Фуқароларга иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғда пенсия қандай тайинланади?

0
Пенсия тайинлаш учун етарлича иш стажига эга бўлмаган шахсларга ёшга доир пенсиялар “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунининг 37-моддасини «а», «б», «в» ва «г» бандларида назарда тутилган камида 7 йил иш стажи мавжуд бўлган тақдирда, бор стажига мутаносиб миқдорда тайинланади.
37-моддада назарда тутилган иш стажига қўшиб ҳисобланадиган меҳнат фаолияти турлари қуйидагилардир:
а) 2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун — фаолият тури, мулк ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, ходим давлат томонидан ижтимоий суғурталанган ҳолда бажарган ҳар қандай иш, агар у Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган бўлса, ҳамда 2019 йил 1 январдан кейинги давр учун — ходим томонидан бажарилган ҳар қандай иш, агар меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар ҳисобланган бўлса.
1965 йилдан кейинги давр учун жамоа хўжалигидаги иш стажини ҳисоблаб чиқаришда, агар жамоа хўжалиги аъзоси узрсиз сабабларга кўра жамоа хўжалигида белгиланган меҳнатда иштирок этиш минимумини бажармаган бўлса, ишланган вақтнинг амалда давом этган даври ҳисобга олинади.
Ижодий фаолият билан машғул ходимларнинг иш стажини, башарти улар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган бўлсалар, ижодий уюшмаларнинг бошқарувлари ана шу муаллифнинг асари эълон қилинган ёки биринчи марта жамоат олдида ижро ёки намойиш этилган кундан эътиборан белгилайдилар;
б) ҳарбий хизмат ва партизан отрядлари ҳамда қўшилмаларида бўлиш, давлат хавфсизлиги органларида ва ички ишлар органларида хизмат қилиш;
в) идоравий бўйсунувидан қатъи назар, ҳарбийлаштирилган соқчиликдаги, махсус алоқа органлари ва тоғ-кон-қутқарув қисмларидаги хизмат;
г) якка тартибдаги меҳнат ва оилавий тадбиркорлик фаолияти, шу жумладан шахсий ёрдамчи хўжаликдаги ва юридик шахс ташкил этилмаган ҳолдаги деҳқон хўжалигидаги фаолият:
2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун — Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланган тақдирда ҳамда, 2019 йил 1 январдан кейинги давр учун — ягона ижтимоий тўлов тўланган тақдирда.
Шунингдек, пенсия тайинлаш учун етарлича иш стажига эга бўлмаган умумий касаллик оқибатидаги I ва II гуруҳ ногиронларига ногиронлик пенсияси Қонуннинг 17-моддасига мувофиқ бор стажга мутаносиб миқдорда тайинланади.
Умумий касаллик оқибатида вафот этган ҳамда ногиронлик пенсиясини тайинлаш учун етарлича иш стажига эга бўлмаган боқувчисини йўқотган оила аъзоларига пенсия боқувчининг бор стажига мутаносиб равишдаги  (17-модда) миқдорда  тайинланади.
17-моддага асосан пенсия олиш ҳуқуқини берадиган иш стажи қуйидаги жадвалда кўрсатилган:

Ёш Иш стажи
1. 23 ёшга қадар 2
2. 23 ёшдан 26 ёшга қадар 3
3. 26 ёшдан 31 ёшга қадар 5
4. 31 ёшдан 36 ёшга қадар 7
5. 36 ёшдан 41 ёшга қадар 9
6. 41 ёшдан 46 ёшга қадар 11
7. 46 ёшдан 51 ёшга қадар 14
8. 51 ёшдан 56 ёшга қадар 17
9. 56 ёш ва ундан ошганда 20

Иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги пенсиялар бор стажга мутаносиб миқдорда қуйидагича тайинланади:
ёшга доир пенсиялар учун — ёшга доир энг кам пенсиянинг 50 фоизидан;
I гуруҳ ногиронларига ногиронлик пенсиялари учун — ёшга доир энг кам пенсиянинг 100 фоизидан;
II гуруҳ ногиронларига ногиронлик пенсиялари учун — ёшга доир энг кам пенсиянинг 75 фоизидан;
оиланинг меҳнатга лаёқатсиз ҳар бир аъзосига боқувчисини йўқотганлик пенсияси учун — ёшга доир энг кам пенсиянинг 50 фоизидан;
ҳам отаси, ҳам онасидан жудо бўлган (чин етим) ҳар бир болага боқувчисини йўқотганлик пенсияси учун — ёшга доир энг кам пенсиянинг 100 фоизидан кам бўлмаслиги лозим.

2020 йил 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида энг кам ёшга доир пенсия — ойига 513 350 сўмни ташкил қилади.

Манба: Пенсия жамғармаси

Аввалги мақолаНега Ўзбекистонда Хитойнинг Zhifei Longcom компанияси вакцинаси клиник тадқиқотларини ўтказиш учун танланди?
Кейинги мақолаҲужжат сохта эканлигини қандай исботлаш мумкин?