МуҳимХХI аср боласи: Ота-оналар уларни назорат қила оладими?

ХХI аср боласи: Ота-оналар уларни назорат қила оладими?

Болалигимизда қачон кўчага чиқамизу, уйга қайтамиз, қачон телевизор кўриб, китоб ўқиймиз, телефонда ким билан гаплашамиз буларнинг барчаси ота-онамиз назоратида бўлар эди. Аммо кейинги пайтда ёшларни назорат қилиш анча мушкул бўлиб қолди. Чунки бугун дунё рақамли оламга айланяпти. Айниқса, ёшларнинг рақамли олам сир-асрорларига тез мослашаётганликлари ХХI аср болалари тўлақонли рақамли болаларга айланиб бораётганини кўрсатмоқда.

Қуйида ёшларни электрон қурилмаларга боғланиб қолишнинг олдини олиш, телефондан фойдаланиш ёши, умуман, ижтимоий тармоқларнинг ижобий ва салбий томонлари хусусида мутахассислар билан фикрлашдик.

Ёшлар телефондан фойдаланишни дўстидан эмас, ота-онасидан ўргансин

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда интернет фойдаланувчилари сони 27 миллиондан ошган, шундан 25 миллиондан кўпи мобил интернет фойдаланувчилари. Уларнинг аксариятини эса 45-50 ёшгача бўлганлар ташкил этади. Ундан юқори ёшдагилар эса интернетдан деярли фойдаланмайди ёки смартфон ишлатишни тушунмайди.

— Ҳозирги замон ёшларидан қизиқиши ва севимли машғулотлари ҳақида сўрасангиз, 70 фоизи компьютер технологиялари, интернетга бўлган қизиқиши ва дўстлар билан суҳбатлашишни биринчи ўринда тилга олади, – дейди Ўзбекистон-Финландия педагогика институти бошланғич таълим назарияси ва амалиёти кафедраси мудири, доцент Фахриддин Шодиев. – Бу эса уларнинг ижтимоий тармоққа боғланиб қолганини кўрсатмоқда.Ҳозир дунё бўйлаб боғча ва мактаб ёшидаги болаларга қўйилаётган невроз, нутқ муаммолари, ривожланишнинг сустлашиши каби ташхисларнинг негизида компьютер, планшет, телефон ва шунга ўхшаган электрон қурилмалар сабаб бўлмоқда. Болаларнинг мобил телефондан қайси ёшда фойдаланиши, уни ишлатишга рухсат берилган вақти ота-она назоратида бўлиши керак. Кўпчилик ота-оналар фарзандининг ёш бўлишига қарамай, уяли телефондан бемалол фойдалана олишини кўриб, хурсанд бўлишини айтади. Лекин уларнинг аксарияти болалари телефон орқали нималар билан машғуллигини билмайди, тўғрироғи, назорат қилмайди. Болакай эса қўлида телефон, истаган, қизиққан маълу¬мотларини ўртоқларидан кўчириб олиши ва ундан «завқ¬ланиши» мумкин. Шу тариқа, телефонга тушган ҳар хил бемаъни, ёшига мос бўлмаган маълумотлар ҳам боланинг онгини заҳарламоқда.

Мутахассисларнинг фикрича, мобил телефон функцияларини бошқариш бўйича бошланғич тушунчалар 11 ёшдан ўргатилиши керак. Ундан фойдаланиш учун мос ёш эса 16 ёшни ташкил этади. Бу ёшдаги болаларда ахборотни саралаш кўникмасига эга бўлади. Бироқ бугун 11 ёшли болаларнинг ярми аллақачон ўз телефонларига эга. Бу ўн икки ёшдагилар учун 75 фоизгача ўсади, 14 ёшдаги болаларда бу кўрсаткич 90 фоизни ташкил қилмоқда.

Ёшларнинг ижтимоий тармоқ ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлмай туриб, ундан фойдаланиши натижасида турли кўнгилсизликлар юзага келади. Шундай экан, болаларни ёшини ҳисобга олиб, мобил телефон нега кераклигини сўраш муҳим. Бола маълум ёшга етганда эса телефондан фойдаланишни дўсти ёки танишидан эмас, ота-онасидан ўрганиши керак. Зарурат туғилса, боғча ёки мактабда тарбиячи ва ўқитувчиларнинг телефонидан фойдаланиши тавсия этилади.

Фарзандингизга ўрнак бўлинг

Ситора Умматова, СамДУ психология ўқитувчиси:

– Кейинги пайтда интернет ёшлар учун бош тарбиячига айланиб бормоқда. Ҳозир тўрт-беш яшар бола ҳам телефондан, компьютердан бемалол фойдаланяпти, эртадан-кечгача турли ўйинлар ўйнаяпти ёки жангари фильмлар иштирокчисига айланяпти. Натижада ота-она ва фарзанд ўртасидаги оилавий муносабатлар бузилишига, болалар кўпроқ ота-онасига эмас, балки мобил қурилмаларга боғланиб, ёт ғояларга ва қимор ўйинлар таъсирига тушиб қолмоқда.

Агар фарзандингиз электрон қурилмаларга муккасидан кетса ёки унга ўрганиб қолса, у ҳолда болага нисбатан кескин чоралар кўрмасдан, болани чалғитиш йўлларини топиш тавсия этилади Бунда, ота-она ва катталар болага намуна бўлиши керак. Яъни, зарурат бўлмаса телефондан фойдаланмаслик, болани ёшига қараб ижодий ўйинлар – қўғирчоқ театри, шахмат-шашка, енгил спорт ўйинлари ташкиллаштириш керак.

