Президентимизнинг 2019 йил 5 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши билан фуқаролик қонунчилигини янада такомиллаштиришнинг асосий устувор йўналишлари, концепцияси ҳамда фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш бўйича идоралараро комиссия таркиби тасдиқланган бўлиб, комиссияга янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси ва фуқаролик қонунчилигини такомиллаштиришга қаратилган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган.

Мазкур фармойиш ижросини таъминлаш мақсадида Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти томонидан Франция, Польша, Германия, Россия мамлакатларидан экспертлар жалб қилиниб, хорижий мамлакатлар тажрибаси ўрганилиб, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси лойиҳаси  ишлаб чиқилмоқда.

Маълумки, аниқ қоидаларга асосланган, турғун, қонун нормалари билан кафолатланган ҳамда шаффоф ҳимоя механизмларига эга бўлган мулк ҳуқуқисиз бозор иқтисодиётини тасаввур қилиб бўлмайди. Амалдаги фуқаролик кодексида (бундан кейин матнда кодекс) мулк ҳуқуқи атрофлича ёритилган бўлишига қарамасдан, кодексдаги нормалар бугунги кун талабларига етарлича жавоб бермайди. Шунга кўра, авваламбор мавжуд нормаларни тизимлаштириш ва мулк ҳуқуқи кафолатларини янада кучайтириш, қолаверса, кодексни тўғридан-тўғри амал қилувчи нормага айлантириш мақсадида унга бир қатор қўшимча ва ўзгартишларни амалга ошириш таклиф этилмоқда.

Жумладан, амалдаги кодексда мулк ҳуқуқи ҳамда бошқа ашёвий ҳуқуқлар биргаликда акс эттирилган бўлса, эндиликда мулк ҳуқуқига оид моддалар бирлаштирилиб, алоҳида 11-бобда акс эттирилмоқда. Бунда кодекснинг 165 моддаси — мулкдор бўлмаган шахсларнинг ашёвий ҳуқуқларининг мазмуни ушбу бобдан чиқариб юборилади, чунки мазкур моддада ашёвий ҳуқуқларнинг тўлиқ рўйхати берилмаган. Бундан ташқари, ашёвий ҳуқуқларнинг ҳар бир турига лойиҳада алоҳида моддалар бағишланган бўлиб, уларда тегишли муносабатлар, хусусан ашёвий ҳуқуқларнинг тугатилиши, бошқага ўтиши ва ҳимояси тартибга солинган.

Мулк ҳуқуқи дахлсизлигини таъминлаш мақсадида, кодекснинг                        166-моддасини мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқи фақат мазкур Кодексда назарда тутилган асослар бўйича мажбуран тугатилиши мумкинлигига доир янги таҳрирдаги иккинчи банд билан тўлдириш таклиф этилмоқда, бунда мулк ҳуқуқи дахлсизлигига доир ҳар қандай асосларни фақат мазкур кодексда кўрсатиб ўтиш тадбиркорлик фаолиятининг ривожланишида ҳамда иқтисодиёт тараққиёти учун муҳим аҳамият касб этади.

Кодексдан, шунингдек, 167-моддани “Мулк шакллари” чиқариб ташлаш таклиф этилмоқда, чунки мулк тушунчаси ягона бўлиб, лойиҳанинг кейинги моддасида мулк ҳуқуқи субъектлари кўрсатилади. Бундай субъектлар қаторига жисмоний ва юридик шахслар, шу жумладан, давлат ҳам киради. Фуқаролик қонунчилигида мулк, унинг субъекти ким бўлишидан қатьи назар бир ҳил ҳуқуқий мақом ва ҳимоя механизмларига эга, шунга кўра амалий жиҳатдан мулкни шаклларга ажратиш ҳеч қандай фойда бермайди, аксинча, чет эл инвесторларида шубҳа туғдириши мумкин. Шу муносабат билан, ушбу моддани кодексдан чиқариб юбориш таклиф этилмоқда. Бундан ташқари, кодексдан 168-модданинг учинчи қисмини, яъни мол-мулк фуқаро, юридик шахс ёки давлатнинг мулки бўлишига қараб мулк ҳуқуқини, мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ҳамда уни тасарруф этиш ҳуқуқини вужудга келтириш ва бекор қилиш хусусиятлари қонун ҳужжатлари билан белгилаб қўйилиши ҳақидаги нормани чиқариб ташлаш назарда тутилган. Чунки фуқаролик ҳуқуқий муносабатларда давлат номидан унинг органлари юридик шахс сифатида иштирок этишини ва фуқаролик муносабатлари тарафлари тенг ҳуқуқлилигини инобатга олиб, тегишли аниқлаштириш киритилмоқда, яъни лойиҳада мулк ҳуқуқининг вужудга келиши ва бекор бўлишининг якуний асослари белгилаб берилмоқда. Бундай ҳолатларни тартибга солишни бошқа қонун ҳужжатларига ҳавола қилиш мулк ҳуқуқининг чекланишига, инвесторларда мол-мулкни ҳимоя қилиш ҳуқуқий тизимига ишончсизлик пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.

