ЯнгиликларМаҳаллийХивада "Марказий Осиё дунё цивилизациялари чорраҳасида" халқаро маданият форуми бўлиб ўтмоқда

Хивада «Марказий Осиё дунё цивилизациялари чорраҳасида» халқаро маданият форуми бўлиб ўтмоқда

Жорий йилнинг 13–21 сентябрь кунлари Тошкент, Хива ва Нукус шаҳарларида анъанавий Маданий мерос ҳафталиги доирасида бир қатор тадбирлар ўтказилади.

Жумладан, Хива шаҳрида “Марказий Осиё дунё цивилизациялари чорраҳасида” номли халқаро маданий форум, ТУРКСОЙ давлатлари маданият вазирлари доимий кенгашининг йиғилиши ҳамда маданий мерос масалалари бўйича ЮНЕСКО билан ҳамкорликда Халқаро маслаҳат қўмитасининг I йиғилиши бўлиб ўтади.

Мазкур нуфузли анжуман ЮНEСКО шафелигида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТнинг 75-сессиясидаги таклифига биноан ташкил этилмоқда.

Бундай тарихий аҳамиятга эга бўлган форумнинг ЮНЕСКО шафелигида ўтказилиши бой маданий тарихимизни очиб беришга қаратилган. Шунингдек, мазкур маданият форуми иқлим ўзгариши, Covid-19 Пандемияси туфайли минтақанинг барқарор ривожланишига олиб келадиган таҳдидлар ва қийинчиликларни ўрганишга ҳамда бой маданий мероснинг ушбу муаммоларга ечим излашга қўшган ҳиссасини ўрганишга ва бир қатор масалалар муҳокамасига бағишланади.

Маданият форумида ЮНEСКО, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, ИСEСКО, ИККРОМ, ЮНВТО, Европа Иттифоқи, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши, ТУРКСОЙ каби халқаро ташкилот раҳбарлари ва вакиллари, Қирғизистон, Озарбайжон маданият вазирлари, Тожикистон маданият вазири ўринбосари ҳамда қатор олимлар иштирок этмоқда.

Форумнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг форум иштирокчиларига табрик мактуби ўқиб эшиттирилади.

Форум қуйидаги 4 та секциядан иборат:
1. «Марказий Осиё меросининг ривожланишида савдо, илмий ва амалий алмашинувлар ҳиссаси»;
2. «Марказий Осиё маданий ва илмий меросининг замонавий ижтимоий ва гуманитар фанлар ривожига қўшган ҳиссаси»;
3. «Марказий Осиё Маданий мероси – минтақада мулоқот ва ҳамкорлик учун мустаҳкам асос»;
4. COVID-19 пандемиясининг Марказий Осиё барқарор ривожланишига кўрсатувчи таъсирига қарши курашишда ижтимоий ва гуманитар фанлар орқали ҳамкорлик қилиш ва тажриба алмашиш.

Кеча форум доирасида бир қатор тадбирлар ташкил этилди. Фотокўргазма, галаконцерт шулар жумласидандир.

Маълумки, халқаро туркий маданий ташкилоти ТУРКСОЙ томонидан ҳар йили аъзо давлатларнинг машҳур ва тарихий шаҳарларини «Туркий дунё маданияти пойтахти» деб эълон қилиш лойиҳаси мавжуд бўлиб, 2020-2021 йилларда Хива шаҳри мазкур мақомга лойиқ кўрилди.

Таъкидлаш лозимки, ТУРКСОЙ халқаро ташкилоти ҳар бир «Туркий дунё маданияти пойтахти» деб танланган шаҳарда ташкилотга аъзо давлатларнинг санъати ва маданиятини очиб берувчи фотокўргазма ташкил этиш анъанасини йўлга қўйган.

Ана шу муносабат билан бугун Хивада бўлиб ўтаётган «Марказий Осиё дунё цивилизациялари чорраҳасида» халқаро маданият форуми доирасида ТУРКСОЙ халқаро ташкилотининг фотокўргазмаси очилди.

— Халқаро доирадаги мазкур йиғилишда маданият соҳасига оид муҳим масалалар, халқаро ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган лойиҳалар ва соҳага оид мавжуд муаммолар муҳокама этилиши кўзда тутилган, — дейди Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков форумнинг тарихий аҳамияти ҳақида.

Бугун форумнинг асосий тадбирлари, хусусан, секция йиғилишлари, «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» туристик форумининг ялпи мажлиси ва анжуман якунлари бўйича матбуот анжумани бўлиб ўтади.

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img