Фирибгар аёл қилмиши турмуш ўртоғи томонидан фош этилди

0

Ҳаётда инсон қандай ноқонуний қилмишга қўл урмасин, оила аъзолари ва яқинлари гарчи унинг қилмишини оқламаса-да, қоралаб, тош отишмайди ҳам. Ҳатто суднинг қора курсисида ўтирганда ҳам, унга енгиллик беришни сўрашади.

Аммо 66 ёшли Фотима Раҳмонова (исм-шарифлар ўзгартирилган)нинг фирибгарлиги турмуш ўртоғи Рашид Раҳмонов томонидан фош этилди.

Гап шундаки, Ф.Раҳмонова 1993 йилда Р.Раҳмонов билан турмуш қурган бўлиб, ўтган йиллар мобайнида бирор-бир давлат ташкилоти, корхона ёки муассасасида ишламаган. Шунга қарамай, у ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқи пайдо бўлгач, пенсия ола бошлади.

Аммо 2019 йилнинг сентябрь ойида Р.Раҳмонов турмуш ўртоғининг ноқонуний пенсия олаётганини қайд этиб, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига ариза билан мурожаат қилади.

Шундан сўнг пенсия жамғармасининг тегишли туман бўлими томонидан Ф.Раҳмонованинг пенсия иши юзасидан текшириш ўтказилди. Маълум бўлишича, Ф.Раҳмонова томонидан тақдим қилинган иш стажи ва иш ҳақи тўғрисидаги ҳужжатлардаги маълумотлар сохта экан, аслида у ҳеч қаерда ишламаган ва 11 йил мобайнида сохта ҳужжатлари асосида пенсия тўловларини ойма-ой олиб келган.

Шу боис, тегишли комиссия қарори билан Ф.Раҳмоновага пенсия тўлови тўхтатилиб, ушбу ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга хабар қилинади.

Ўтказилган дастлабки тергов ҳаракатлари натижасида Ф.Раҳмонованинг иш стажи ва иш ҳақи тўғрисидаги ҳужжатлардаги имзолар қалбакилаштирилганлиги ва унинг ноқонуний ҳаракатлари натижасида давлат манфаатларига 71.853.502 сўм миқдорида зарар етказилганлиги аниқланади.

Шу ўринда «Рашид Раҳмонов рафиқасининг ноқонуний равишда пенсия олаётганини 11 йил мобайнида билмаганми?» — деган ҳақли савол туғилади. Ушбу саволга жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод туман судининг суд мажлисида икки хил жавоб берилди.

Р.Раҳмоновнинг гувоҳлик беришича, турмуш ўртоғи билан уй масаласида жанжал бўлаётганлиги сабабли, уйдаги барча ҳужжатларни кўздан кечира бошлаганлиги, шунда турмуш ўртоғининг иш фаолияти билан боғлиқ ҳужжатларни топиб олганлиги, ушбу ҳужжатлар шубҳа туғдирганлиги сабабли Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига мурожаат қилганлиги ҳақида тушунтириш бериб ўтган.

Аммо Ф.Раҳмонова турмуш ўртоғининг йиллар мобайнидаги ҳаракатсизлиги ва Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига қилган мурожаатини шундай изоҳлайди:

— Турмуш ўртоғимни маблағ билан таъминламай қўйганлигим сабабли, мендан аламини олиш учун устимдан турли хил баҳоналар билан шикоят қила бошлади. Аслида, ҳамма гапдан аввалдан хабардор бўлган, — дейди судланувчи.

Гарчи эр-хотин бу масалада икки хил фикр билдиришса-да, Ф.Раҳмонованинг фирибгарлиги суд муҳокамасида текширилган далиллар билан ўз тасдиғини топди. Шу боис, суд томонидан Ф.Раҳмонова Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а» банди билан айбдор деб топилиб, унинг аёл киши эканлиги, қилмишидан пушаймонлиги, етказилган зарарни тўлиқ қоплаганлиги ва ёшини инобатга олган ҳолда Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида жарима жазоси тайинлади.

Дарвоқе, айбдор терговга қадар ўзи етказган зарарнинг 33.990.000 сўмини, ишни судда кўриш жараёнида эса, қолган 37.863.502 сўмини қоплаган.

Шу ўринда мулоҳаза тариқасида таъкидлаш лозимки, жамият тараққиётида аёлларнинг ўрни беқиёс. Инсон камолотида эса, она айтган алла ва у берган ўгитлар энг муҳим аҳамият касб этади. Қолаверса, фарзанди учун бор ҳузур-ҳаловатидан кеча оладиган, ҳатто жонини қурбон қилишга ҳам тайёр зот она — аёлдир. Бинобарин, “Сен азиз ва муқаддассан, аёл!” — деган таъриф бежиз берилмаган. Аммо Фотима Раҳмоновага ўхшаган аёллар жамиятдаги ана шу мавқеини ўзининг жиноий қилмишлари билан йўққа чиқаради. Зеро, аёл киши учун бундан ортиқ жазо бўлмаса керак.

Сурайёхон ХОЖАМКУЛОВА,
жиноят ишлари бўйича
Миробод тумани судининг судьяси

Хуршид СУЛТОНОВ,
журналист