Қолаверса, мулк ҳуқуқининг объектлари мулк ва ашё тушунчасига оид моддаларида (лойиҳанинг 154-155-моддалар) қамраб олинганлиги сабабли ушбу нормаларни кодекснинг 169-моддасидан чиқариб ташлаш таклиф этилган.

Лойиҳада, ер (ер участкаси) мулк ҳуқуқи объекти сифатида акс эттирилган бўлиб, унинг мақоми ва бошқа битимлар объекти бўла олишлиги алоҳида кўрсатиб ўтилган. Жумладан, Лойиҳага кўра ер участкаси мулкдори, агар қонунда бошқа ҳол белгиланган бўлмаса ва бу бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини бузмаса, ушбу участка устида ва остида жойлашган ҳар қандай нарсани ўз ихтиёрига кўра ишлатиши мумкин. Ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқи уни мақсадли ишлатиш талаби, шунингдек экология ва табиий муҳитни ҳимоя қилиш қоидалари билан чекланиши мумкин. Ер участкасининг мулкдори ва унда жойлашган кўчмас мулкнинг мулкдори битта шахс бўлган тақдирда, ер участкасини ундаги кўчмас мулк объектисиз бегоналаштиришга йўл қўйилмайди. Давлатнинг мулкидаги ер участкасида жойлашган кўчмас мулкнинг эгаси ушбу ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқига эга сабаби “Қишлоқ хўжалигига мўлжалламаган ер участкаларини хусусийлаштири тўғрисида”ги қонундан келиб чиқиб, хусусий мулкдаги ер участкасининг ягона мулк моделини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Бундай қоида ерга хусусий ҳуқуқ мавжуд бир қатор МДҲ давлатлари ва ГФР, Франция, Бельгия каби давлатлар фуқаролик кодексларида мавжуд.

Президентимизнинг 2019 йил 5 апрелдаги фармойиши билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш концепциясининг I-бўлими 4-бандида Фуқаролик кодекси ва бошқа фуқаролик қонун ҳужжатларининг тўғридан-тўғри амал қилиши учун улардаги ҳаволаки нормаларни қисқартириш назарда тутилган, шунга кўра Кодекснинг 171-модда (уй-жойга бўлган мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқларни амалга ошириш хусусиятлари) чиқариб ташланмоқда, сабаби мулк ҳуқуқига оид мазкур бобда уй-жойга оид барча масалалар тўлиқ қамраб олинган.

Лойиҳада мулк ҳуқуқини амалга ошириш шартлари ҳамда мулкдан фойдаланиш ҳуқуқини суистеъмол қилиш, мулкдан (ашёдан) фойдаланмаслик ҳам мулкдорнинг ҳуқуқи эканлиги акс эттирилган. Жумладан, ашёни ишлатмаслик ёки уни лозим даражада сақламаслик учинчи шахсларнинг ёки жамоат манфаатларига зиён етказадиган бўлса, мулкдор зиммасига қонун билан бундай ашёдан фойдаланиш ёки тегишлича сақлаш мажбурияти юкланиши мумкин. Бундай ҳолатда манфаатдор шахснинг аризасига кўра мулкдорга суд томонидан ушбу мажбуриятларни бажариш юкланиши ёки мазкур ашё бошқа шахсларга тегишли ҳақ эвазига фойдаланишга берилиши мумкин.

Мазкур қўшимча ва ўзгартишларни киритишдан мақсад миллий қонунчилигимизни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, мулк ҳуқуқи ва уни ҳимоя қилиш билан боғлиқ муносабатларни янада батафсил тартибга солиш, шунингдек фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлари иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишдир.

Р.Қурбонов,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти
масъул ходими

 

Изоҳ қолдиринг:

Илтимос, изоҳингизни ёзинг
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг