Сўнгги йилларда дунё миқёсида кенг тарқалган филансерлик амалиёти  Ўзбекистонда ҳам ривожланиб бормоқда. Фрилансинг деганда, одатда, маълум соҳа мутахассисларининг замонавий ахборот технологиялари ва Интернет тармоғидан фойдаланган ҳолда иш берувчи билан меҳнат муносабатларига киришиши ҳамда масофадан туриб иш берувчининг тегишли буюртмаларини бажариши тушунилади. Яъни, фрилансер — бирор корхона ёки ташкилот штатига ёлланмаган ҳолда буюртма асосида тегишли ишларни келишилган ҳақ эвазига, белгиланган вақтда бажариб берувчи инсондир.

Бундай фаолиятнинг афзалликларидан бири – фрилансерлик чегара билмайди, фуқаролар мамлакатимизнинг исталган ҳудудида ёки хорижда жойлашган иш берувчиларга ўз хизматларини таклиф этиши мумкин. Бунинг учун тегишли соҳаларда билим ва малака, шунингдек, хорижий тилларни билиши кифоя қилади.

Фрилансинг йўли билан ўзини ўзи банд этиш, маблағ топиш ва талабга доир ишни бажариш шартлари мутахассислар учун кўпгина қулайликларга эга. Айниқса, ҳозирги пандемия шароитларида кўплаб ташкилот ва корхоналарда қисман масофавий иш усулига ўтишга мажбур бўлгани бу соҳани ривожланишига катта туртки бўлиши аниқ.

Ривожланган давлатларда фриланс сифатида ишлаш анъанавий меҳнат муносабатларидан фарқ қилмайди. Замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиб масофавий бажариш мумкин бўлган фаолият турлари кенгайиб бормоқда ва уларга фақат мамлакатимизда эмас, балки бутун дунёда талаб ошиб бормоқда. Маълумотларга кўра, ҳозирги вақтда АҚШда аҳолининг 35 фоизи фрилансинг асосида иш юритади, Россияда бундай меҳнат билан шуғулланувчилар сони 5 миллион кишига етади.

Фрилансерлик фаолияти кўп йиллардан бери қонуний мақомга эга бўлмагани бундай ишлар билан шуғулланувчи фуқаролар учун бир қатор муаммоларни келтириб чиқараётган эди. Масалан, фрилансерлик фаолияти алоҳида меҳнат тури сифатида эътироф этилмаган, хорижий давлатлардаги иш берувчилар буюртмасини бажарган ҳолларда, хорижий валютадаги  иш ҳақини қонуний йўл билан қабул қилиш имкони йўқ эди. Маълумки,  “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунига кўра фуқаролар ёшга доир пенсия олиш учун камида 7 йил иш стажига эга бўлиши талаб қилинади. Фрилансерликнинг ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинмагани бу соҳада шуғулланган фуқаролар учун келгусида нафақа тайинланишида жиддий муаммолар келтириб чиқариши мумкин эди.

Шунинг сабабли ҳам кейинги вақтларда мамлакатимизда ушбу йўналишдаги меҳнатни рағбатлантириш бўйича имкониятлар яратишга алоҳида эътибор берилмоқда. Шу маънода  Президентимизнинг шу йил 8 июндаги “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамиятга эга. Мазкур қарорга асосан аҳолини тадбиркорлик фаолиятига янада кенг жалб қилиш ва қонуний меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун қўшимча шарт-шароитларни яратиш мақсадида соҳада янги тартиблар жорий этилди.

Жумладан, ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхати 24 тадан 67 тага кенгайтирилди. Интернет тармоғи орқали бажариладиган бир қатор истиқболли фрилансинг турлари, хусусан, матнни яратиш ва ишлов бериш, таржимонлик, мультимедиа, веб-дизайн, санъат материалларини яратиш ва ишлов бериш, дастурий таъминот, ахборот тизимлари, мобил иловалар ва веб-сайтларни ишлаб чиқиш, уларни техник қўллаб-қувватлаш, ижтимоий тармоқлардаги фаолият, турли соҳаларда онлайн маслаҳатлар бериш сингари йўналишлар ушбу руйхатга киритилди.

