Ходим ишга тикланди, аммо раҳбар ишдан кетди

0

Аёллар учун меҳнат муносабатлари ҳеч қачон оилавий муносабатлардан устун бўлмаган. Нуроталик Гулшод Қодирова ҳам ана шундай оилавий вазият сабаб бир кун ишга келолмай қолди. У уч фарзанднинг онаси. Улардан бири ўзгалар ёрдамига, алоҳида парваришга муҳтож. Шу боис, боласининг аҳволи ёмонлашганда онанинг кўзига ҳеч нима кўринмаслиги аниқ.

— Мен ишга боролмаслигим ҳақида ишхонамдагиларга хабар бергандим. Аммо раҳбаримдан рухсат сўрай олмадим. Кейинчалик шуни рўкач қилиб мени ишдан бўшатишди. Моддий таъминотимиз яхши эмас, болаларим уйга киришим билан қўлимга қараб туради — дейди Г.Қодирова.

Аниқланишича, фуқаро Нурота туман ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат марказида қоровул лавозимида ишлаган. Ходим Меҳнат кодексининг 100-моддаси яъни меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузганлиги тартиби бўйича, иш берувчи ташаббуси билан ишдан бўшатилган.

Мазкур мурожаатга кўра ҳолат Нурота туман адлия бўлими томонидан ўрганилганда, ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқ ноқонуний тарзда чиқарилганлиги маълум бўлди.

— Амалдаги Меҳнат кодексининг 101-моддасига кўра, меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинишидан аввал, касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб олиниши ва уларнинг розилиги керак.

Нурота туман ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат маркази Жамоа шартномасининг 7.5-бандида мазкур тартиб кўрсатилган бўлса-да, амалда касаба уюшмаси билан ҳеч қандай келишув амалга оширилмаган ва шу тариқа ҳужжат қонунийлаштирилмаган — дейди туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси Шуҳрат Жўрабеков.

Судга фуқаро манфаатида даъво аризаси киритилиб, ходим ўз ишига қайта тикланди. Унга моддий ва маънавий зарар ундириб берилди. Аммо ташкилот раҳбари ўз аризасига кўра ишдан кетди.

Дилдора КАТТАЕВА,
Навоий вилоят адлия бошқармаси масъул ходими