Шунингдек, боладан уй юмушларини бажаришда ёрдам сўраш, бирга сайр ва суҳбат қилганда табиатдаги ўзгаришлар, атрофдаги воқеалар ҳақида суҳбатлашиш, саволларига жавоб қайтариш, эртак китоблар ўқиб бериш, қизиқарли мултфилмлар қўйиб бериш, уни қаҳрамонга айлантириш ва турли расмлар чизишга ўргатилса, болалар виртуал қурилмаларга эмас, балки ота-онасига суяниши мумкинлигини ҳис қилади.

Интернетнинг «оқ» ва «қора»сини биласизми?

— Кейинги пайтда «ўргимчак тўрига илинган» айрим ёшларнинг ўқиш ва ишга муносабати ўзгариб, ҳаётга бефарқлиги кучайиб бораётганлиги ҳақиқат, – дейди халқаро тоифадаги медиа эксперт – Беруний Алимов. – Интернетни бежизга ўргимчак тўрига ўхшатишмаган. Чунки тармоқ домига бир марта тушган одамни, агар у ақлини ишлатмаса, ўз гирдобига тортиб олиши турган гап. Муаммонинг ижтимоийлиги ҳам ана шунда.

Кейинги 10-15 йил давомида дунё матбуотида энг кўп муҳокама қилиниб келинаётган масалалардан бири – бу интернетнинг ёшлар аудиториясига қандай таъсир кўрсатаётганлиги билан боғлиқ. Тармоқни айрим хорижий экспертлар мажозий маънода ўткир болтага ўхшатишади. Чунки образли қилиб айтганда болта ёрдамида қуриган дарахтни чопиб, ундан ўтин тайёрлаш мумкин ёки айнан шу болта билан гуллаб-яшнаб турган, ям-яшил дарахтни яксон қилиш ҳам мумкин. Шу сабабдан жаҳон тармоғини фақат мақташ ёки аксинча уни қоралаш мантиқсиз ишга ўхшайди.

Ёшлар Интернетга ишониб жиддий китобларни ўқимай қўйишди, уларнинг билими саёзлашиб кетмоқда, деб жон куйдираётган педагогларни яхши тушунамиз, албатта. Ота-оналарнинг фарзандимнинг кўп вақтини интернет ўғирлаб қўймоқда қабилидаги хавотирлари ҳам асоссиз эмас.

Ушбу масалада ёшларнинг фикрларини бевосита ўрганишга ҳаракат қилдик.

Хўш, уларнинг ўзлари интернетни зарар деб билишадими ёки фойдали? Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультутетининг 2-босқич талабалари ўртасида ўтказилган кичик сўровнома натижасида турли хил жавобларни олдик.

Аҳамиятли томони шундаки, респондентлар интернетнинг бир пайтнинг ўзида ҳам ижобий, ҳам салбий томонлари борлигини қайд этишди.

Талабаларнинг фикрига кўра, Интернетнинг ижобий томонлари қуйидагилар: унинг ёрдамида тезкор хабарлардан баҳраманд бўлиш, дарслар ва семинарларга тайёргарлик кўриш, фанлар бўйича қизиқтирган барча саволларга жавоб топиш мумкинлиги, итерфаолликнинг мавжудлиги, турли соҳаларга оид фойдали маълумотлар, дарсликлар, адабиётлар, электрон китоблар борлиги, дўстлар билан қулай ва арзон коммуникация воситаси эканлиги, унинг ёрдамида кундалик ишларга кетадиган ортиқча вақтни тежаш мумкинлиги, яхши кўрган теледастур, кинофильм ва концертларни маъқул пайтда томоша қилиш мумкинлиги ва ҳоказо.

Интернетнинг салбий жиҳатлари ҳақида эса қуйидаги фикрлар билдирилди: ёлғон хабарларнинг кўплиги, маълумотларнинг тўғрилиги ёки ҳаққонийлигини аниқлашнинг қийинлиги, ахборот спекулясияси мавжудлиги, одамларнинг ўзаро мулоқоти давомида баъзан этика нормаларининг қўпол равишда бузилиши, ўйламасдан қилинган айрим ҳаракатларнинг орқага қайтариб бўлмаслиги, қолдирилган баъзи ноўрин постларни ўчириб бўлмаслиги, ёмон кучларнинг интернетдан тарғибот майдони сифатида фойдаланишлари, мисол учун ақидапарастлик ғояларининг ёшларни тўғри йўлдан чалғитиши, «кўк кит» каби ўйинларнинг фожеали оқибатлари, шунингдек, хакерлик хуружлари, шахсий маълумотларнинг ўғирланиши, вирус ва бошқа техник таҳдидларнинг мавжудлиги.

Демак, бугунги ёшларимиз интернетнинг бир-бирига қарама-қарши бўлган икки жиҳатини, яъни унинг «оқи ва қораси»ни яхши идрок этмоқдалар.

Бундан кўринадики, жаҳон тармоғидан самарали фойдаланиш, унда ёшлар аудиториясига фойдали бўлган миллий сегментни янада чуқурлаштириш, улар учун билим ва профессионал кўникмаларни бойитиш юзасидан янги имкониятларни яратиш тўғрисида кўпроқ бош қотириш даври келди.

                                                                    Фазлиддин РЎЗИБОЕВ

 

 

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img