Эндиликда фрилансерларга якка тартибдаги тадбиркор мақоми берилиб, улар қонунчиликда якка тартибдаги тадбиркорларга берилган барча ҳуқуқ ва имтиёзлардан фойдаланиш имконига эга бўлишади. Маълумки, солиқ кодексига мувофиқ ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг меҳнат фаолияти натижасида олинган даромадлари жисмоний шахслар жами даромадлари таркибига киритилмайди. Мазкур имтиёздан фойдаланиш учун телефон орқали солиқ идораларини хабардор қилишнинг ўзи кифоя.

Фрилансерлар, шунингдек  пенсия жамғармасига пул ўтказиш йўли билан тегишли иш стажига эга бўлишлари мумкин. Бунинг учун фрилансерлар йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 50 фоизи ҳажмида ижтимоий солиқ тўлашлари кифоя (бугунги кунда ушбу сумма миқдори 111 500 сўмни  ташкил этади). Ушбу сумма тўлиқлигича бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига йўналтирилади.

Шу пайтгача амалдаги тартиб бўйича якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланувчи фуқаролар вақтинчалик меҳнат гувоҳномасини 12 ойлик муддатга олиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 4,5 баравари миқдоридаги тўловни амалга ошириши керак эди. Энди вақтинчалик меҳнат гувоҳномаларини олиш тартиби бекор қилинди.

Бундан ташқари, ўзини ўзи банд қилган шахсларни рўйхатга олиш хабар бериш тартибида йўлга қўйилади. Бу жараён махсус мобил илова ёхуд солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали амалга оширилади.

Қарорга асосан фрилансерлик билан ўзини ўзи банд қилган фуқаролар кўрсатилган хизматлар учун чет элдаги жисмоний ва юридик шахслардан хорижий валютадаги тўловларни Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига тегишли маълумотларни киритмаган ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг банкларидаги ҳисоб рақамларига қабул қилиш ҳуқуқи берилмоқда.

Фрилансерлар шартнома тузмасдан, келишув тўғрисидаги оммавий таклифни (оферта) қабул қилиш ёки электрон ёзишмалар алмашиш ёхуд ҳисоб-китоб фактураларни электрон шаклда тақдим қилиш йўли билан чет эллик жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар кўрсатиши мумкин.

Қарорга мувофиқ ўзини ўзи банд қилган шахсларни масофадан туриб рўйхатга олишни назарда тутувчи мобил илова  ишлаб чиқилади.

Унда қуйидаги имкониятлар бўлиши назарда тутилади:

*буюртмаларни қабул қилиш ва кўрсатилган хизматлар (товарлар) учун тўловларни амалга ошириш;

*юридик шахсларга хизматлар кўрсатишда (товарларни сотишда) электрон ҳисоб-китоб фактураларни тақдим қилиш;

*мобил илова ёрдамида ихтиёрий асосда даромадлар ва харажатлар ҳисобини юритиш ҳамда ушбу маълумотлардан кейинчалик, шу жумладан, кредит олиш ва солиқларни ҳисобдан чиқариш мақсадида фойдаланиш;

* ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг товарларини (хизматларини) реклама қилиш;

*кўрсатилаётган хизматлар (товарлар) сифатини баҳолаш ва истеъмолчилар томонидан фикр-мулоҳазалар қолдириш.

Фрилансерликни қонун ҳужжатларида алоҳида меҳнат фаолияти сифатида эътироф этилиши ҳамда уларга якка тартибдаги тадбиркор мақоми берилиши бу ўзига хос меҳнат муносабатларининг янада ривожланишига хизмат қилади. Иштирокчиларнинг ҳуқуқ ва манфатларини қонун йўли билан ҳимоялаш имкониятини яратади.

Анвар Эминов,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот
институти масъул ходими

Изоҳ қолдиринг:

Илтимос, изоҳингизни ёзинг
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг