ётиб қолган туфайли М.Кошкинбаевага пулларини ўз вақтида қайтариб беролмаганлигини баён қилди. Шунингдек, у тергов органлари томонидан ўзига қўйилган айбловдан такроран белгисини ва пора бериш жиноятини чиқариб юборишни, қолган ҳаракатларини эса Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисмига қайта малакалашни сўради. Яъни Фурқатжон Дадажонов адвокат сифатида судга ўзига эълон қилинган айбловнинг қандай малакаланишини ҳам ўргатди керак бўлса. Бироқ у фирибгарлик оғир ва ўта оғир жиноятлар тоифасига киришини, мамлакатимизда коррупцияга қарши бемисл кураш олиб борилаётганлигини, ўзи ҳам ҳуқуқшунос сифатида бу иллатга қарши курашиши шартлигини очиқдан-очиқ тан олмаган. Хўш, буни қандай тушуниш мумкин? Қолаверса, унинг хатти-ҳаракатлари кўп сонли ҳамкасбларининг обрўсига, шунингдек, юртдошларимизнинг уларга бўлган ишончига раҳна солиши мумкин-ку. Ана шу қонуний асосларга таянган суд Ф.Дадажоновни Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б,в” банди ва 28,211-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбдор деб топиб, кодекснинг 57, 59,61-моддаларини қўллаган ҳолда унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 (эллик) баравари – 11.150.000 (ўн бир миллион бир юз эллик минг) сўм миқдорида жарима ҳамда 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади. Шу билан бирга, Жиноят кодексининг 45-моддаси тартибида уни 2 йил муддатга адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилди.

Бундан ташқари, судланувчига яшаш жойини назорат қилувчи органнинг рухсатисиз ўзгартирмаслик, яшаш жойини ўзгартириши ҳақида ҳабар бериш, муайян жойлар – кафе, барлар, спиртли ичимликлар сотиш жойларида бўлмаслик, мамлакатимиз ҳудудидан чиқмаслик каби чекловлар ҳам белгилансин. Мазкур жазони ўташдан қасддан бўйин товлаган ёки суд томонидан зиммасига юкланган мажбуриятларни бажармаган тақдирда эса Жиноят кодексининг 481-моддасининг 6-қисмида қайд этилган ҳуқуқий оқибатлар келиб чиқиши ҳақида огоҳлантирилди.

Айбдорнинг бундан норози бўлиб ёзган апелляция шикояти қаноатлантирилмасдан, суд ҳукми эса ўзгаришсиз қолдирилди.

 

Баҳромжон БЕРДИЕВ,
жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг судьяси

Хуршид Султонов,

«Инсон ва қонун» мухбири

 

Аввалги мақолаДавлат органи ва ташкилотлари ходимларига қонунчиликдаги янгиликлар ҳақида маълумот берилди
Кейинги мақолаТуман ҳокимлигига мажбурият юкланди