ЯнгиликларМаҳаллийҲоким ўринбосари томонидан ишдан бўшатилган эҳтиёжманд аёл ишга тикланди

Ҳоким ўринбосари томонидан ишдан бўшатилган эҳтиёжманд аёл ишга тикланди

Асака туман адлия бўлими томонидан “Барака” маҳалла фуқаролар йиғини ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича раис ўринбосари лавозимида ишлаб келган фуқаро Ш.А.нинг мурожаати ўрганилди. У ўз мурожаатида туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими мансабдор шахслари хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб, меҳнат шартномаси ноқонуний равишда бекор қилинганлиги сабабли ишга тикланишда амалий ёрдам сўраган.

Мазкур, мурожаатни ўрганиш давомида Ш.А. 2020 йил май ойидан ушбу маҳалла фуқаролар йиғинининг ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича раис ўринбосари лавозимида ишлаб келганлиги, Асака туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимининг 2021 йил 25 июндаги 137-сонли буйруғига асосан Ш.А.нинг меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 97-моддаси, 2-бандига асосан бекор қилинганлиги маълум бўлди.

Бироқ туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан ушбу меҳнат шартномасини бекор қилишда бир қатор қонунбузилишларга йўл қўйилганлиги аниқланди.

Хусусан, фуқаро Ш.А. меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида иш берувчига ариза билан мурожаат қилмаганлиги, 2021 йил 24 июндан 8 июлга қадар соғлиги ёмонлашганлиги сабабли туман тиббиёт бирлашмасида даволанган бўлса-да, иш берувчи томонидан унинг мехнат шартномаси бекор қилинганлиги аниқланди.

Ваҳоланки, Меҳнат кодексининг 100-моддаси, бешинчи қисмида “Ходим вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида ва меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилган таътилларда бўлган даврида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди” — деб белгиланган.

Шунингдек, мазкур мурожатни ўрганиш давомида Ш.А. хозирда оилавий шароити оғирлиги, боқувчиси йўқлиги ҳамда қармоғида 2 нафар вояга етмаган фарзанди борлигини маълум қилган.

Юқоридагиларга асосан, туман адлия бўлими томонидан фуқаролик ишлари бўйича Асака туманлараро судига фуқаро Ш.Абдукаримова манфаатида Асака туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимининг 2021 йил 25 июндаги 137-сонли “Меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида”ги буйруғини ғайриқонуний деб топиш, ўз лавозимига ишга тиклаш, ишдан ғайриқонуний равишда бўшатилганлиги оқибатида келиб чиққан мажбурий прогул вақти учун 3.545.144 сўм миқдорида иш ҳақи ҳамда етказилган маънавий зарар учун 2.500.000 сўм ундириб бериш тўғрисидаги даъво ариза киритилган ва натижада ушбу даъво ариза суд томонидан каноатлантирилди.

Бундан ташқари, туман адлия бўлими томонидан юқоридаги қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимининг мансабдор шахсларига нисбатан  аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига таклиф киритилди ва натижада Асака туман ҳокими ўринбосари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи М.Қ.га нисбатан энг кам ойлик иш хақининг (базавий ҳисоблаш миқдорининг) 5 (беш) баравари 1.225.000 сўм миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Асака туман адлия бўлими

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img