ЯнгиликларМаҳаллийФуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланмоқда

Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланмоқда

Мамлакатимиз, халқимиз ҳаётида ҳар куни янгидан-янги ўзгаришлар, янгиланишлар рўй бермоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилган, юртимизни ҳар томонлама ривожлантириш, халқ билан очиқ-ошкора мулоқот қилишнинг янгича тизими – Халқ қабулхоналари институти ўтган вақт мобайнида бажарилган ишлардан кўра, ҳали этилиши лозим бўлган вазифалар янада кўпроқ эканлигини намоён этди. Зотан, ҳақиқат баҳсларда, ошкора мулоқотларда бўй кўрсатади. Президентнинг жойларда Халқ қабулхоналари, виртуал қабулхонаси ташкил этилганидан кейин халқнинг реал ҳаётидан хабардор бўлиш, одамларнинг кўп йиллик муаммоларини, талаб ва эҳтиёжларини яқиндан ўрганиш, уларни ҳатто жойида ҳал этиш, зарур чора-тадбирларни белгилаб, ижтимоий адолатни таъминлаш имконияти пайдо бўлди. Ўз-ўзидан келиб чиқадики, давлат хизматлари агентлигига бўлган эҳтиёж кучайиб борди. Давлат хизматлари кўрсатиш қамрови ва сифати аҳолининг ахборот технологияларидан фойдаланиш малакасига ҳам боғлиқ. Шу боис жисмоний ва юридик шахсларнинг бу борадаги билим ва кўникмаларини ошириш, ҳужжатларни электрон тарзда тақдим этиш ва олишга ўргатиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбиркорларга қулайликларни янада ошириш, лицензиялар ва рухсат бериш тартиб-қоидаларини кескин қисқартириш ва соддалаштириш бўйича кўрсатмалар берилди. Хусусан, барча рухсатнома ва лицензияларни электрон тизим орқали тақдим этиш имконини берадиган «Лицензия» ахборот комплексини тўлиқ ишга тушириш вазифаси қўйилди. Бугун одамларга яқин бўлиш, тез, қулай ва сифатли давлат хизматларини кўрсатиш Давлат хизматлари маркази ходимларининг кундалик иш услубига айланиб улгурди. Аҳолининг марказга келишини кутмай, чекка ва олис ҳудудларда сайёр давлат хизматлари кўрсатилмоқда. Албатта, одамларнинг мушкулини осон қиладиган, замонавий технологияларга асосланган бу тизим халқимизга катта қулайлик яратмоқда. Буларнинг бари аҳолимиз учун хизмат қилиш билан бирга, хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини янада оширади. Соҳада энг сўнгги ахборот-коммуникация технологияларининг жорий этилиши қоғоз ҳужжатлар айланмасининг камайишига,  фуқароларнинг ортиқча сарсон бўлмаслигига ва навбатларнинг кескин камайишига, энг муҳими эса, коррупция ва бюрократия ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилмоқда. Бир сўз билан айтганда, бундай идораларда энди фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланмоқда

Муродулла Эшназаров,
Давлат хизматлари агентлиги Қашқадарё вилоят бошқармаси бошлиғи 

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img