Ҳоким: “Менга қара, бу сенга кино эмас. Сен эса кинода роль ўйнаётган актёр эмассан. Бор уйинга”

1582

Коронавирус пандемияси шароитида карантин қоидаларига енгил қарашнинг қандай оғир оқибатларга олиб келишини Италия мисолида кўриб турибмиз. Мутахассислар бу ерда вируснинг кенг тарқалиб кетиш сабабини 2020 йил 19 февраль куни Миланда ўтказилган футбол ўйини билан боғлашмоқда. Бу ўйинга Бергамодан 50 минг мухлис ташриф буюрган. Уларнинг кўпчилиги жамоат транспортидан фойдаланган. Эртаси куни эса Италияда коронавирусга чалинган биринчи одам қайд этилган. Бугунга келиб ушбу мамлакатда 86 498 кишида инфекция аниқланган, ўлим ҳолати – 9 134 та.

Шунга қарамасдан, Италияда ҳали-ҳанузгача аҳоли орасида карантин қоидаларига юзаки қараётган, тинчлик замонидаги одатларидан воз кеча олмаётганлар бор. Италия шаҳар ва туманлари ҳокимлари (мэр, мaйор) бу тоифа одамларга карантин қоидаларини бузмаслик юзасидан доимий равишда, ҳатто ҳиссиётларга берилиб, ғазабини яшириб ўтирмасдан видеомурожаатлар йўлламоқда.

Дунёда вазиятнинг кескин тус олаётганини ва карантин қоидаларига амал қилишнинг қай даражада муҳим эканини яна бир бор эслатиб қўйиш учун ҳам мазкур мурожаатлардан айримларини келтириб ўтамиз. Уларда азбаройи аҳоли хавфсизлигидан қайғураётган ИНСОНлар қиёфаси акс этган.

Массимилиано Прешутти,
Гуальдо Тадино ҳокими:

— “Кўчада сизларга пишириб қўйибдими? Уйда ўтиришингиз керак. Одамлар ўлаётганини наҳотки тушунмаяпсизлар? Ҳар куни 400 атрофида одам ўляпти!”.

Катено Де Лука,
Мессина шаҳар ҳокими:

— “Мен сизни ушлайман! Бир йилдан сўнг эмас, эртагаёқ ушлайман! Сиз менинг шаҳримда сайр қилиб юрмайсиз. Расмий равишда уйингиздан чиқишингизни тақиқлай олмасам, шаҳар ерларига, жамоат жойларига қадам босишингизни тақиқлайман!”.

Жузеппе Фалькомата,
Реджо-ди-Калабрия ҳокими

— “Мен  ити билан югураётган одамни кўрдим, ўзи мамнун, лекин ити чарчаган кўринарди. Мен уни тўхтатиб айтдим: “Менга қара, бу сенга кино эмас. Сен эса кинода роль ўйнаётган актёр эмассан. Бор уйинга”.

Антонио Тутоло,
Люцер ҳокими:

— “Айрим сартарошлар уйма-уй юриб, аёлларнинг сочини турмаклаяпти. Бу турмаклар нега керак? Нимаси бу? Тобутлар ёпиқ бўлишини ва соч турмаклари кўринмаслигини билмайсизларми? Қабрда соч турмакларингни ким кўради?”.

Винченцо Лука,
Камапанья ҳокими:

— “Бир гуруҳ аҳоли зиёфат ўтказмоқчи эканини билиб қолдим. Эшитиб олинглар, биз у ерга полицияни юборамиз, ўқотар қуроллар билан юборамиз!”.

Кўриб турганингиздек, Италияда аҳвол оғирлигича қолмоқда. Ҳукумат карантин қоидаларини бузганлик учун жазо чораларини оғирлаштиряпти. Қоидабузарларга 1 йилдан 5 йилгача қамоқ ва 400 евродан 3 000 еврогача жарима белгиланди.

Зарурат туғилмаса уйдан чиқмаслик қайта ва қайта таъкидланаётганига қарамасдан, бизнинг аҳоли орасида ҳам карантин қоидаларига юзаки муносабатда бўлаётганлар учраб турибди. Масалан, Тошкент шаҳри ва атроф туман кўчаларда ит етаклаб юрган, оилавий сайрга чиққан, спорт кийимида югураётган… фуқароларни кўриш мумкин.

Тўғри, кўчаларда қатнов олдингидан кам, аммо бу “камлик” етарли эмас. Токи вазият жиддий эканини ўз ақлига англаб етмаётганлар топилар экан, чора-тадбирларни ва назоратни янада кучайтиришга эҳтиёж туғилади. Бот-бот уқтирилаётганидек, чеклов тадбирларига, карантин қоидаларига, шифокорлар тавсияларига тўла-тўкис амал қилсаккина, бу касаллик тарқаб кетишининг олдини олиш қийин кечмайди.

Ўзимизни ва яқинларимизни асрайлик. Жиддий зарурат бўлмаса, уйдан чиқмайлик! Ҳозирги шароитда фақат уйимиздагина хавфсиз шароит яратиш мумкинлигини унутмайлик. Ўзингиз ва яқинларингизни хавфга қўйманг. Уйда қолинг!

Ҳулкар Сафарова,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти масъул ходими

Изоҳ қолдиринг:

Илтимос, изоҳингизни ёзинг
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг