ЯнгиликларАдлия бўлимлариХодимга ишдан бўшаш учун мажбурий ариза ёздирилган

Ходимга ишдан бўшаш учун мажбурий ариза ёздирилган

БАҒДОД туманининг “Чек-сарой” қишлоғида яшовчи фуқаро Абдураҳмон Рожиев тумандаги 39-умумий ўрта таълим мактабида техник ходим вазифасида ишлаб келаётганди. Нимадир бўлди-ю, 2020/2021-ўқув йили якунида — 2021 йил 25 май куни у ишдан бўшатилди. Абдураҳмон ака бундан норози бўлиб, туман адлия бўлимига мурожаат қилди.

Мазкур мурожаат ўрганилганда, А.Рожиев­нинг ишдан ноқонуний бўшатилгани аён бўлди. Яъни, мактаб директори ва ўринбосари уни мажбурлаб, ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёздириб олган. Ваҳоланки, ходим меҳнат муносабатларини тугатишни истамаган.

Меҳнат кодексининг 99-моддасига мувофиқ, ходим номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини ҳам, муддати тугагунга қадар муддатли меҳнат шартномасини ҳам, икки ҳафта олдин иш берувчини ёзма равишда огоҳлантириб, бекор қилишга ҳақлидир. Огоҳлантириш муддати тугагандан сўнг ходим ишни тўхтатишга ҳақли, иш берувчи эса, ходимга меҳнат дафтарчасини бериши ва у билан ҳисоб-китоб қилиши шарт. Аммо юқоридаги ҳолатда ёзма огоҳлантириш хатининг мавжуд эмаслиги ҳам А.Рожиевга мажбуран ариза ёздирилганини англатади.

Шу боис, туман адлия бўлими томонидан 39-умумий ўрта таълим мактаби директори номига қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш тўғрисида тақдимнома киритилди. Натижада А.Рожиев мактаб директорининг 2021 йил 19 июлдаги буйруғига асосан аввалги ишига тикланди.

Икромжон ИСАҚОВ,
Бағдод туман адлия бўлими бошлиғи

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img