“Ҳамдўстлик – 2020” ўзбек-тожик ўқув машғулоти юқори даражада ўтказилди

0

Ўзбекистон ва Тожикистон Республикаси Мудофаа вазирликлари ўртасида ўзбек-тожик ҳамкорлигидаги антитеррор махсус-тактик ўқув машғулоти юқори даражада ўтказилиб, ўз ниҳоясига етди.

Унда Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг махсус операция кучлари вакиллари ва Тожикистон Мудофаа вазирлигининг турли бўлинмаларидан иборат бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар иштирок этди.

Ўқув машғулотининг асосий кунига қадар ҳар икки давлат ҳарбийлари кунига икки мартадан тайёргарлик машқларини ўтказишди. Машқ мобайнида икки томон ҳарбий хизматчилари ўртасида малака алмашинуви йўлга қўйилиб, Тожикистон Республикаси ҳарбий хизматчилари томонидан бизнинг бўлинмалар ва ҳарбий техникаларнинг амалий ҳаракатлари юқори баҳоланди.

Ҳамкорликдаги ўқув жараёнини Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов ва Тожикистон Республикаси мудофаа вазири Шерали Мирзо ҳамда бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар кузатиб борди.

   Хатлон вилоятида жойлашган “Фахробод” дала ўқув майдонида бўлиб ўтган ҳамкорликдаги антитеррор ўқув машғулоти режасига кўра, чегарани бузиб ўтган ноқонуний қуролланган тузилмалар ҳужумини қайтариш мақсадида аввал вакилларимиз томонидан ҳаво разведкаси ўтказилди, шундан сўнг аниқланган шартли душманнинг ҳаракатланаётган нуқтасига қарата авиация зарбалари берилди. Чегарага уюштирилган мазкур ҳужумни қайтаришда Тожикистон Республикасининг Ҳаво хужумидан мудофаа ва Ҳарбий ҳаво кучлари ҳамда Давлат миллий хавфсизлик комитети Чегара қўшинлари иштирок этди.

Шартли душман томонидан эгаллаб олинган бинони қуршаб олиш, чегарани бузиб ўтган газандаларни яксон этиш ва асирларни қутқариш амалиёти кейинги эпизодларда кўриб чиқилди.

Ўқув машғулоти давомида шунингдек, шартли аэропортда ноқонуний қуролланган тузилмани қуршаб олиш ва йўқ қилиш, самолётдаги асирларни озод этиш вазифалари ҳам бажарилди.

Ўқув якуни муносабати билан саф тортган икки давлат ҳарбий хизматчилари Ўзбекистон ва Тожикистон Республикаси мудофаа вазирлари томонидан қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Ҳар икки давлат мудофаа вазирлари мазкур ўқув машғулотлари мамлакатларимиз армияларининг жанговар қудратини оширишини айтиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири ташриф давомида дала ўқув майдонида ҳарбий хизматчиларимиз учун яратилган шароитлар билан танишди. Тожикистон Мудофаа вазири Шерали Мирзо ҳамроҳлигида қадимий адрасларимиз ҳамда ҳунарманд ва кулоллар томонидан тайёрланган кўза ва лаганлар, қўл меҳнатида ишланган турли кўринишдаги сопол идишлар билан миллий урф-одатларимизга ҳамоҳанг тарзда яратилган “ўзбек миллий бурчаги”ни кўздан кечирди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти

Изоҳ қолдиринг:

Илтимос, изоҳингизни ёзинг
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг