Гидрометеорология хизмати фаолиятини такомиллаштириш бўйича Президент қарори имзоланди

0

Қонунчиликдаги янгиликлар

“Ўзбекистон Республикаси гидрометеорология хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарори (ПҚ-4896-сон, 17.11.2020 й.) қабул қилинди.

Қарор билан 2020–2025 йилларда Ўзбекистон гидрометеорология хизматини ривожлантириш концепцияси ва уни 2020–2022 йилларда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди.

Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати маркази (Ўзгидромет) Ўзбекистонда гидрометеорология, иқлим ўзгариши ва атроф табиий муҳит ифлосланиши мониторинги соҳасида ваколатли давлат органи этиб белгиланди.

Ўзгидромет ҳузуридаги “Метеоинфосистем” ахборот-техник бошқармаси негизида “Гидрометеорологияда ахборот технологияларини ривожлантириш маркази” давлат муассасаси ташкил этилди.

Тошкент гидрометеорология коллежи негизида Тошкент гидрометеорология техникуми ташкил этилди ва у Ўзгидромет тизимига ўтказилди.

Техникум гидрометеорология соҳасида ўрта бўғин мутахассисларини тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича базавий ўқув муассасаси ҳисобланади.

Техникумда кадрлар тайёрлаш давлат буюртмаси ва тўлов-шартнома асосида амалга оширилади.

Техникум Жаҳон метеорология ташкилотининг Минтақавий ўқув маркази функцияларини бажаради.

Қарор билан “Гидрометприбор” илмий-ишлаб чиқариш корхонаси тугатилди.

Ўзгидромет тузилмасида Тошкент шаҳар гидрометеорология бошқармаси ташкил этилди.

Қарорга кўра, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Гидрометеорология факультети ташкил этилади.

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Россия давлат гидрометеорология университети ва бошқа хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари бўйича гидрометеорология йўналишида кадрлар тайёрлаш ташкил этилади.

“Гидрометеорология фаолияти тўғрисида”ги ва “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган гидрометеоролог” унвонини таъсис этиш тўғрисида”ги қонунлар лойиҳалари ишлаб чиқилади.

Ҳужжат ҳақидаги тўлиқ маълумот билан www.lex.uz сайти орқали танишиш мумкин.